Жиноят ишлари бўйича туман суди раиси Ўткир Мамадалиев билан сўҳбат
- Ўткир Абдуғаффорович, тинчлик ва тараққиётимиз, ижтимоий адолат ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш асоси бўлмиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг чорак асрлик байрами билан табриклашга изожат бергайсиз.
- Рахмат. Ҳақиқатан ҳам Конституция-биз учун ҳаётий муҳим қулланма, энг асосийси, муқаддас шу заминда истиқомат қилаётган барча инсонлар учун мустаҳкам қалқон, йўлимизни ёритувчи маёқдир. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов шундай деган эди: "Табийки, ҳар қандай давлатнинг юзи, обрў-эътибори унинг Конституцияси ҳисобланади. Зотан, Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Қомусномадир. Шу маънода асосий Қомусимиз халқимизнинг ифодасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиради. Чунки уни ишлаб чиқариш ва муҳокама этишда бутун халқ иштирок этади. Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз том маънода халқимиз тафаккури ва ижодининг маҳсулидир.
Истиқлол йилларида эришган барча ютуқларимизнинг бугунги тинч ва осуда ҳаётимизнинг негизида асосий қомусимиз белгилаб берган принцип ва мезонлар мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда. Конституциямиз ўзининг туб моҳияти ва мақсадлари, фалсафаси ва ғояларига кўра, биринчи моддасидан то охирги моддасигача мустақиллик ғояси билан суғорилган бўлиб, унда суверен давлат адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим асослари, инсон ҳуқуқларига, демократия ва ижтимоий адолатга садоқат, фуқаролар тинчлиги ҳамда миллатлараро тотувликни таъминлашга оид тамойиллар мустаҳкам ўрин олганлиги билан ажралиб туради. Ва ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосида мамлакатимизда давлат ва жамият қурилиши соҳасида изчил демократик ислоҳотлар амалга оширилади. Айниқса Бош Қомусимизда олий қадрият сифатида белгилаб қўйилган инсон ҳуқуқларини таъминлаш масалаларга эътибор қаратиш, бунинг учун суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигига эришиш долзарб аҳамият касб этади. Ана шу сабабдан судьяларнинг ваколат муддатини узайтириш, суд ишларида адолатли қарорлар қабул қилишга қодир бўлган, юксак малакали суд ходимлари корпусини шакллантириш, одил судловни амалга ошириш, фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш олдимизга қўйган мақсадларга эришишнинг муҳим кафолатидир. Шуниси диққатга сазоворки, Конституциямиз бутун дунёда амалдаги энг демократик аосий қонунлардан бири бўлиб, давлатимиз ва жамиятимизнинг ривожланиши, демократик ислоҳотлар жадаллиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида ўзаро ҳамкорлик қилиш учун барча шароитларни яратиб бермоқда.
Бир сўз билан айтганда, Бош Қомусимиз нафақат бугунги куннинг ҳаётий қўлланмаси, балки демократик жамиятимиз истиқболини аниқлаб берувчи ҳужжат, ҳаммамиз учун йўлчи-юлдуздир.
- Президентимиз томонидан тасдиқланган "Ҳаракатлар стратегияси"да ҳам қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилган.
- Жуда тўғри айтдингиз. "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўнилишлари бўйича "Ҳаракатлар стратегияси" Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган. Мазкур ҳужжатдан кўзланган мақсад-бизнинг мустақил Ўзбекистонда амалга жорий этилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтариш, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш бўйича энг муҳим устувор йўналишларни амалга татбиқ этишдан иборатдир.
Айниқса, "Ҳаракатлар стратегияси" суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш, такомиллаштириш ва бошқа муҳим йўналишларни қамраб олган.
- Хабарингиз бор, Юртбошимиз ўз маърўзаларида, суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан учрашувларда кейинги пайтда турли даражадаги раҳбарлар одамлар билан мулоқот қилишни унутиб қўйгани, уларнинг ичига кириб, очиқ ва самимий гаплашиш, дардини эшитиш кўпчилик мутасаддилар фаолиятида охирги ўринга тушиб қолганини қаттиқ танқид қилган эдилар.
- Ҳақ гап. "2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилиниши, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги "Жисмоний ва юридик шахсларни мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони бу борадаги ишлар сезиларли такомил топишидан дарак беради. Шунинг учун ҳам йилнинг ўзида суд, мажлисларимизнинг 64 фоизи сайёр тарзда ўтказилди. Бундан ташқари, туман ҳокими, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарлари билан биркаликда маҳаллаларда аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилди. Меҳнаткаш халқимиз билан доимий мулоқотда бўлиш, уларни уйналтираётган, ташвишга солаётган муаммоларини ҳал қилиш-инсон манфаатларини амалда таъминлашнинг муҳим омили бўлмоқда.
- Ўткир Абдуғаффорович жорий 2017 йил келгуси вазифалар ҳақида тўхталсангиз.
- Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг бевосита ташаббуслари билан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида қабул қилган қонун ҳужжатлари ва кўрилган амалий тадбирлар мазкур соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди, суд ҳокимиятининг фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги роли ва аҳамиятини тубдан оширди. Жорий йилнинг 13 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган тарихий учрашувда муҳтарам Юртбошимиз томонидан аниқ кўрсатиб ўтилган суд тизимидаги вазифаларни тўғри ҳал этиш учун биз, судьялар ишга бўлган муносабатимизни тубдан қайта кўриб чиқишимиз, шахсий масъулиятимизни кескин оширишимиз зарур. Айниқса, Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган барча ислоҳотларни амлга оширишга жиддий масъулият ва ташаббускорлик билан ёнлошиб, ҳар қандай ҳолатда одил судловни таъминлаш ва адолатни қарор топтириш биз учун қарз, ҳам фарздир. Чунки одил суд барча ижтимоий эзгуликнинг пойдевори. Судья-гапираётган Қонун, Қонун эса тилсиз қозидир.
Зоҳир ҲАСАНЗОДАсўҳбатлашди
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.