Асосий қатнов йўлларда тартиб ўрнатувчи, йўл кўрсатиб ҳайдовчи, йўловчи, пиёдаларнинг ҳаракатдаги йўналишларини назорат қилиш учун ўрнатилган “Светафор” ва йўл белгилари муҳим ўрин эгаллайди.
Бугунги кунда нафақат шаҳримизнинг марказий кўчалари, шу билан бир қаторда туманимиздаги энг чекка қишлоқларигача йўналишлар қатнови йўлга қўйилган. Бироқ мутасадди ташкилот раҳбарларининг лоқайдлиги сабаблими ёки маҳалла, қишлоқларимизнинг шаҳар, ҳатто туманимиз марказидан четда бўлганлиги туфайлими кўпгина йўллар таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Йўлларда ўрнатилган айрим белгилар ўчиб, жойидан қўпориб ташланган, баъзилари дарахт панасида қолиб кетганлиги бефарқликнинг ўзгинаси эмасми? Табиийки йўлларнинг ушбу ҳолати барча ҳайдовчиларга ноқулайлик келтириб чиқармоқда. Шу ўринда табиий бир савол пайдо бўлади. Хўш, нима учун шаҳар кўчалари туманимиз марказидаги асосий йўллар диққатимиз марказида бўлиб, ҳар бир муаммо ва камчиликлар ўз вақтида бартараф этилаяпти-ю кўздан панароқ бўлган кўчалардаги камчилик, нуқсонлар йиллар давомида эътибордан четда қолиб келмоқда?
Халқимизда йўлга эътибор, элга эътибор деган ибратли гап бор. Агар маҳалла, қишлоқларимизда истиқомат қилаётган фуқаролар ҳудудини ўз ҳисобидан таъмирлаб асфальт қилишлари керак, деган халқ оғзидаги миш-миш гап-сўзлар ҳақиқат бўлса, унда масъул шахслар нима қилаяпти? Ахир вилоятимизнинг ҳар бир тумани маҳалла, қишлоқлари ҳам дунё нигоҳида бўлган кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқандимизнинг бир бўлаги-ку.
Эҳтимол, йўл масаласи кимлар учун аллақачон эскириб қолган мавзудир, аммо танқиднинг мақсади кимнидир айблашдан иборат эмас, балки самарали натижадан умидвор бўлиш ва унга эришишдир.
Фотима МАҲМУДОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.