Собиқ "Москва" жамоа хўжалиги ҳосилоти (агроном) Сафар Нормуродов хонадонида ўнинчи фарзанд туғилганлиги ҳақидаги хушхабар Арабхона маҳалласида бир зумда тарқалди. Очиқ кўнгил, камтар, самимий ва меҳмондўст каби инсоний фазилатларга эга бўлган Сафар акани табриклаш учун узоқ-яқиндан анчагина одам тўпланишди. Дўстлар суҳбатига муштоқ ва дастурхони ҳамиша очиқ уй эгаси улар учун қўчқор сўйди, зиёфат қилди. Қишлоқ оқсоқоллари - Ражаббой, Ниёзбобо, Шукурбобо ва бошқаларнинг гурунглари кечгача давом этди.
Янги туғилган бола қулоғига амакиси, собиқ Комсомол (ҳозирги Тойлоқ) туман ижроқўм раиси Остонақулбобо азон айтди. Чунки Расулоллоҳ салаллоҳу алайҳи ва саллам мурғак юракларга азон, такбир садолари ила тавҳидни сингдиришни буюрганлар. Азон янграган жойдан шайтон қочиб, бола қалби мусаффо ва ёмонликлар таъсиридан узоқ бўлади.
- Хўш, Сафарбой, - дастурхонга омин қилиш олдидан кимдир савол берди, - жиянчага қандай исм қўймоқчисиз?
- Катта бувиси Анора ая Раҳмонова китоб очиб, унга Абдуллоҳ ном муносиб дедилар, - хабар берди чақалоқнинг отаси, - чунки пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг падари бузургворларини исмлари Абдуллоҳдир.
- Абдуллоҳ - Худо бандаси маъносини англатади, - суҳбатга қўшилди Шукурбобо, - ахир, бизларни вужудимизда пайғамбаримиз қони бор. Қишлоғимизни бежиз Арабхона дейишмайди. Аждодларимиз Маккаю Мадинадан келишган.
Шундан сўнг қишлоқ муллоси Ниёзбобо дуога қўл кўтариб, янги туғилган ўғилчага узоқ умр, бахт-саодат, халқимиз ва ватанимизга хизмат қилишини тилади.
Абдуллоҳ Арабхона қишлоғидаги 3-сон ўрта мактабда таълим-тарбия олиб, уни 1976 йилда тугатди. Икки йил Самарқанд шаҳридаги 8-сон касб-ҳунар коллежида ўқиб, дипломли бўлди. 1979 йили меҳнат фаолиятини собиқ "Москва" ("Дўстлик") жамоа хўжалигида ёшлар бригадаси бошлиғи сифатида бошлади.
Бироқ, кўриш қобилияти заифланиши сабабли 1994 йили Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятига аъзо бўлди. Ушбу жамиятнинг туман бўлими раиси ўринбосари сифатида кўплаб эзгу ва хайрли амалларга муносиб улуш қўшди. Бундан 15 йил аввал мазкур бўлим раиси Ризоқул Бахтиев нафақага чиққач, уни ўз ўрнига тавсия этди. Шундан буён Абдуллоҳ Нормуродов бўлимга раислик қилмоқда. Мана, 15 йилдирки, у кўзи ожизлар жамияти мавқеини юксалтириш, муаммоларни ҳал этиш учун жон куйдирмоқда. Абдуллоҳ яхшиларга эргашиб ўзининг жонкуярлиги, ҳалоллиги ва меҳнатсеварлиги билан жамиятдошлари ҳурматини қозонмоқда. Шу билан бирга у "Гулобод тонги" газетасининг фаол жамоатчи мухбири сифатида хат-хабарлар ёзмоқда.
Яқинда туман фаоллари йиғилишида 2019 йил обунаси тўғрисидаги масала ҳам муҳокама этилди. "Гулобод тонги" газетаси муҳаррири Нормурод Каримов сўзга чиқиб, биринчилар қатори обуна маъракасида фаол қатнашаётган кўзи ожизлар жамиятини мисол қилиб қўрсатганда кўпчилик ҳайрон бўлишди. Албатта бундай хайрли ишда муносиб улуш қўшиш учун дадиллик, фидойилик ва матбуотга садоқат зарур. Қизиғи шундаки йиғилишда анчагина раҳбар шахсларни даврий матбуотга нисбатан "хиралашган" кўзлари "очилди".
- Биз раисимиздан миннатдор, - дейди биринчи гуруҳ ногирони Хуршид Жабборов, - Чунки Абдуллоҳ аканинг ташаббуслари билан икки нафар ўғлимга иссиқ либос беришди. Ҳомийлар оиламизни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашди.
- Биз аввал Олтиариқда сўнг Товоқсойда бепул дам олдик, - суҳбатга қўшилди Азиз Эргашев. - Шунингдек кўпгина муқаддас жойларни зиёрат қилдик.
- 2017 йил 1 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги Фармони қабул қилинди. - дейди Абдуллоҳ Нормуродов. - Мазкур ҳужжатда ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш даражасини янада яхшилаш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга йўналтирилган бир қатор чоралар белгиланди.
Дарҳақиқат, бу йил ногиронлиги бўлган шахслар учун улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар йили бўлмоқда. Биз ўз навбатида бундай чексиз ғамхўрликларга жавобан барча имкониятлардан фойдаланиб, халқимиз ва ватанимиз учун хизмат қиламиз.
Тиниб-тинчимас Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятининг туман бўлими раҳбари Абдуллоҳ Нормуродов меҳрибон ота ва дуогўй бободир. У садоқатли умр йўлдоши Дилором Ҳамроева билан уч нафар фарзандларига замонага хос таълим-тарбия бермоқда. Темуржон, Гулистон ва Жасур турли соҳаларда меҳнат қилишмоқда. 7 нафар набиралар уларнинг муносиб ворисларидирлар.
Касб тақозоси билан яхшиларга эргашиб, одамларга яхшилик қилишни шиор қилиб олган лавҳамиз қаҳрасони - Абдуллоҳни кўп йиллардан буён биламан.
- Қондош иним, ҳамқаламу ҳамқадам 60 йиллик ёшини нишонлаш арафасида. Имкониятдан фойдаланиб, уни ушбу қутлуғ айём билан табриклаб, оилавий бахт, мустаҳкам саломатлик ва фарзндлар бошида доимо соябон бўлишини тилаймиз.
Зоҳир ҲАСАНЗОДА,
журналист
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.