Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЯХШИЛИК ҚИЛ СУВГА ОТ...

Узоқ йиллар маҳаллий ҳокимият тизимида ишлаганим сабабли вилоятимизнинг шаҳар маҳаллалари ва туманларидаги кўп қишлоқларида бўлганман. Қандай масала бўлмасин, борган жойимда маҳалла фаоллари билан учрашишимга ҳам тўғри келган.

Қишлоқнинг, иқтисодий бўлмасада, маънавий муҳитига таъсир кўрсатадиган бу тоифа кишилар ўзлари яшайдиган хўжалик ёки туманнинг бошқарув тизимида фаолият юритаётган ёки юритишган бўлиб, аксарияти ўзини таниган одамлар орасида яхшигина обрўга эга. Улар тақдир сийлаган лавозим сабаб бироз димоғдор, лекин четдан келган кишига, агар у расман ташриф буюрган бўлса, самимий илтифот кўрсатишни ҳам ўрнига қўйишади. Умуман, ўз аҳли ўртасида ҳурматга эга бўлгани учун бундай одамлар билан маҳалладошлари ҳурмат ила муносабатда бўлишини кўп кузатганман. Афсуски, уларнинг баъзилари ўзларига бўлган бу ҳурматнинг манбасини маълум қилишганда, кўпинча ғурур билан айтилган уларнинг гапи менга эриш туюлган. Хайриятки, ички ҳолатимнинг кўзга ташланмагани уларни хижолатдан сақлаб қолган. Шундай бўлсада, сўрашга мажбур бўлганман:
- Наҳотки, шундай мактаб (боғча, йўл)ни Сиз (отангиз) қурган бўлса. Жуда катта маблағ кетган-ку?
- Давлатнинг пулига қурилган. Лекин мен елиб-югурганман.
- Мен қурганман деганингизда, ўзингизнинг пулга қурганмисиз деб ўйлабман, узр.
Албатта бу гапим киноя эканини тушунишмай, тўғри қабул қилишган ва, агар вақтида тўрт томонга чопишмаганида бундай қурилиш амалга ошмаслигини, бундай ишнинг бажарилганига фақат ва фақат ўзлари сабабчи бўлишганини айтишади. Шу гап билан ўзларини фидойи қилиб кўрсатишга ўрганиб қолишган. Ҳар гапда бу хизматларини қўшиб айтишга одатлангани учун улардан керак бўлган-бўлмаган жойда ҳам албатта шу гапни эшитасиз.
"Ўнг қўлинг қилган ишни чап қўлинг билмасин" деган гап бор - қадимдан келаётган ибора. Чунки қилган одам томонидан айтилган яхшилик савоблиги йўқолар экан. Умуман, яхшилик қилганини айтиш миннат, миннат эса таъмадан йўғрилган бўлади. Юқорида қайд этган мисолларимизда эса "уни қурдим, буни қурдим" дейиш, ҳурмат орттириш учун қилинган таъмадан бошқар нарса эмас. Гарчи улар назарда тутган ишлар давлат маблағи ҳисобидан бунёд бўлган ва, демак, ўзга меҳнатини ўзлаштириб олишли, эскичасига айтганда гуноҳ, айни паллада эса бу ҳолатни ноҳақликка йўйиш мумкин.
Яна бир воқеа ёдимга тушди. Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охирида вилоят ижрокомининг қурилиш бўлимида ишлаганимда қишлоғида артезиан қудуқ урдиришни йиллик режага киритишни сўраб узоқ тумандан бир одам ҳар ҳафта - ўн кунда келарди. Унинг муаммосини мутахассислар ўрганиб чиқишган, оиласи ва яна бир неча хонадон яшайдиган жой қишлоқдан бир чақирим нарида бўлиб, режага киритилган тақдирда ҳам, артезиан қишлоқнинг кўп аҳоли яшайдиган қисмида қазилиши, тинимсиз мурожаат қилаётган кишининг хонадони ва қўшниларига қувур тортиб, ичимлик суви бериш хулосаси берилганди. Шикоят ёзишнинг ҳадисини олган бу одамнинг бир неча бор юқори ташкилотларга бориши, охир-оқибат у айтган жойдан қудуқ қазилиб, сув чиқарилсин деган пойтахтнинг тегишли идораси раҳбари берган топшириқ билан якунланди. Айтишларича мурожаатчи бир неча бор қабулида бўлиб, унинг жонини ҳиқилдоғига келтирган экан.
Орадан уч-тўрт йил ўтиб бизга кўп бор ёзма ва оғзаки мурожаат қилган ўша одам билан яна учрашдим. Унинг қишлоғида. Қишлоқ аҳолиси ўртасида сув масаласида чиққан низони ўрганиш учун узоқ туманга борсам, можаро келиб чиқишига сабабкор бўлган киши бизга эскидан таниш бўлган ўша одам экан. Артезанни мен қазганман, деб бир чиқарим нарида яшаётган қишлоқдошларига сув бермаётган экан.
- Сув қудуғи давлат маблағи ҳисобидан қазилган. Нега аҳоли ундан фойдаланишига тўсқинлик қиляпсиз?
- Харажат қилинганда улар ўзларини четга олишганди. Энди тайёрига айёрликми?
- Қанча харажат? - дедим гапига тушунмай.
- Икки йил Самарқандга, Тошкентга қатнадим. Йўл ҳақининг ўзига қанча пул кетишини бир чамалангчи, қанча кетган. Энди тайёрга айёр бўлишмоқчи булар.
Аҳолига қишлоқда артезиан қудуғи қазилишига шу одамнинг ҳам ҳиссаси борлиги, лекин халқ учун бу қилган иши унга кимга сув бериш, кимга сув бермаслик ҳуқуқини бермаслигини тушунтириб, масала ижобий ҳал этилишига эришилганди ўшанда.
Яқинда бир имом хатиб ноиби иштирокида маҳалла аҳли билан "маънавият соати" ўтказдик. Қайтишда ноиб маҳалласида қайта қурилаётган масжидни кўришга таклиф этди. Кўркам қилиб қурилган бино томига мовий рангдаги маҳобатли гумбаз ўрнатилган, усталар пардозлаш ишларини амалга оширишяпти. Бинога ҳавас билан тикилганимни кўрган ноиб мақтанди.
- Бу масжидни икки йилдан буён қуряпман. Худо насиб қилса, яқинда ишга тушираман.
- Одамлар ҳам қарашяптими? - дедим унинг гапидан сергакланиб.
- Халқнинг кучи билан қуриляпти, албатта. Менда бунча маблағ қайда?

Хуршид НУРУЛЛАЕВ


Дата добавления: 13/09/2019 18:07;   Просмотров: 776
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку