Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЁНҒОҚЗОРЛАР КЎПАЯДИ

Маълумки, 2017 йил 1-июнда давлатимиз раҳбари томонидан “Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғриси”да ПҚ-3025 сонли қарор қабул қилинган эди. Лалми ерлардан фойдаланишни рағбатлантириш ва самарадорлигини янада ошириш, ички ва ташқи бозорларда рақобатдош бўлган ёнғоқ ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш ҳисобига замонавий ёнғоқ плантацияларини барпо қилиш ҳамда ёнғоқ етиштириш бўйича илмий асосланган усуллар ва интенсив технологияларни кенг жорий этиш мақсадида чиқарилган ушбу қарорга кўра 2022 йилгача мамлакатимизда 7 минг гектар ёнғоқзорлар барпо этиш кўзда тутилган. Қуйида ёнғоқ дарахти ҳақида маълумотни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ёнғоқ - ёнғоқдошлар оиласига мансуб дарахт тури ҳисобланиб, у мевали дарахтдир. Ёввойи ҳолда Кичик Осиё, Болқон ярим ороли, Кавказ, Эрон, Хитой, Корея ярим ороллари, Афғонистонда ўсади. Ўрта Осиё тоғларида табиий ёнғоқзорлар қўп. Жаҳондаги кўпгина мамлакатларда экма ёнғоқзорлар барпо қилинган. Ёнғоқ Ўзбекистоннинг тоғли зоналарида ва деярли барча суғориладиган минтақаларида ўстирилади. Бўйи 15-30 м, йўғонлиги 1,5-2м гача боради. Шох-шаббаси қалин, кенг шарсимон ёки қуббасимон, илдиз тармоғи бақувват, тўрт метр ва ундан ортиқ чуқурликка боради. Барги йирик 20-40 см, 5-11 баргчаларидан тузилган мураккаб барг, хушбўй (эфир мойли). Гули бир уйли, айрим жинсли, чангчиси (оталик гули)-кучаласи ўтган йилги навдадан тўда-тўда, уруғчиси (оналик гули) янги навда учида ва барг қўлтиғида битта икки-учтадан, айрим навларида 5-10 донадон шингил шаклида жойлашади.
Ёнғоқ меваси- думалоқ ёки чўзиқроқ, пўчоғи қаттиқ, юмшоқ, ғалвирак тузилишга эга. Бир дона ёнғоқ вазни 5-23 гр атрофида (мағзи 40-75%),150-200 йил ҳосил беради. 300-400 йил яшайди. Ёнғоқ уруғсевар ўсимлик. Ер ости сувлари юза бўлмаган, лекин нами етарли, карбонатли, қумоқ, шағалли тупроқларда яхши ўсади. Вегетация даври 165-210 кун, апрель-май ойлари гуллайди, меваси сентябрь-октябрь ойларда пишади. Ёнғоқзорлардан 30-50 ц/га ҳосил олиш мумкин. Ёнғоқ барги, пўсти, пўстлоғида катта миқдорда ошловчи моддалар, мағзи таркибида 45-72% ёғ, 8-21% оқсил, 20% углеводлар, витамин В,С, провитамин А ва бошқа моддалар бор. Ёнғоқ мағзи ейилади ва қандолатчиликда, барги ва мева қобиғи эса тиббиёт ва парфюмерияда ишлатилади; мағиз мойидан озиқ-овқат сифатида, лак тайёрлашда, юқори сифатли совун, босмахона сиёҳи ва тушь олишда, ёғочи ва ғуддасидан мебель, машинасозлик саноатида фойдаланилади. Барги, пўсти ва мевасининг яшил қобиғидан газмол, жун, гилам тайёрлатишда ишлатиладиган гиёҳлар, ошловчи моддалар тайёрланади. Иҳота ва агроўрмон мелиорация дарахтзорлари барпо этишда, манзарали боғдорчиликда аҳамияти катта. Ёнғоқ асосан, ёнғоғидан ва пайвандлаш йўли билан қўпайтирилади. Пайванд қилинган дарахти эртароқ (4-6 йилда), ёнғоғидан ўсган кўчатлар эса 6-10 йилда ҳосилга киради. Тўнкасидан чиққан янги навдалар ҳам яхши ўсиб, 3-4 йилда ҳосил беради. Кўчати 10х10 ёки 12х12 метр оралиқда ўтказилади. Ёнғоқзорлар ҳар йили гектарига 120 кг азот, 60-90 кг фосфор, ҳар 3 йилда бир марта гектарига 30-40 тонна ҳисобидан гўнг билан ўғитланади.Ўзбекистонда ёнғоқнинг Бўстонлиқ, Консой, Пионер, Ватан, Юбилей, Дўрмон-1, Дўрмон-2 ва бошқа навлари ўстирилади.

Т.ЮСУПОВ тайёрлади.


Дата добавления: 17/11/2017 11:21;   Просмотров: 1399
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку