ёхуд назоратдан четда қолган оила
Ўзбекистон диёрим,
Иқболи доим кулсин,
Халқимизнинг бахтига,
Оилалар тинч бўлсин.
Омон бўлсин, оталар,
Омон бўлсин оналар,
Бўлмасин тирик етим,
Ўйнаб-кулсин болалар. Ҳа, бола Аллоҳнинг ота-онага бахшида этган олий неъмати, қувонч ва шодлиги, меҳр-муҳаббатнинг меваси, авлоднинг давомчиси, ҳаётимизнинг бахту саодати, Ватанимизнинг истиқболи, шарафли ворислари. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов "Оила жамиятимизнинг асосий бўғинидир. Оилалар тинч бўлса, маҳалламиз тинч, маҳалламиз тинч бўлса, Ватанимиз тинч бўлади" - деб ҳамиша таъкидлардилар. Шунинг учун ҳам оилада болалар тарбиясига эътибор қаратишимиз лозим. Лекин, ҳамма оилалар болаларига нисбатан эътиборлими? Ота-оналик бурчларини адо этияптими? Йўқ. Агар шундай бўлганда оилаларнинг ажралиб кетиши, болалар тирик етим бўлиши, ёшларимиз беҳаё, бебош, чекувчи, ичувчи, наркаман бўлмас эди. Ёмон йўлларга ўтиб, Ватанига ва халқига қарши чиқмас эди. Демак таълим-тарбия масаласи мураккаб, кенг кўламли муаммолардан биридир. Бундай улкан, масъулиятли, шарафли ишни мактаб, оила, маҳалла аҳли ва жамоатчилик ҳамкорликда олиб бориши муҳим аҳамиятга эга. Таҳририят топшириғи билан Янгижой МФЙ га қарашли "Газчилар" масканига йўл олдик. Республикамизда донги чиққан СамРосХолод корхонасининг чап томонида янги каттежлар ва аҳоли истиқомат қиладиган уч қаватли бинонинг орқасида икки қатор ҳовли-жойларнинг бирига бордик. Кўчада уч нафар 8-10 ёшли болалар, бирининг қўлида камон ўқи билан, иккитаси чўп ўйнаётган экан. Шу болалар бўлса керак деб, уйида ким борлигини сўрадик. Бувиси борлигини айтди ва кириб хабар берди. Бувиси чиқиб бизни ичкарига таклиф қилди ва ўзини таништирди: Хуршида Раҳматова 1956 йилда Кўтарма маҳалласида туғилган. 1975 йили Рустамқишлоқ маҳалласига Аҳрор Қурбонов деган шахсга турмушга чиқиб, 4 нафар фарзандли бўлган. Эри 1992 йили оламдан ўтган. Катта қизи Гулчеҳра Қурбонова турмушга чиқиб кетган. Хуршеда Раҳматова ўғиллари Аброр Қурбонов (1980й), Асрор Қурбонов (1982й), қизи Моҳчеҳра Қурбонова (1988й туғилган) ҳовлисини қўшнисига сотиб Суғдиёна массивидан (секция) хона сотиб олиб, яшаган. Кенжа қизи Моҳчеҳра Қурбонова секциядаги қўшниси Маъруф (фамилиясини билмайди) билан 2007 йили никоҳсиз турмуш қурадилар. 2008 йилда Моҳчеҳра Қурбонованинг биринчи фарзанди Қурбонов Фаррух Самарқанд шаҳридаги 4-туғруқхонада туғилади. 2009 йили Маҳчеҳра Қурбонова турмуш ўртоғи Маъруф билан Ургут туманига деҳқончилик қилиш мақсади билан кўчиб кетади. У ерда иккинчи фарзанди Қурбонов Заррух Самарқанд тумани марказий шифохонасининг туғруқ бўлимида 2009 йилда дунёга келади. 2013 йилгача эр-хотин ўртасида жанжал, ғурбат бўлиб туради ва эри ичкиликга берил хотини ва икки нафар фарзандини ташлаб чиқиб кетади. Хуршида Раҳматова 2013 йили қизи ва икки набираси билан Газчилар маҳалласига келиб бир муддат уч қаватли уйнинг бирида ижарага туради. Газчилар маҳалласи фуқароси Гулнора исмли аёл янги қурилаётган иморатига 2014 йили Хуршида Раҳматова, қизи Маҳчеҳра Қурбонова ва набираларини ижарага жой беради ва ўзи ишлаш ва яшаш учун Россия давлатига кетади. Хуршида Раҳматованинг икки нафар ўғили ҳам Россияга ишлаш учун кетган. Буларнинг ҳолидан хабар оладиган одам йўқ. Маҳчеҳра Қурбонова 2 нафар фарзандини онасининг ихтиёрига ташлаб Россия давлатига ишлаш учун кетган. Ҳозирги пайтда операция бўлиб, одамга, ёрдамга зор ётипти. - Мўҳтарам газетхонлар, бу сатрларни ўқигандан кейин ўзингиз хулоса чиқаринг. Ота-онанинг шафқатсизлиги, никоҳсиз оила қурганлиги туфайли ҳамда икки норасида гўдакни ташлаб, нафақа ёшидаги онаизорнинг ихтиёрига қолдириб, пул ишлаш учун кетган ота-оналарнинг