Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Ё, ҚУДРАТИНГДАН, КОРОНАВИРУС!

(Ҳажвия)

Чархи кажрафтор
Шу "коронавирус" дегани чиқдию, дунё бир зумда ўзгарди: эркин саёҳат энди йўқ, давлат чегаралари ёпилди, шаҳар ва кўчалар одамсиз ҳувиллаб қолди; катта ва кичик тадбирлар узлуксиз бекор қилиняпти, халқаро молия бозори жунбушга келиб, биржа индекслари ва нефт нархлари кескин тушиб кетди. Давлатлар ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий муносабатларда муайян таранглик вужудга келди. Наҳотким дейсан, ҳайратланиб, ўнлаб йиллар давомида шаклланган халқаро алоқалар, иқтисодий, сиёсий, маданий ва ҳоказо муносабатлар шунчалик ҳам нозикмидики, биргина кўзга кўринмас вируснинг ваҳимаси барини ларзага келтирди, бузди! Шоир айтганидай, том маънода "чарх кажрафтор" кетганга ўхшайди.
Майли, бу-ку глобал миқёсдаги воқеалар ривожи дейлик, ахир кундалик ҳаётга ҳам вирус бир талай "тузатишлар" киритишга улгуриб бўлди. Масалан, шу пайтгача жиддий эътибор берилмаган шахсий гигиена эҳтиёжи аввалга чиқди (яхши ҳолат), озиқ-овқат магазини пештахталари бўшаб қолди (ёмон ҳолат). Ҳимоя маскаларини, майли, тушунса бўлади, бироқ ҳожатхона қоғозлари борган сайин танқис молга айланаётганини қандай изоҳлаш мумкин?! Вирус инсонда бўлса, қоғозда не айб?! Керакми, керакмасми кўзига ҳожатхона қоғози тушдими, одамлар шунга ёпишяпти (қатор давлатларда ҳозир бу муаммо). Гўёки ҳожатхона қоғози дунёни вирусдан қутқариб қоладигандай. Ёки бошқа жойни қутқарадими? Билмадим, унисига ҳам шубҳам бор. Умуман, бўлаётган воқеаларни кузатиб шундай ҳиссиёт пайдо бўладики, гўё вирус инсон ўпкасига тушишидан олдин унинг миясини жароҳатлаб улгургандай.
Хуллас, вирус таъсир қилмаган соҳанинг ўзи қолмади. Одамларнинг ўзаро муносабатию, ҳатто, қадриятларни ҳам ўзгартириб юборди у, вақтинчалик бўлса-да. Бўлмаса, Европа мамлакатлари, хусусан, Италияда, маданиятнинг узвий қисми ҳисобланмиш қўлни қўлга бериб, қучоқлашиб, ўпишиб кўришиш каби одатлардан тийилармиди? Аксинча, шу пайтгача маска тақишдан "ор қилинган" Америкада маска олиш навбатларида жанжал бўлармиди?.. Э, майли, қўявер, дедим ўзимга ўзим, гапирса гап кўп. Яхшиси, муқаддимани шу жойда тўхтатайда, шахсан кузатганларим, вирус таъсирида рўй бераётган айрим антиқанамо ҳодисалар ҳақида гапирай.
"Бахти очилган" Қайнона
Максим исмли бир россиялик танишим бор, аниқроғи, эски мижозим, узоқ йиллардан буён ҳамкорлик қиламиз, унга мошина жўнатиб тураман. Шу эски мошиналар савдоси билан тирикчилиги ўтиб, оиласини тебратиб юрибди. Ишидан нолимайди, лекин "квартирасининг торлиги-ю, қайнонасининг "турқу туришлари"дан шикоят қилган жойлари бор. Уйланганига ўн икки йил бўпти, қайнонаси ҳамиша теграсида - куёвига "сунъий йўлдош", бирга яшашади. Бечарага осонмас - турса ҳам, юрса ҳам, бир иш қиламан деса ҳам қайнонасининг оғзи ё кайфиятига қараши керак. Овқат еса ёнида, чўзилса - тепасида қайнона. Ёзи хоҳлаган кўрсатув, айниқса, футбол кўраман деса уч кун олдин оилавий жадвалга ёздириб қўйиши керак. Акс ҳолда, жаҳон кубоги бўлмайдими, умидини узаверсин. Кечки овқат пайти - қайнона учун ажратилган "приоритет (устувор) вақт маҳали", қонун. Барча оила аъзолари онахоннинг "Қишлоқ қизи" севимли сериали ёки "Ҳайвонот дунёси"га ўхшаш бирон бир зерикарли кўрсатувни томоша қилишга мажбур. Хуллас, куёв-қайнона умргузаронлиги Максим ҳаётининг ажралмас бир қисмига айланган. Ёзи ҳам буни яхши билади, ҳатто "мен хотинга уйланиб сепига онасини олганман", деб ҳазиллашиб қўяди ҳар замонда.
