Инсонда ҳамма нарса гўзал бўлмоғи лозим: юзи ҳам, кийими ҳам, қалби ҳам, фикри ҳам. А.П.Чехов рус адиби.
Оила бошлиғи Абдураҳим Азимов дала юмушларидан сўнг уйга келса, 8 ёшли ўғли жилдга солинган Қуръони Каримни олиб, отасига тақлид қилган каби варақлаб, гўё ўқигандек "Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим" деб қайтаряпти.
- Ҳа, ўғлим, мулла бўлмоқчимисан, - деб Абдураҳим ака фарзандини бағрига босди, - бу сенга "Алифбе" эмас, муқаддас китоб. Таҳорат олиб, шундан сўнг қўлга олиш лозим.
- Орзуга айб йўқ, - суҳбатга қўшилди волидайи мукаррамаси, - дину диёнатдан хабардор бўлса, комил инсон сифатида халқимизга, Ватанимизга хизмат қилади, иншооллоҳ.
Улар ўзаро мунозара қилиб турган паллада қариндош бўлган, маҳалла маърифатпарвари, вилоят "Зарафшон" газетаси фотомухбири Ғулом Алиев келиб қолди. У ҳам болакайнинг таҳсинга лойиқ рафторини қўллаб-қувватлаб, буюк алломалар - устозу шогирд Абдураҳмон Жомий ва ҳазрат Алишер Навоий, шунингдек Шайх Саъдий, Хожа Ҳофиз ва бошқалар ҳам ёшлик чоғлариданоқ Қуръони Каримни мутолаа қилиб, ёд олишганларини таъкидлади. Катталар сўзларидан руҳланган Алишер Азимов тумандаги 24-сон ўрта мактабда таҳсил олиш билан бирга араб ёзувини ҳам ўрганиб, Қуръони Каримдан кўплаб оят ва сураларни ёдлади. Шунинг учун етуклик аттестациясини олиб, Хожа Аҳрори Валий жомеъ масжиди қошидаги диний мактабга ўқишга кирди. Меҳрибон устозларидан кўп нарсаларни ўрганди. Энг муҳими, нашқбандия тариқати шиори - "Дил ба ёру-даст ба кор" (Қўлинг меҳнатда-ю, дилинг Аллоҳда бўлсин) маъно-мазмунига амал қилди. Ўзбекистон Республикаси мусулмонлар диний идораси муфтийси Қори Абдурашид ҳазратлари бўйруғига асосан Самарқанд шаҳар "Мурод авлиё" жомеъ масжиди имом-ноиби лавозимига тайинланган бўлса ҳам, отаси Абдураҳим Азимов билан деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланди. Аммо бир воқеа юз бердики, бу унинг фаолиятида туб ўзгариш ясади.
САИД ИБРОҲИМ АВЛИЁГА ЭҲТИРОМ
У Пулимуғоб маҳалласида жойлашган Саид Иброҳим авлиё қабри олдидан ўтаётганида, гўё кимдир "сен ана шу ерни зиёрат қилишинг лозим" дегандек бўлди. Алишер Азимов иккиланиб, йўлига кетмоқчи бўлганида ўша амр яна такрорланди. У ўз ҳолига ташланган, хас-хашак босган қабр олдига келиб, Қуръони Каримдан тиловат қилди ва марҳумнинг руҳи покига бағишлади. Ўша оқшом тушига нуроний чол кириб, "ўғлим, сен ана шу зиёратгоҳни обод қилишинг лозим. Бунинг эвазига ҳам мартабанг, ҳам ҳурматинг ошади" деди. Эртаси куни маҳаллада оммавий ҳашар эълон қилинди. Алишер билан биргаликда ўша вақтда маҳалла раиси бўлган амакиси Ж. Ҳамроқулов зиёратгоҳни ободонлаштиришда бош-қош бўлган. Саид Иброҳим авлиё қабри устига гумбаз бунёд этилиб, атрофлари ўраб олинди. Ихлос ила узоқ-яқиндан келаётган меҳмонларнинг ҳақиқий зиёратгоҳига айланди. Савоб ва хайрли ишлардан тиниб-тинчимас Алишер Раҳимқулович Пулимуғоб маҳалласида қўним топган буюк аллома тўғрисида маълумотлар тўплашга киришди. Эрон ислом давлатининг Машҳад шаҳридаги диний олийгоҳда таҳсил олаётган пайтида форс тилидан "Тарихи анбиё" (Пайғамбарлар тарихи) китобидан ўзига керакли маълумотларни топди. Ушбу асарда зикр этилишича, имом Саид Иброҳимнинг отаси Ҳазрати Мўсо Қозим еттинчи имом бўлиб, у кишининг отаси Жаъфар Содиқ ва у кишининг бобоси имом Али бўлган экан. Ушбу мақбара IX-XII асрда барпо этилган. Минг афсуски, шўро даврида муқаддас зиёратгоҳлар харобага айланди. Бугунги кунда эса Саид Иброҳим Авлиё обод маконга айланиб, келгусида сайёҳ ва зиёратчиларнинг йўл харитасига киритиши режалаштирилган.
- Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бизнинг Пулимуғоб маҳалламизга ташриф буюриб, савоб ишга қўл урдилар, - дейди маҳалла имом-хатиби Алишер Азимов, - зиёратгоҳга олиб борадиган бир километр йўл асфальт қилинди. Халқимиз хайр-эҳсон сифатида 100 минг дона пишиқ ғишт олиб берди. Зиёратгоҳдан тушадиган даромад ҳисобидан маҳалламиздаги 24-сон мактаб ҳисоб рақамига ҳар йили 5-10 миллион сўм ўтказяпмиз. Мақсадимиз - фарзандларимиз пухта билим олишсин.
Шуниси диққатга сазоворки, "Дил ба ёру даст ба кор" шиори асосида фаолият олиб бораётган маҳалла дин пешвоси Алишер Азимов "Холиқ агро саховат" фермер хўжалигини ҳам бошқармоқда. Биз савобталаб инсон, меҳнаткаш деҳқон, сўзи билан иши бир диндор Алишер Азимов фаолияти билан танишиб, шундай хулосага келдикки, қани энди айрим имом-хатиблар ва муллалар ундан ўрнак олишса, далада кетмон уришса, буюк форс-тожик шоири Муслиҳиддин шайх Саъдий насиҳатига амал қилишса:
Яхшилар кетидан агар чопарсан,
Истагинг, бахтингни шунда топарсан!
Зоҳир ҲАСАНЗОДА,
журналист
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.