Тарихимиз ва фанимизда чуқур из қолдирган буюк даҳолардан бири, нужум илмининг бобокалони Мирзо Улуғбек ўзининг машҳур асари "Зичи Кўрагоний" да, календарларга бағишланган бобида юнон (юлиан) тақвимининг камчиликлари ва уни биринчи марта ислоҳ қилган машҳур бобокалонимиз, файласуф, шоир ва астроном Умар Ҳаём солномаси ҳақида батафсил маълумот беради. Хуросон ҳукмдори Жалолиддин Маликшоҳнинг тавсиясига асосан 1074 йилда Умар Хайём умумтожик календари тузишга киришади. Мақсад юлианлар (юнон) календаридаги йил бошининг 11 минут 14 секунд олдин келишини йўқотиш, йил бошини ҳар доим Наврўз кунига аниқ тўғри келишини кўрсатувчи календарь тузиш эди.
Умар Ҳайём 33 йилга 8 та кабиса йили тўғри келишини назарда тутган солнома тузди. Унинг ҳисоби бўйича баҳорги тенг кунлик 4500 йилда 1 кунга кечикар экан, холос. Афсуски, бу тақвим бир неча мусулмон мамлакатларидагина (Афғонистон, Эрон, Шимолий Ҳиндистон, Хитойнинг мусулмонлар яшайдиган ҳудудлари ва инқилобгача ҳозирги Марказий Осиё мамлакатларида) Ҳижрий-Шамсий (Ҳижрий-Қуёш) тақвим номи билан амал қилиб келган. Шу ўринда Ҳижрий-Қамарий ва Ҳижрий-Шамсий календарлар муносабати тўғрисида эслатиб ўтиш керак. 33 Ҳижрий-Шамсий йилига 34 Ҳижрий-Қамарий йили тўғри келади. Ҳар иккала календарнинг ҳам бошланиш куни пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукараммадан Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилган кунлари - 622 мелодий йилнинг 16 июлидан бошланган. 33 Қуёш йилига 34 Ой йили тўғри келиши сабабли Ҳижрий-Қамарий йил ҳисоби Ҳижрий-Шамсий йил ҳисобидан олдинда юради. Шу жиҳатдан 2019 йил 1 сентябрдан 1441 Ҳижрий-Қамарий йил бошланган бўлса, Ҳижрий-Шамсий бўйича 2020 йилнинг 21 мартидан 1398 йил бошланади. Биз шу ўринда Ҳижрий ва Григорий ҳозирги Милодий календарлари муқоясасини келтириб ўтамиз, чунки кўпгина кишилар бу иккита календарь фарқини аниқлай олмай, қийналадилар. Ҳижрий-Қуёш календари қуйидаги тартибда жойлашган: Ҳамал, Савр, Жавзо, Саратон, Асад, Сунбула, Мезон, Ақраб, Қавс, Жаддий (катта чилла), Давл (кичик чилла), Ҳут ойларидан иборат. Ҳамалнинг биринчи куни - Наврўз, баҳорги тенг кунлик 21 мартдан бошланади. Иккала календарнинг жадвали, қуйидагича.
Ҳижрий-Шамсий йил
Ҳамал 21 мартдан 20 апрелгача
Савр 21 апрелдан 21 майгача
Жавзо 22 майдан 21 июнгача
Саратон 22 июндан 22 июлгача
Асад 23 июлдан 22 августгача
Сунбула 23 августдан 22 сентябргача
Мезон 23 сентябрдан 22 октябргача
Ақраб 23 октябрдан 21 ноябргача
Қавс 22 ноябрдан 21 декабргача
Жаддий 22 декабрдан 19 январгача
Давл 20 январдан 18 февралгача
Ҳут 19 февралдан 20 мартгача
Ҳижрий-Қамарий йил
Муҳаррам 1 сентябрдан 30 сентябргача
Сафар 1 октябрдан 29 октябргача
Раббиул аввал 30 октябрдан 28 ноябргача
Раббиус соний 29 ноябрдан 27 декабргача
Жумодул аввал 28 декабрдан 26 январгача
Жумодус соний 27 январдан 24 февралгача
Ражаб 25 февралдан 25 мартгача
Шаъбон 26 мартдан 23 апрелгача
Рамазон 24 апрелдан 23 майгача
Шаввол 24 майдан 21 июнгача
Зулқаъда 22 июндан 21 июлгача
Зулҳижжа 22 июлдан 19 августгача
Тайёрлади Т.ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.