аҳволини кўринг. "Қилмиш-қидирмиш" деган ҳикмат беҳудага айтилмаган. Она мусофир жойда касал бўлиб кўзлари тўрт бўлиб ётса, ота эса сарсону саргардон, қаерда, қайси ҳолатда юргани ҳеч кимга маълум эмас. Бегуноҳ болалар 9-10 ёшга кириб ўқишдан меҳрдан, мактабдан маҳрум. Тенгдошларини кўриб ўксинмайдими? Катта она Хуршида Раҳматова эса ёши олтмишдан ошган бўлса ҳам, нафақа олмасдан икки набирага қарамоқда. Бу Парвардигорнинг уларга берган жазоси эмасми? Онасининг тўрт нафар фарзанди бўлсаю ўзи ва набираларига қарайдиган одам тополмаса? Нафақа ёшидан ўтган бўлсаю кўп қатори нафақа ололмаса? Набиралари 9-10 ёшга кирсада туғилганлик тўғрисидаги шаҳодатномаси бўлмаганлиги сабабли мактабдан билим ва тарбия олишдан маҳрум бўлса? XII чақириқ Республика Олий Кенгашининг навбатдан ташқари тўққизинчи сессиясида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ёшларга таълим-тарбия бериш масалаларига тўхталиб қуйидагиларни таъкидлаганди: "Келажак бугундан бошланади. Ҳозир тарбия масалаларига эътибор берилмаса келажак бой берилади. Тарбиядан ҳеч нарсани аямаймиз.Маънавий ва ахлоқий покланиш, иймон, инсоф, диёнат, ор-номус, меҳр-муҳаббат ва шу каби чинакам инсоний фазилатлар ўз ўзидан келмайди. Ҳаммасининг тагида тарбия ётади". Шундай экан боланинг тарбиясига биринчи навбатда ота-она, оила катталари, маҳалла, мактаб ва жамоатчилик вакиллари жавобгардир. Беҳудага айтилмаган: " Бир болага етти маҳалла ота-она" деб. Болани қандай инсон бўлиб етишиши ота-она тарбияси ва атроф-муҳит таъсиридан озиқ олади, уларга тақлид қилади, кўпгина одатлари, хулқи ва одобини ўзлаштиради. Лекин мактабда таълим олмайдиган, оила, маҳалла ва жамоатчилик назоратидан четга қолган болалар қандай тарбия олишлари мумкин? Янгижой маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшасаю маҳалла ҳисобига қайд қилинмаган бўлса, болалар мактабга ўқишмаса, қандай яшаётганидан ҳеч ким хабардор бўлмаса, қани меҳр-оқибат, ҳурмат-иззат, одамгарчилик? "2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилинган йил ҳам якунланиб бормоқда. Қани бу ерда мутасадди ташкилот ва идораларнинг ғамхўрлигию кўрсатилаётган ёрдамлари? Туманимиз ҳокими Ш.Жамолов Хуршида Раҳматованинг уйига бориб яшаш широитини кўриб чиқмаганда "ёпилган қозон ёпиғлигича қолар" эканда? 2013 йилдан буён ушбу маҳаллада ижарага турар одамни нахотки Янгижой маҳалла фуқароси этиб қайдга олиш шунча қийин бўлса? Бу ерда яшасаю маълумотнома ва шу каби ҳужжатларни Рустам маҳалласидан олса? Буни қандай тушуниш мумкин? Рустам қишлоқ маҳалласи раиси А.Маҳмудов Раҳматова Хуршидага пенсияга чиқиши учун маълумотнома, қизи Қурбонова Маҳчеҳрага болаларига туғилганлик гувоҳнома олишлари учун маълумотнома, ўғли Аброр Қурбоновга намунали уй-жой олиши учун 2017 йил 7 августда далолатнома ва тавсиянома берган. Тегишли ташкилот ва идоралар бу муаммоларни ҳал этишлари лозим эди. Лекин Маҳчеҳра Қурбонова ва Аброр Қурбонов ўз муаммоларини ҳал қилмасдан Россия давлатига ишлаш учун чиқиб кетган.Янгижой маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бахтиёр Юлдошев, прафилактика инспектори Азиз Маъдиев бир-икки марта Газчилар маҳалласига келиб Хуршида Раҳматова билан учрашган, лекин уларнинг айтишича оилавий муаммолари тўғрисида гапирмаган. Асосан кўчабоши Раҳматжон Зиёев Хуршида Раҳматова билан қўшни бўлиб яшайди ва уни яхши билар экан. Рустамқишлоқда ҳам қўшни бўлиб яшаган. Ижарага бўлганлиги учун маҳалла дафтарига қайд қилинмаган, ҳисобга олинмаган. Набираларига ҳам ғамхўрлик кўрсатилмаган. Эътибор берилганда болалар мактабдан қолмай, 2-3 синф бўлар эди. Бу ерда 52-мактаб жамоаси (директори Х.