Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЯХШИЛАР ЁДИ МАНГУ ЯШАЙДИ

Таҳририятга келган хатларнинг ҳар бири, албатта, ўқиб чиқилади. Уларда ким мақола ёки хабар ёзган бўлса, бошқаси бирор муаммони бартараф этиш ёки ечиш йўли ҳақида фикрини баён этган бўлади. Бизни бениҳоя таъсирлантиргани ва шу билан бирга, хурсанд ҳам қилгани Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовни ёд этиб, унга билдирилган миннатдорчилик хатларининг келаётгани. Ҳа, яхшиликни халқ ҳеч қачон эсидан чиқармайди.

Сабоҳат ая Иноятова туманимизнинг “Ипак йўли” маҳалласида истиқомат қиладилар. 77 ёшни қаршилаган онахон умр йўлдошлари Мавлон ота Ҳайдаров билан беш ўғил ва икки қизни вояга етказиб, бугун 23 неваранинг бувиси, уларнинг дуосини қилиб, бахтли умргузаронлик даврини сурмоқдалар.
Онахон жорий йилнинг 29 январида Ислом Каримов хотирасига бағишлаб вилоят телевидениесида тайёрланган кўрсатувни кўриб, ундан олган таассуротларини қоғозга туширганлар. Мактубни ўқиб, у кишининг Биринчи Президентимизга ғойибона мурожаатидан таъсирланмасликнинг иложи йўқ.
“Мен Сизни 60 ва 75 ёшга кирганингизда хат орқали табриклагандим. Насиб қилса 80 ёшингизда, бу гал мактуб йўллаб эмас, уйингизга бориб, қутлуғ ёш билан муборакбод этиш ниятида эдим. Чунки, мен, бахтиёр онанинг сўнгги орзуси дийдорингизни кўриш эди, — деб ёзади Сабоҳат ая. — Сиз Ўзбекистон учун қандай ёниб яшаш керак эканлигини ҳаммага намойиш этдингиз. Ўзингизни ўйламадингиз, фақат халқ учун қайғурдингиз. Мустақиллигимизни эълон қилганингиздан кейин ватанимиз гуллаб-яшнади. Сиз обод қилмаган бирорта вилоят, шаҳар ва туман қолмади. Ҳар бир маҳалла ўзига хос қиёфа касб этди. Халқни уй-жой билан таъминладингиз. Мактаб-боғчалар янгидан қурилди. Ҳатто ҳар йили мактабга борадиган юз минглаб жажжи болажонларга портфель, китобу дафтарларгача совға қилардингиз. Ҳар гапирганда, “Халқим учун яшаш менга бахт, унга жоним фидо бўлсин”, дердингиз. “Юртимнинг ҳар бир ўғил-қизи менинг болам” деган сўз тилингиздан тушмасди. Аскарларни, спортчиларни паҳлавон фарзандларим деб белидан қучиб, даст кўтарганингиз нигоҳимизда муҳрланиб қолган. Фермерларга, тадбиркорларга қилган яхшилигингиз уларнинг ҳеч қачон ёдидан чиқмайди. Сиз халқ дуосини олган, Аллоҳ назари тушган ҳожи бобо эдингиз. Худо раҳматига олган бўлсин, илоҳим”.
Сабоҳат ая олдин юборган хатлари Президент томонидан ўқиб чиқилганини, жавоб хати билан бирга унга Юртбошимиз гилам совға қилиб юборганини ҳам ёзган ва қуйидаги ўша хат нусхасини мактубига илова қилган:

РАҲНАМО ИСЛОМ
Ўзбекистон халқига раҳнамо Ислом,
Руҳингиз-ла безанмиш кўк-само Ислом,
Яратиб бердингиз мустақиллик даврин,
Қолгай номингиз йиллар дилда жо Ислом.

Исмингизнинг маъноси Аллоҳга яқин.
Халқ қалбида порлаган мисоли чақин.
Адолатга ўчлигингиз дунё билади,
Эл энди ўзгага бермас зарра ҳақин.

Ёдга олиб ишларингиз олдим қаламга,
Жудоликдан юрагимда гарчи аламда.
Йўлингизни тутмиш халқим мангу, тинч ётинг,
Эл ёдидан ўчмагайсиз ушбу оламда.
Сабоҳат ИНОЯТОВА

«Президентга мактублар» китоби 4 жилддан иборат бўлиб, биринчи жилди 2006 йилда, иккинчиси 2009 йилда, кейингилари 2013 ва 2016 йилларда чоп этилган. Китобда мамлакатимиз ва чет эл фуқаролари, хорижий давлатлар етакчилари, атоқли сиёсат ва жамоат арбоблари, илм-фан ва маданият намояндалари томонидан Ўзбекистоннинг Биринчи Президентига ёзилган мактублар жамланган бўлиб, уларни ўқирканмиз, турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган, ёши, касбу кори, миллати ва дунёқарашига кўра бир-биридан фарқ қиладиган мактуб эгаларининг ўй-фикрлари, орзу-интилишлари нақадар холис ва самимий экани, уларни умумий бир хусусият – она Ватанимизга, халқимизга, Биринчи Президентимизга меҳр ва ишонч бирлаштириб тургани ва бу юртимизнинг қисқа вақтда улкан зафарларга эришганининг асоси бўлганига амин бўламиз.

Х.НУР


Дата добавления: 17/02/2017 11:23;   Просмотров: 1558
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку