Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИ ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАН ХОРИЖИЙ АВТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИ ЭГАЛАРИДАН ЖАРИМАЛАРНИ УЛАР РЕСПУБЛИКА ҲУДУДИДАН ЧИҚИБ КЕТАЁТГАНДА БОЖХОНА ОРГАНЛАРИ УНДИРАДИ

2020 йил 25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг "Хорижий автотранспорт воситаларининг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиши устидан назорат ўрнатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳа Давлат божхона қўмитаси томонидан тайёрланган бўлиб, ундан кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий автотранспорт воситаларининг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиши устидан назорат ўрнатиш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, хорижий автотранспорт воситаларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлик учун белгиланган жарималарни ўз вақтида ва тўлиқ Давлат бюджетига ундирилишини таъминлашга қаратилган.
Лойиҳага кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузган хорижий автотранспорт воситаларидан тегишли жарималарни ички ишлар органлари томонидан онлайн тақдим этилган маълумотлар асосида, ушбу автотранспорт воситалари республика ҳудудидан чиқиб кетаётганда божхона органлари томонидан ундириш механизми жорий этилади.
Давлат божхона қўмитасига республика ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузганлиги бўйича тўланмаган жарималарни автотранспорт воситалари республика ҳудудидан чиқиб кетаётганда ундириб олиш, тўланмаган тақдирда жарима суммаси тўлиқ ундирилгунга қадар автотранспорт воситасини давлат божхона хизматининг ҳудудий органи ёки божхона пости томонидан белгиланадиган жойларга вақтинча сақловга олиш ҳуқуқи берилади.
Ички ишлар вазирлиги Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча бўлиб турган ҳамда республика ҳудуди бўйлаб транзит ўтаётган хорижий автотранспорт воситалари республика ҳудудида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлигини улар божхона чегарасидан ўтишида реал вақт режимида аниқлаш мақсадида Ички ишлар вазирлигининг махсус автоматлаштирилган фото ва видеофиксация маълумотлар базасини Давлат божхона қўмитаси маълумотлар базаси билан интеграциялаштиради.
Икки ой муддатда эса республика ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузган хорижий автотранспорт воситаларидан жарима суммаларини божхона органи томонидан ундириш тартиби ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
Лойиҳага кўра, Давлат божхона қўмитаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотлари асосида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузган хорижий автотранспорт воситаларидан тўланмаган жарималарни ушбу автотранспорт воситалари республика ҳудудидан чиқиб кетаётганда ундириб олиш чораларини кўради, Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган хорижий давлатлар дипломатик ва колатхоналари ваконсуллик муассасаларининг, шунингдек, уларга тенглаштирилган ташкилотларнинг автотранспорт воситалари бундан мустасно;
Чегара божхона постларини замонавий камералар, хусусан "Автотранспорт воситалари рақамларини аниқлаш тизими" ва дастурий таъминотлар билан таъминлаш ҳамда ушбу техник воситаларни янгилаб бориш, ахборот тизимларини доимий ишлаб туриши бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланади.
Мазкур қарор лойиҳаси юзасидан муҳокамалар 2020 йил 11 мартга қадар давом этади.
* * *
КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ "ИММУНИТЕТ" МАЪРИФАТ БИЛАН АМАЛГА
ОШИРИЛАДИ
Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида "Коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда" дея таъкидлаб ўтгандилар.
Дарҳақиқат, коррупция демократия ва ҳуқуқ устуворлигига путур етказиб, инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади, иқтисодий ривожланишни издан чиқаради, жамият ва давлат ривожланиши учун ўта хавфли ҳисобланади.
Божхона органларида жирканч иллатга қарши курашиш борасида "Коррупцияга қарши маърифат" шиори остида ҳар бир ходимда билим, "иммунитет", шунингдек, иймон-эътиқод, ҳалоллик каби сифат ва ҳиссиётларни шакллантиришга қаратилган мақсадли тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Вилоятимиз божхона бошқармасида ўтказилган тадбирда божхоначилар ва уларнинг яқин қариндошлари билан ҳам айнан шу масалага яна эътибор қаратилди.
2019 йил давомида бошқарма томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича жами 54 маротаба маърузалар қилинган, таъмагирлик, порахўрлик ва салбий ҳолатлар олдини олиш борасида ходимлар билан 44 маротаба индувидуал профилактик суҳбатлар олиб борилган.
Амалиётда учраётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф қилиш борасида эса чегара божхона постлари орқали ҳаракатланган 225 нафар йўловчилар билан аноним сўровномалар ўтказилган.
Бошқарма ходимларининг хатти ҳаракатлари юзасидан 17 маротаба ариза ва шикоятлар келиб тушган. Шунингдек, 41 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Йиғилишда ўз нафсининг қурбонига айланган нопок кимсаларнинг қилмишлари акс эттирилган видеолавҳа намойиш этилди.
Шундан сўнг ота-оналар ва ходимларнинг яқинлари ўз хулосаларини билдириб ўтишди. Ушбу иллатга қарши курашишда барча бирдек масъул эканлиги, бунинг учун эса ҳамкорликда сайи-ҳаракатлар амалга оширилиши таъкидланди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги "Руҳобод" жоме масжиди имом-хатиби Тўлқин Амиров ва Ўзбекистон божхона фахрийлари уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи Фарҳод Муқумовлар иштирок этиб, мавзу юзасидан фикрларини билдириб ўтишди.
Тадбир давомида божхона соҳаси билан боғлиқ ҳар қандай масала юзасидан вилоят божхона бошқармасининг (66) 233-63-00 рақамли "Ишонч телефони" 24 соат давомида ишлаб турганлиги эслатиб ўтилди.
* * *
НАРКОКУРЬЕРНИНГ ЯШИРИН ХАТТИ ҲАРАКАТИ ФОШ БЎЛДИ
Гиёҳвандлик воситаларини сақлаш, сотиш, тарқатиш ва истеъмол қилишга қарши божхона идоралари томонидан тизимли равишда чора тадбирлар қўлланилиб келинмоқда.
Жумладан, вилоятимиз божхона бошқармасининг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари Самарқанд шаҳрида тезкор тадбир ўтказди.
Тадбир давомида фуқаро А.У. холислар иштирокида кўздан кечирилганида, унинг эгнидаги курткаси чўнтагидан 3 дона гугурт қутиси ҳамда қоғозга ўралган, қуритилган ҳолдаги "марихуана" гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган.
Эксперт хулосасига кўра, фуқаро А.У.нинг ёнидан чиққан гиёҳвандлик моддаларининг соф вазни 7,07 граммни ташкил этди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, божхона органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Вилоят божхона бошқармаси
ахборот хизмати


Дата добавления: 06/03/2020 10:50;   Просмотров: 742
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку