ёки "қартабозлар"нинг миси чиқди
Чумчуқли маҳалласидаги Агросаноат касб-ҳунар коллежи биносида "қартабозлар"нинг суди бўлиши атрофга яшиндек тарқалди. Шунинг учун ҳам белгиланган вақтдан олдин коллеж зали маҳалла фаоллари, гувоҳлар, судланувчининг яқинлари ва айниқса ҳангоматалаблар билан тўлди. Тўпланганларнинг ўзаро суҳбат ва баҳс-мунозаралари авжига чиққанда, кимдир нидо берди:
– Суд келаяпти!
Ҳамма жойидан турди ва зал сув қуйгандек жим-жит бўлди. Жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси Ўткир Мамадалиев ва халқ маслаҳатчилари Қаҳрамон Ҳакимов, М.Фозилова, туман прокурорининг катта ёрдамчиси Шавкат Ачилов ва бошқа расмий кишилар ўз ўринларини эгаллаганларидан сўнг очиқ сайёр суд мажлиси бошланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 278 моддаси 1 қисми билан айбланган Қўштамғали маҳалласида яшовчи 1991 йилда туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта, бўйдоқ, ишсиз Ориф Дўстбобоевнинг жиноят иши кўриб чиқилди.
Суд мажлисида ҳайъат ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланиб, жиноят иши ҳужжатлари атрофлича таҳлил қилинди ва қуйидагилар аниқланди.
Ориф Дўстбобоев ўзининг яшаш уйида қонунга хилоф равишда қиморхона ташкил қилиб, бу жиноий фаолиятни мунтазам давом эттириб келган. "Кўза кунда эмас, кунида синади" деганларидек, туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан 2017 йил 19 март куни кеч соат 1.10 минутда ўтказилган тадбир давомида ушбу жиноят очилди.
Судланувчи Ориф Дўстбобоев фуқаролар Санъат Ҳамроев, Алишер Раҳматов, Раҳмат Жўрақулов, Жалол Насимов, Ғайрат Акобиров ва Ғиёс Раҳимовларни пул тикиб қарта ўйини ўтказишларига шароит яратиб бериб, бунинг эвазига 90.000 сўм пулни олганлиги аниқланди. Қиморбозлар томонидан қиморга тикилган 1.532.500 сўм пуллар ҳамда ижара маблағи ҳисобланган 90.000 сўмдан қолган 33.000 сўм пул холислар иштирокида ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.
Суд мажлисида сўроқ қилинган судланувчи Дўстбобоев Ориф Мансурович қўйилган айбловга тўлиқ иқрорлик билдириб, 2017 йил 18 март куни уйи яқинида маҳалласининг "Наврўз" байрами муносабати билан тадбир ўтказилганлигини, унда маҳалладоши Раҳматов Алишер, "Конигил" маҳалласида яшовчи Раҳимов Ғиёс, Акобиров Ғайрат, Ҳамраев Санъат, Насимов Жалол ва Жўрақулов Раҳматжон ҳам қатнашганликларини айтиб берди. Соат 18.00ларда байрам тугагач, улар билан келишиб, уйида қарта ўйини ташкил қилганлигини ўртага тушган пулдан шароит яратиб бергани учун дастлаб А.Раҳматов уй эгасига 50.000 сўм пул берган. Соат 21.00 да Ориф танишларига ўйинни тугатишларини билдирганида, улар унга яна 40.000 сўм пул беришади Соат 22.00.ларда танишлари 50.000 сўм шашлик учун берадилар. Ориф уларга шашлик ҳам олиб келиб беради. Соат 00.30лар атрофида кўчада сигарет чекиб турганида, 4 киши, шундан 3 таси ИИБ ходимлари уйи томон келишаётганини кўриб, қочиб кетади ва 90.000 сўм пулларни бир қисмини ишлатиб, соат 2.00ларда уйига қайтиб келиб ухлаганлигини, ИИБ ходимлари уни 2017 йил 20 март куни соат 8.00ларда уйидан олиб кетишади ва 90.000 сўмдан қолган 33.000 сўмни ИИБ ходимларига топширади. Бундан олдин ҳам бир неча бор ўз уйида шундай ўйинлар учун шароит яратиб берганлигини, қилган ишидан пушаймонлигини айтиб, унга нисбатан енгиллик берилишини сўрайди.
Судда гувоҳлар кўргазмалари, ашёвий далиллар билан судланувчининг айби тўлиқ ўз исботини топади.
Суд юқорида қайд этилган далилларга кўра Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 95-моддасига мувофиқ ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳо бериб, объектив далиллар, судланувчининг айбини исботловчи мақбул далиллар деб ҳисоблади. Дастлабки тергов органи томонидан судланувчи О.Дўстбобоевнинг қимор ўйинлар учун қиморхоналар ташкил этиш ва уларни сақлашда ифодаланган жиноий ҳаракатлари ЖУнинг 278-моддаси 1-қисми билан тўғри квалификация қилинганлиги эътироф этилди.
Суд ҳайъати иш бўйича олинган ашёвий далилларнинг тақдирини Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 211-моддасига асосан ҳал қилишни лозим топди ва шундай ҳукм қилди.
Судланувчи Дўстбобоев Ориф Мансурович Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 278-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганлиги учун айбли деб топилсин ва Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 278-моддаси 1-қисми билан, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлансин.
Жазо муддати 2017 йил 3 май кунидан бошлаб ҳисоблансин. Судланувчи Ориф Дўстбобоевга нисбатан қўлланилган "муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат" тарзидаги эҳтиёт чораси "қамоққа олиш" тарзидаги чорага ўзгартирилсин ва суд залидан қамоққа олинсин.
Ҳукмдан сўнг ички ишлар бўлими ходимлари маҳкум қўлига кишан уришди. Тўпланганлар бундай манзарадан афсусланиб, бир-бирларига маъноли қарашди ва жазога маҳкум бўлган маҳалладошларини ҳимоялаб, уни озодликдан маҳрум этмаслик, келгусида тарбияси билан машғул бўлишларини билдиришди.
– Ҳурматли мажлис қатнашчилари, сизлар тўғри тушунинглар, – деди суд ҳайъати раиси Ўткир Мамадалиев, – одил суд ва адолат барча ижтимоий эзгуликнинг пойдеворидир. Лекин унутмайлик, бегуноҳни жазолаш - қозининг ўзини жазолаш деган сўз. Биргина ноҳақ ҳукм айрим шахслар қилган кўпгина жиноятлардан кўра оғирроқ кулфат келтиради. Бизлар қонун асосида жазо берамиз. Ишонинг, мен жазо беришдан аввал ҳар доим айбланувчининг гуноҳидан ўтишнинг иложи йўқмикан, дея ўйлаб кўраман. Ахир мен ҳам инсон. Ва кечиримли бўлиш инсоний фазилат. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам ҳар бир чиқишларида айтганларидек, мамлакатда одил судловга кенг йўл очиляпти. Бугунги суд мажлисининг ҳам аҳамияти жуда катта. Чунки бировнинг мудҳиш хатоси бошқаларга сабоқ бўлсин. Ўзларинг гувоҳ. Тадбиркорликка, фойдали меҳнат билан банд бўлиб, ҳалол пул ишлашга катта имкониятлар яратилаётган бир пайтда, айрим шахслар ҳамон мўмай пул ишлаш илинжида ёмон йўлга кириб бормоқдалар. Унутмайлик, ёмонликнинг илдизи - бекорчиликда.
Зоҳир ҲАСАНЗОДА, журналист
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.