Ўринова) нинг ҳам айби бор. Чунки ҳар бир мактаб ўзининг микроучастакасига эга. Йилида камида икки марта уйма-уй юриб болаларни рўйхатга олишлари лозим. Бир йил олдин мактабга борадиган болаларни рўйхатини Халқ таълим бўлими ва молия бўлимига топширадилар. Лекин эътиборсизлик туфайли ижарашин, гувоҳномаси йўқ, деб рўйхатга олинмаган. Ҳозирги пайтда ҳоким аралашуви билан Фаррух ва Заррух Қурбоновлар мактабга жалб этилди. Болаларга туғилганлик тўғрисида шаҳодатнома бермагани сабабини билиш учун туман ФХДЁ бўлимининг мудири вазифасини бажарувчи Зарина Нуриддинова учрашиб фикрини олдик. - Болаларага туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш учун ота-онасининг аризаси ва имзолари ҳамда туғруқхонадан туғилгани тўғрисида маълумотнома керак. Улар бўлмаган тақдирда бувиси ёки маҳалла фуқаролар йиғини вакили халқ таълими бўлимидан васийлик кенгаши раиси орқали ҳал қилиш мумкин.Туман халқ таълими бўлими васийлик кенгаши мутахассиси Зариф Ҳамроқуловга учрашиб гаплашдик. - Тарбиячи ё маҳалла вакили 7 та ҳужжатларни бизга топширса, бошқа тегишли идоралардан ўзимиз керакли ҳужжатларни талаб қилиб, тайёрлаб судга мурожаат қиламиз. Суднинг қарори асосида туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани ФҲДЁ бўлими ёзиб беради. Самарқанд туман ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар билан ишлаш комиссиясининг масъул котиби, юрист Санжарбек Азамовга савол билан мурожаат қилдик. Унинг ҳали иш бошлаганига уч ой бўлган экан. Комиссия келган деб уч соат овора қилди. -Газчилар маҳалласида ижарага яшаётган Хуршида Раҳматованинг ва икки набирасида гувоҳнома йўқлиги сабабли улар мактабга жалб қилинмаганидан хабарингиз борми? Агар бўлса қандай чоралар қўрдингиз? - савол бердик унга. - Хабарим бор. Тез орада чорасини кўриб, мактабга жалб этиб, гувоҳномасини олишга ва ижтимоий ҳимоясини зиммамизга оламиз. Кўряпсизки аниқ бир жавоб йўқ. Ҳаммаси умумий гаплар. Хулоса қилиб айтганда, биринчи навбатда Хуршида Раҳматованинг ўзи айбдор. Ўн йил олдин 2007 йилда қизи Маҳчеҳра Қурбоновани турмушга бераётганда ФҲДЁ-дан ўтишларини талаб қилмаган. Иккинчидан қариндош-уруғ ва маҳалла фаъолларининг ҳам айби бор. Фарзанд туғилишидан олдин никоҳдан ўтишлари мумкин эдику? Туғруқхонада туғилган чақалоқларни гувоҳномасиз қандай жавоб берган? Бу оиланинг шундай аҳволга тушишига Рустам маҳалла ва Янгижой маҳалла раислари ва маслаҳатчилари, профилактика инспекторлари, туман ФҲДЁ бўлими ва ҳар иккала туғруқхонанинг мудиралари, 52-мактаб жамоаси, ота-оналар қўмитаси раиси, туман "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, "Нуроний" жамғармаси, вояга етмаганлар билан ишлаш комиссияси, туман ижтимоий-таъминот бўлимини ҳам айбсиз деб бўлмайди. Агар ишга масъулиятлироқ бўлганда бундай аҳвол рўй бермаган бўлар эди. Дўстлар, биз, серқуёш, жаннатмакон мустақил Ўзбекистоннинг азиз фуқароларимиз. Сайқали рўйи заминдек муқаддас юртда, буюк ва мутафаккир инсонлар вояга етиб яшаган заминда, бутун олам халқлари кўришни орзу қиладиган диёрда яшаяпмиз. Шундай экан, ёш авлод бўлган фарзандларимиз тарбиясига маҳалламиз, мактабларимиз гуллаб яшнашига ҳиссамизни қўшиб, бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлиб, Президентмиз Шавкат Мирзиёев чиқараётган қарор ва фармойишларга амал қилиб, мамлакатимиз келажаги порлоқ бўлиши учун бирга курашайлик. Танқид ўзи аччиқ бўлса ҳам, меваси ширин. Танқид туфайли камчиликлар бартараф этилади, ишларимиз олдинга қараб силжийди, ўз вақтида қилинган танқид ва унинг тўғри хулосаси мансабдор шахсларни жиноят содир этишидан сақлаб қолади, оилада маънавий инқирознинг олди олинади.
Раҳматилло ШАРИФЗОДА,
Фахрий педагог, журналист,
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.