Узоқ манзилга отланган эдим, йўлда суҳбатдошимни куюниб гапиришлари диққатимни тортди.
Темирйўл поездининг тақар-туқур овози, ҳар замонда йўловчиларнинг бу вагондан у вагонга ўтиши оз бўлсада, эшитишга ҳалақит берарди. Аёл, "Орзу-умидларим бошқа эди,"-деб сўз бошлади. Эрим билан қўп мусофирчиликда ишладик. Йиққан пулларимизни ўзлари олиб келди. Уй қуриб, тўй қилмоқчи эдик. Сафардан қайтсалар акалари "пулингни бизга берасан, бўлмаса бу ерда иморат қилишингга йўл қўймаймиз, келаси сафар келганингда иморатни бошлайсан, янги қурилаётган коттежлар қиммат, қурбинг етмайди, янгангни биласан, қишлоқдан ташқарига чиқмаган, сизлар юрт кезиб, йўл-йўриқни биласанлар, ака-укачиликда куйиб кетмайди" деб, пулларни олиб қўймоқчи бўлишибди. Кутилмаган бу таклифдан сўнг, нима қилишларни билмай ўйланиб қолибди. Маҳалла аралашгач, масалага оз бўлсада ойдинлик киритилибди. Не азоб-уқубатлар билан ишни бошлаб, мени ҳам чақириб олдилар. Кунора мазалари бўлмай иш якунига етмасдан ўзлари ётиб қолди. Қўлимдан келганича қарадим. Юрак санчиғи, унинг устига қон босимининг кўтарилиши, бу азоблар у кишини яшашга қўймайди. Охири бандаликни бажо келтирди.
Болаларим ҳали ёш, мустақил ҳаётга қадам қўймаган, ўзим ҳам кўп вақт оғир меҳнат қилишга ярамай қолдим. Мажбурликдан марҳум турмуш ўртоғимнинг акаларидан ёрдам сўраган эдим, улар эшитишни ҳам истамади. "Энди қандай бўлмасин аравангни ўзинг тортасан" деб, жеркиб ташлашди. Иморат қурилиши ярмига етмасдан касалга қараш, марҳумни маъракаси хуллас, қилишинг шарт деган "маслаҳатчиларнинг" маслаҳатига қулоқ солиб, бор будумдан айрилдим. Энди эса фарзандларимни укамга топшириб, яна сафарга отландим. Бир томондан дадасини йўқлиги, мени ташлаб кетаётганим фарзандларим учун оғир. Бормасдан иложим йўқ. Удумларимиз жуда қийин экан. Маъракаларини бир амаллаб ўтказдим. Бошга тушганни кўз кўрар экан, орзуларим сароб бўлди. Ҳа, тириклигида бир парча ерни қизғонган акалари, ўлганидан сўнг харидор бўлишди. Майли ҳар ким ўз қилмиши олдида жавоб беради деб аёл бошидан ўтганларини ҳикоя қилди. Манзилга яқинлашгач, телефон рақамимни қолдирдим. Агар қийналсангиз мурожаат қилинг, ёрдам бераман деб айтдим. Хайрлашгандан сўнг, аёлнинг аччиқ қисмати, жигарларининг меҳрсизлиги, қўлимга қалам олишга ундади. Марҳум туғилиб ўсган ҳовлида барчанинг мероси баробар эди, ер ва мол-мулк бир хил тақсимланиши шарт эди. Мана бировни омонатига кўз олайтириш. Аёлни ишлаб пул топиш мақсадида бегона юртларга сарсон бўлиб келаётгани ҳеч кимни қизиқтирмади. Бировни хаққидан қўрқмаган киши эртага қандай жавоб беради, бу ёлғиз Оллоҳгагина аён. Бемеҳр жигардан етти ёт бегона афзал.
Ҳидоят УМУРҚУЛОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.