Коронавируснинг гапи энди чиқиб, ҳали воҳимаси жалалаб улгурмаган бир пайтлар. Максим ўзида йўқ завқ билан менга телефон қип қолди: "ишонасанми, жўра, яхши ниятлар билан қайнонамни Хитойга, саёҳатга жўнатяпман" деб. Унинг қувончига шерик бўлдим, таҳсинга сазовор иш қилаётганига. "Қанийди, ҳар бир куёв сенга ўхшаб ғамхўр бўлсайди", деб мақтаб ҳам қўйдим.
- Э-э, жўра, соддасан-да, тушунмадинг, - деди Максим, хахолаб кулиб, - қайнонамни Уханьга жўнатяпман, коронавирус маконига (!). Путёвкалар нархи уч баравар тушиб кетган, битта бўшаган жойни брон қилдим. Ҳамма хурсанд: қайнонам сафарга кетаётганига, хотиним онасига "меҳр кўрсата бошлаганимга", ўзим эса балодан қутулаётганимга...
Бу гапларни у шундай пафосда гапирдики, кулиб юборганимдан телефон қўлимдан тушиб кетай деди. Оббо, Максим тушмагур-эй, уни мақтаб қўйганимга уялиб кетдим. Нима ҳам дердим, мижозим ахир, оқ йўл тилашдан бошқа илож қолмади. Сафар бир пасда ўтди-кетди, Максимнинг "яхши ниятига" ҳақиқатан ҳам фаришталар омин қилди: қайнонаси нафақат омон қайтди, балки... ёнига йўлдош қўшиб келди. Фақат биргина тўсиқ - сайёҳлар қайтгунича вазият мураккаблашиб, мамлакатга кирганларни икки ҳафта изолятор боксида сақлаш тадбирлари (карантин) жорий этилди. Қайнонанинг сюрпризидан бехабар Максим, карантинга қувонди. Устига, обдон текширишларини талаб қилиб изоляция муҳлатни яна бир ойга чўзиш учун ариза ҳам ёзди. Беумид қолдиришди - қайнона вақтида чиқди. Ноилож, оби дийда билан (албатта хурсандчиликдан эмас) Максим қайнонасини кутиб олишга борди, ва борган жойида ҳайратдан қотди... Не кўз билан кўрсинки, қайнонаси... ёлғизмасди - ёнида ёши бир жойга етиб қолган эркак кўзларини милтиллатиб турар эди. Маълум бўлишича, қайнона бу одам билан сафарда танишибди, карантинни ҳам бирга мардонавор ўтказишибди, ўзига ўхшаган бева экан. "Қачонгача ўлган эримга мотам тутаман, - дебди қайнона, - ёлғизлик жонимга тегди..."
Хуллас, қайнонанинг сафардан "бахти очилиб" қайтди, "яхши ниятда савоб иш" қилган Максимни эса ташвиши ортди. Янги "қайнота" Максимлар квартирасида бирга яшай бошлади. Унинг бахтига қайнота яхши инсон чиқди: ичмайди, чекмайди, сўкинмайди. Фақат бир муаммоси бор экан - ёши туфайлими бир ўзи чўмилишга қийналаркан. Унга қарашиш Максимни зиммасига тушди. Қайнонаси "илтимос" қилди. Бир оила бўлиб яшагандан кейин, Максимни иложи қолмади, тақдирига тан берди. У ўзи ажойиб йигит, ҳар қандай вазиятга ҳам юмор билан қарашга ҳаракат қилади. "Ношукур бандаман", деди у бир куни, ўзини кулгидан тўхтатолмай, "қайнонага қаноат қилмасанг қайнотани қўшиб бераркан!"
Хуллас, янги аъзо қўшилиб, оиласи кенгайган Максим ҳамон ўша уч хонали бағри кенг квартирада умргузаронлик гаштини суряпти. Эх, коронавирус, сен туфайли бахтиёр бўлган инсонлар ҳам бор экан!

Сангин ЖАББОР


Дата добавления: 13/05/2020 16:26;   Просмотров: 735
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку