Тириклик мувозанатини ушлаб турадиган шундай қудратли куч борки, бу метин ирода, сабр-бардош, матонат ҳамда келажакка бўлган катта ишончдир.
Баъзан қалбингиз исён кўтаради сиз унга қулоқ солманг, чунки ҳаёт турли тўсиқлардан иборат. Ҳаммавақт олдинга қараб интилинг. Тушкунликка тушган пайтларингизда ҳам осуда, бахтли даврлар келишига ишонинг.
Кимдир билиб-билмай сиз ҳақингизда бўҳтон ёғдиради. Яхшилар борлигига, умрнинг ўткинчи эканлигига иқрор бўлинг. Йўлингизни адашсангиз китоб варвқланг. Ҳаётингизга келган кетма-кет саволлар ечимини китобдан изланг. Ундаги баъзи қаҳрамонлар ўзлари билмаган ҳолда ҳаёт йўлингизни изига солишади. Гоҳида алам, изтироб қалбингизни тирнайди. Орзуларингиз саробга айланган пайтларда ҳам чекинманг.
Инсон бардоши, ақл-заковати билан ўз умрини безайди. Яқинларингиз ёнингизда эканликларини, улар сиз учун қайғуришларини чуқур ҳис этинг. Дунё қандай бўлса шундай қабул қилинг. Ортиқча ҳаво-ҳавасларга берилманг. Шукроналик ҳаётингиздаги доимий ҳамроҳингиз бўлсин.
Қахратон қиш ҳам ўз ўрнини баҳорга бўшатиб беради. Табиат ўз ҳуснини оз фурсат бўлсада кўз-кўз қилади. Унинг ҳуснига тўйиб-тўймай фасллар алмашинади. Ёшлик ҳам худди шундай. Ҳали унинг суруридан завқ олиб-олмай вақт ўтиб кетади. Вақтни бой бермасдан келажак пойдеворини мустаҳкам қўйишга бел боғланг.
Аввало кечиримли бўлинг. ўзингизга ҳисобот беришга одатланинг. Камчиликларингизни очиқ тан олиб, уларни бартараф этишга ҳаракат қилинг. Жаҳлингиз келган пайтларда ҳам оғир, босиқ бўлинг. Аччиқ устида гапирдим деманг. Айтилган биргина сўзингиз умр йўлингизни ўзгартириши ҳеч гап эмас.
Ўйлаб, андиша билан гапирсангиз доимо кўнглингиз хотиржам, юзингиз ёруғ бўлиб юрасиз. "Айтилган гап-отилган ўқ" дейди доно халқимиз. Ногаҳон шу ўқ яқин кишингиз қалбини тирнаб ўтиши мумкин, шундан эҳтиёт бўлинг.
Кўпинча инсонлар ўзлари сир сақлай олмаганликлари боис ноқулай аҳволга тушиб қоладилар. Бўлар - бўлмас гапириб суҳбатдошингизни бездириб қўйманг. Шахсий ҳаётимиз фаровон, яхши ниятларимиз доимий ҳамроҳимиз бўлсин. Яхшилик қилиб, меҳр бериб, бир оғиз ширин сўзимизни дариғ тутмай умргузаронлик қилиш ҳаммамизга насиби рўз этсин.
Ҳидоят УМУРҚУЛОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.