Ўзбекистон мустақиллигидан сўнг йўл қурилишига давлат сиёсати даражасида жиддий эътибор қаратилди. Мамлакатлараро транзит йўлларининг қайта-қайта таъмирланиши, Тошкент билан Фарғона водийсини боғлаб турадиган Қамчин девонида ўтиш йўлининг барпо этилиши бунга мисол бўла олади. Шунингдек, шаҳарлараро, қишлоқлараро йўлларни капитал ва жорий таъмирлаш борасида ҳам ибратли ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда. Хўш бу борада туманимизда аҳвол қандай? Ана шу саволга жавоб топиш мақсадида мухбиримиз туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси бошлиғи Санжар Алиев билан мулоқотда бўлди.
- Санжар ака, аввало давлат дастури, ёки "Йўл харитаси"га кўра бу йил туманда қанча километр масофадаги йўлни асфальт қилиш ва таъмирлаш кўзда тутилганлиги ҳақида гапирсангиз.
- Тасарруфимиздаги йўлларнинг равон ва текис бўлишини таъминлаш билан туман иқтисодиётини кўтаришга хизматимиз озгина бўлса-да қўшилаётганидан мамнунмиз. Ўз навбатида бу иш зиммамизга улкан масъулият юклайди. Негаки, туманимиз далаларида етиштирилаётган ғалла, мева, сабзавот, полиз ва бошқа маҳсулотлар айнан шу йўллардан керакли манзилларга етказилади. Норавон йўллар эса юк машиналарининг текис ҳаракатланишига халақит бериб, маҳсулотларнинг бузилишига сабаб бўлиши мумкин. Шундай экан фақат қишлоқлараро йўллар эмас, экинзор ва боғзорлардан то қайта ишлаш корхоналаригача бўлган ички йўллар ҳам (худди ривожланган мамлакатлардагидек) асфальтланган бўлиши керак. Насиб қилса ўша кунларга ҳам етиб борармиз.
Саволингизга келсак, 2018 йилда туман бўйича қарийб 12 километр ички йўллар капитал таъмирланиши режалаштирилган. Бундан ташқари 2017 йилда улгуролмай қолган 5.50 километрлик йўл таъмирини адоғига етказиш зиммамизда турибди. Буни пулга чақсак, жами 1 миллиард 443 миллион сўмлик иш бажарилиши кўзда тутилган.
- Фикрингизни аниқроқ ифода этсангиз, яъни қайси ҳудудлар ва маҳаллалардаги таъмирга муҳтож ички йўллар созланиши назарда тутиляпти?
- Шуни айтиш керакки, биз аввало қайсидир маҳалла фуқаролар йиғинининг расмий хати асосида туман "Йўл харитаси"га киритилиб, режалаштирилган йўлларни созлаймиз. Жумладан Шўрбойи ва Равонак маҳаллалари ҳудудидаги аянчли аҳволга келиб қолган йўллар қайта таъмирланиб, асфальт ётқизилди. Гулбоғ маҳалласига қарашли 1,66 киломметрлик, шунингдек Ўрта Туркман, Жўйи сой, Кўсаҳо маҳалласидаги тупроқ кўчаларга тош тўшалди.
Гулобод қўрғонидаги 700 метрлик, Қуйи Қайнама маҳалласидаги 1.715 километрлик, Бўзи ва Конигил маҳаллаларидаги 2 километрлик, Қумзор маҳалласидаги 1.78 километрлик, Ўзбеккент ва Чордара маҳаллаларининг ҳар биридаги бир километрдан кам бўлган ички йўллар йил адоғигача капитал таъмирланади.
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг "Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 мартдаги "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш Давлат инспекциясини ташкил қилиш тўғрисида"ги қарорига биноан Ўзбекистонда йўл қурилишини назорат қилувчи Давлат инспекцияси ташкил қилинди. Сизнинг раҳнамолигингиздаги йўлсозлар бу янгиликни қандай кутиб олишди?
