Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2017 йил 27-28 август ва 2-сентябрь кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлари ва кенгайтирилган таркибда ўтказилган мажлис баёнининг 11-бандига асосан туманнинг Хўжа Аҳрори Вали мажмуасидан Самарқанд шаҳридаги Гулобод кўчасининг Г-34 кесишмасигача бўлган қисмида 6 қаторли автомобиль йўли қурилишини ташкил этиш белгиланган эди.
Мазкур вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида бугунги кунда 2,4 километр масофада йўлни тубдан реконструкция қилиб, қайта қуриш ишлари амалга оширилмоқда.
Вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси томонидан тақдим қилинган маълумотга кўра, йўл ёқасида жойлашган бинолар бузилишининг олдини олиш мақсадида мавжуд 9-10 метр габаритдаги йўл тубдан реконструкция қилиниши ҳисобига 4 тасмали, габарити 15 метрли йўл қурилиши белгиланган.
Йўлнинг ҳар икки томонидан ирригация лотоклари, пиёдалар юриш йўлаги ва кўкаламзорлаштирилган майдонлар қурилади. 120 та устунлар ўрнатилиб, 120 та ёритиш лампалари билан жихозланади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу йўл қурилиши учун 18 миллиард сўм маблағ йўналтириш режалаштирилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 майдаги "Самарқанд шаҳрида 2019 - 2022 йилларда амалга ошириладиган улкан бунёдкорлик ишлари тўғрисида"ги қарорига асосан, Хўжа Аҳрори Вали мажмуасидан Самарқанд шаҳридаги Гулобод кўчаси орқали Термиз кўчасигача 3,2 километр масофада Д-500 миллиметрли оқова сув тармоғи ётқизилиши белгиланди. Шунингдек, 2,1 километр масофада Д-325 миллиметрли ичимлик сув тармоғини янгидан қуриш ишлари бошланди.
Бундан ташқари кўчадаги мавжуд шиша толали алоқа кабеллари ҳамда 375 метр ер ости электр кабеллари кўчирилмоқда. Қурилиш-таъмирлаш ишларига 10,7 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Б.ХОНКЕЛДИЕВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.