Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЙИРИК ЛОЙИҲАЛАР - ФАРОВОНЛИК КАФОЛАТИ

Кейинги йилларда мамлакатимизда эришилаётган улкан ютуқлар, айниқса, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда юз бераётган оламшумул ўзгаришлар аввало аҳолига муносиб ҳаёт шароитларини яратиб, халқни рози қилишдек эзгу тамойил асосида иш юритилаётганининг натижасидир. Шунга биноан туманда йирик ва ўрта лойиҳалар ишлаб чиқилиб, хорижий инвестициялар жалб этилмоқда.

Жорий йилнинг февраль ойида 1-сектор ҳудудида кореялик инвесторлар билан ташкил этилган «Korea Multi Fruite» МЧЖ томонидан маҳсулотларнинг асосий қисми экспорт қилинадиган интенсив боғда ишлар жадаллаштириб юборилган. Бундан ташқари қиймати 7 млн. долларлик хорижий инвестиция бўлган логистика Маркази ташкил этилса, 70 та янги иш ўринлари яратилади. Албатта, бу ишлар 2019 йилнинг биринчи чорагигача амалга оширилади. Бунинг учун кореялик ишбилармонлар 400 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратишди.
Шунингдек, шу ҳудудда жойлашган «Оқ амур балиқлари» фермер хўжалигида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга лойиқ бўлмоқда. Қиймати 49 млрд. сўм (шундан 1 млн. доллари хорижий инвестиция) бўлган лойиҳа билан балиқчилик комплекси ва экобоғни 2018 йил якунига қадар ташкил этиш режалаштирилган. Хуллас, келгусида ушбу фермер хўжалигида инновацион илмий ўқув маркази, лаборатория, 200 ўринли махсус мактабгача таълим муассасаси, 100 ўринли меҳмонхона ҳамда кўп қаватли турар жойлар барпо этилиб, 150 та янги иш ўринлари яратилади.
Шуни эътироф этиш мумкинки, қўшимча иш жойлари яратилса, кўплаб аҳоли ишли бўлади. Натижада оилада фаровонлик таъминланиб, даромад манбаи вужудга келади. Шунинг учун 2-сектор ҳудудидаги «Жўйи Аббос» маҳалласидаги «Dimishoji bolo Агро томорқа агрофирмаси» МЧЖ да 4,0 млн. долларлик (шундан 500,0 минг доллари ўз маблағи, 3,0 млн доллари банк кредити ва 1,0 млн доллари хорижий инвестиция) лойиҳа билан замонавий иссиқхона қурилади.
Натижада 120 та янги иш ўринлари яратилади. Бу ишлар албатта, 2019 йилнинг 4-чорагига белгиланган.
Бундан ташқари кореялик ҳамкорлар иштирокида «Мотрид агротехсервис» ҳудудидаги «Самарқанд ҳаншин Гренҳоусес» МЧЖ томонидан жаҳон стандартига жавоб берадиган замонавий иссиқхона ускуналарини ишлаб чиқариш ҳамда иссиқхона қуриш, соҳа хизматларини ўрганиш ўқув маркази барпо этилади. Бунинг учун кореяликлар томонидан 68,0 млн. долларлик инвестиция киритилиши режалаштирилган. Тумандаги 4-сектор ҳудудида жойлашган «Aziya Metall Prof» МЧЖ да метал маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича қиймати 44,2 млн. долларлик (шундан ўз маблағи 5,6 млн.доллар, банк кредити 20 млн доллар ва хорижий инвестиция 18,6 млн. доллар) лойиҳа ишга тушса, 400 фуқаро иш билан таъминланади.
Хуллас, туманда ана шундай йирик лойиҳалар амалга оширилаётирки, бу билан фуқаролар фаровонлиги яхшиланишига умидимиз катта.

М.НЎЪМОНЖОНОВ, туман ҳокимининг ўринбосари


Дата добавления: 07/09/2018 12:13;   Просмотров: 945
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку