Барча саъй-ҳаракатларимиз, мақсад-муддаомиз халқимизнинг бугунги ҳаётидан рози, эртанги кунидан кўнгли тўқ бўлишига қаратилган. Буни ҳар бир раҳбар юракдан ҳис қилиши ва зиммасидаги улкан масъулиятни англаб меҳнат қилиши лозим, деган эди давлатимиз раҳбари 26 июль куни вилоятимизга ташрифи чоғида. Дарвоқе, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида йўлга қўйилган секторлар фаолияти жойларда ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги аҳволни ўрганиш, давлат органлари ва аҳоли ўртасида очиқ учрашув-мулоқот, оммавий сайёр қабулларни йўлга қўйиш орқали уларнинг талаб эҳтиёжлари, муаммоли масалаларини аниқлаш, бартараф этиш ҳамда бу борадаги келгуси вазифаларни белгилаб олишда муҳим омил бўлмоқда.
Ўтган ҳафта шанба куни Мирзо Улуғбек маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 1-сектор марказида туман ҳокими Мавлонов Носир Мамарасулович барча ижро идоралари ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирокида ўзининг биринчи оммавий сайёр қабулини ўтказди.
Қабул жараёни бошида муҳтарам Ҳожи Мустафоқул Меликзода Қуръони каримдан оятлар тиловат қилиб, эзгу мақсадлар билан иш бошлаган туман ҳокими, сектор раҳбарлари ҳамда ҳокимлик ва мутасадди идоралар ходимларига халқ дарди билан яшашларида мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, хайр-барокат, улкан мувоффақиятлар тилади. Дарҳақиқат, Хожа Аҳрори Вали, Хожа Абду Берун, Хожа Сайиди Обрез, Мавлоно Тожиддини Дарғамий каби улуғ зотлар, азизу авлиёлар қўним топган бу диёрни янада обод-фаровон этиш, жамиятга садоқат билан хизмат қилиш катта-кичик раҳбар кишининг юксак бурчи, олий саодати, Алоҳнинг инояти, қадрли юртбошимизнинг ишончини оқлаш учун беқиёс имкониятдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман Халқ қабулхонаси мудири Илҳом Муродов йиғилганларга сектор раҳбарларини таништириб, туман фаоллари олдида турган долзарб вазифалар, 2-ярим йилликни якунлаш хусусида гапирди. Қатъий интизом, шахсий жавобгарликни англаб, давлат сиёсати, ислоҳотлар манфаатига ҳамоҳанг ишлаш замони бўлган бир пайтда заррача бефарқлик, расмиятчилик, худбинлик, халқ оғирини енгил, мушкулини осон қилишни пайсалга солиш кечирилмайдиган ҳолат ва хиёнат эканлиги таъкидланди.
Юқори ишчанлик ва ҳозиржавоблик руҳида ўтган қабул жараёни тўрт соатдан зиёд давом этди. Туман ҳокими 36 нафар фуқарони навбати билан қабул қилиб, дардини эшитди, кўтарилган масала - муаммо моҳияти нимадалигини билгач, тегишли идора вакилларига мурожаатларни кўпи билан 10 кун мобайнида чуқур ўрганиб, қонуний ечим топиш вазифасини топширди. Фуқароларнинг бундан олдин сайёр қабулда келган-келмаганлиги, қандай муаммолар қийнаётгани билан қизиқди ва хушмуомалалик билан уларни сабр-бардошли бўлишга ундади. Қирқдан зиёд мурожаатлар ана шундай тарзда эшитилиб, белгиланган тартибда рўйхат ва назоратга олинди. Қабулда ҳар бир сектор ҳудудидан 5-10 нафардан фуқаро қатнашди. Такрорий мурожаатлар ҳам бўлди. Мурожаатларнинг асосий қисми ҳовли-мерос эгалиги, уй-жой кадастр ҳужжатларига тегишлидир. Шунингдек, ички йўллар, оилавий жанжал, МТМга болани жойлаштириш, жамоат транспорти хизмати, моддий ёрдам кўрсатиш, тадбиркорликни ривожлантириш учун ер ажратиш, дала ҳовлига эгалик, болалар спорт майдони қуриш, ишга жойлаштириш, суд қароридан қониқмаслик, уй-жойни таъмирлаш, автобекат қуриш, имтиёзли кредит ажратиш, замонавий уй-жой олиш каби масалаларга тегишли бўлиб, уларнинг барчаси ижобий ҳал этишга қаратилди.
Жумладан, Мирзо Улуғбек маҳалласида яшовчи кекса журналист Зоҳир Ҳасанзода ҳудуддаги собиқ икки қаватли савдо мажмуи кўп йилдан буён бўм - бўш турганлигидан афсусланиб шу ерда давлатимиз раҳбари илгари сурган беш ташаббусни амалда татбиқ этиш имкони мавжуд, дея мурожаат этди. Ташаббусни қўллаб - қувватлашдан халқ рози бўлади, юрт равнақ топади.
Албатта, ҳолва деган билан оғиз ширин бўлмайди. Айрим муаммолар борки, улар катта маблағ эвазига ечилади, айримлари вилоят ва республика даражасида ҳал этилади. Бунинг учун эса маълум муддат керак бўлади.
Нима бўлганда ҳам, келган фуқаролар қабулдан қониқиш, розию ризолик ва умид билан уйларига қайтишди.
Навбатдаги сайёр қабулларда улар фақат миннатдорчилик билдириш учун келишларини истаб қоламиз.
Сектор ҳудудида мавжуд камчиликларни бартараф этиш борасида маълум натижаларга эришилган бўлсада, ҳали ечимини кутаётган масалалар борлиги ҳам аниқланди.
Туман ҳокимлиги бошчилигида барча сектор раҳбарлари ўз ишчи гуруҳлари билан ҳудудларнинг ҳақиқий аҳволини кўздан кечириб, янгича ёндошув, ўзгача шиддат-шижоат билан мавжуд муаммоларни бартараф этадилар деган умиддамиз. Хулоса сифатида таъкидламоқчимизки, Президентимизнинг ПҚ-4102 сонли қарори асосида секторлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича янги, адолатли ва таъсирчан тизим жорий этилган. Бу тизим фуқароларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этиш, аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш ҳамда секторлар иш самарадорлигини ошириш, юртимизни янада равнақ топишига кўмаклашиши муқаррар. Халқимиз таъбири билан айтганда, агар истак бўлса, барча муаммоларга ечим топилади.
Н.КАРИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.