- Аввало бу янги назорат ташкилотининг вазифаларига тўхталадиган бўлсак, мазкур Давлат инспекцияси йўл қурилиш ишларида, йўл-қурилиш материаллари, маҳсулотлар ва конструкцияларни ишлаб чиқаришда юридик ва жисмоний шахслар томонидан техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилади ва таклифлар киритади, қурилиши тугалланган йўл объектларини фойдаланишга қабул қилиш бўйича комиссиялар ишида қатнашади, йўл-қурилиш материаллари, маҳсулотлар ва конструкцияларни стандартлаштириш ва сертификатлаштириш ишларини олиб боради. Хуллас, йўл қурилиши ишларини мунтазам равишда назорат қилиб боришади. Иш бор жойда хато ҳам бўлиши мумкин, "Беайб парвардигор" дейишганку ахир. Башарти улар ишимизни назорат қилиб, текшириб хатоларимизни кўрсатиб турса, биз бундан хурсанд бўламиз, албатта.
- Туман ҳокими ва раҳбарларининг маҳаллаларда ўтказаётган "Сайёр қабул"ларида аҳоли томонидан ички йўлларнинг носозлиги ҳақида анча-мунча шикоятлар тушаётганлиги сир эмас. Хўш, уларнинг талабларига нима дея оласиз?
- Тўғри, ўн йиллар давомида таъмирланмай келаётган ички йўллар бўлиши мумкин. Юқорида айтганимдай, улар расмий равишда туман ҳокимлиги ёки туман Кенгашига мурожаат қилиб, шу йўлни туман "Йўл харитаси"га киритишса, албатта навбати билан таъмирлаб берамиз. Чунки, ўзингиз биласиз булар ҳаммаси маблағ билан боғлиқ.
- Йўлларни ўз вақтида ва сифатли таъмирлаш кўп жиҳатдан йўл созлайдиган техникаларга боғлиқ...
- Гапингизни тушундим. Техника воситаларимиз етарли ва соз ҳолатда. Аксарияти янгитдан келтирилган. Жумладан, асфальт ётқизиш машинаси, темирли, пневма ва кичик котоклар, автогрейдер, 2 та самосвал, юк ортиб-тушурадиган, сув ташийдиган ва техник ёрдам кўрсатадиган техникаларимиз доимо шай ҳолатда. Корхонамизда жами 76 киши меҳнат қилади. 301-йўл бўлимига Низом Ходжаев, 302-йўл бўлимига Бурхон Абдуллаевлар моҳирона раҳбарлик қилиб, режадаги ишларнинг ўз вақтида адо этилишига эришмоқдалар. Бу борада жонкуяр ишчиларимиздан Дўстбой Нўъмонов, Қобил Исрофилов, Иброҳим Пўлатов, Мамат Самиев, Рустам Маҳмудов ва Аҳдам Сафаровларнинг меҳнатларини қадрлаймиз.
- Ишнинг ўз вақтида ва сифатли адо этилиши кўп жиҳатдан ҳамкор ташкилотларга ҳам боғлиқ. Белгиланган жойга асфальт, тош ёки шағалнинг кечикиб келган ҳолатлари ҳам бўлганми?
- Биз асфальт етказиб бериш бўйича "NYU TECH Samarkand" ташкилоти билан, сув лотоги ва йўлни ажратиб турувчи бетон (бардёр) бўйича темир-бетон конструкциялари комбинати билан, майдаланган тош етьказиб берувчи "Идеал кристал" ташкилотлари, битум етказиб бериш борасида Жарқўрғон нефтни қайта ишлаш қўшма корхонаси билан йил бошиданоқ шартнома тузиб олганмиз. Тўғри, баъзан хомашёнинг 1-2 соатга кечикиш ҳолатлари бўлади. Бунинг учун шартномада белгиланган бандларга кўра, хатога йўл қўйган томон жавоб беради, албатта.
- Яна бир савол. Дастур ва туман "Йўл харитаси"га киритилмаган, таъмирталаб йўллар аҳоли ташаббуси ва ҳомийлиги асосида таъмирланиши мумкинми?
- Албатта. Биз бу ҳақда туман ҳокимлиги ва юқори ташкилотларимизни хабардор қилган ҳолда навбати билан таъмирлаб бера оламиз.
- Мазмунли суҳбат учун раҳмат!
Суҳбатдош Х.ҲАМРОЕВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.