ёхуд ўз юртини севган эзгуликка интилади
Жойларда ўтказилаётган сайёр қабулларда аҳолини қийнаб келаётган жуда кўп ва турли шахсий, ижтимоий-иқтисодий масалалар ўз ечимини топмоқда. Муаммоларнинг аксарияти моддий ёрдам, маҳалладан нафақа пули олиш, саломатликни тиклаш ва уй-жойни таъмирлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш орқали даромад топиш, йўлларни таъмирлаш, банкдан кредит олиш, кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиш, ишга жойлаштириш, коммунал хизмат, ноқонуний қурилишлар, кадастр ва атроф муҳит тозалиги, жамоат транспорти ҳаракатига алоқадор бўлиб, барча мурожаатлар эшитилгач рўйхат ва назоратга олинади, қисқа ҳамда ўрта муддатда ҳал этилади.
Мурожаатларга тезкор ечим топиш мақсадида қабулларда сектор раҳбарлари, корхона-ташкилот, муассасалар бошлиқлари, етакчи мутахассислар иштирок этмоқда. Ушбу жараёнда мурожаат эътибордан четда қолмайди. Янгиариқ (тарихий Чунгул) МФЙда навбатдаги сайёр қабулда ҳам туман ҳокими Ш.Жамолов ва тумандаги бўлим ва бошқармаларнинг раҳбарлари иштирокида ўтказилди.
- Ҳар бир амалий ташриф ва юзма-юз мулоқот аҳоли ва раҳбар ходимлар мақсадлари муштарак эканлигини кўрсатмоқда, - деди ҳоким. -Бир-биримизни эшитамиз, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликда масалалар ечими осонлашади, фаолиятимиз шаффофлиги, қонунийлиги таъминланади, кўзланган натижага эришилади.
Қадимий Чунгул диёри кейинги йилларда обод бўлиб, аҳоли турмуш даражаси юксалмоқда. 4 миллиард сўмлик маблағ сарфлаб бунёд этилган янги боғча бугун эл фарзандлари хизматида. Ҳудуддаги барча томорқа эгалари оила ва бозор тўкин-сочинлигини таъминлаш билан банд. Айрим бепарво ва дангаса кишиларнинг ўринсиз баҳоналаридан афсусланади киши. Баъзилар давлат идораларига масала-талаб қўйиш билан бирга, ўз уй-жойи, ҳовли-томорқаси, ариқ-зовурига эътибор беришни унутмаса нур устига аъло нур бўларди.
Шу куни қабулда 12 нафар чунгулликлар ўзларининг 20 га яқин мурожаатларини баён этдилар. Фуқаро Шуҳрат Ҳамидов "Обод турмуш" массивига алоҳида маҳалла мақомини бериш, Чўли Жумаев янги трансформатор ўрнатиш, Дилфуза Шарипова кадастр хизмати кўрсатиш, 1-гуруҳ ногирони Саодат Ҳайдорова ерни экишга тайёрлаш ва кўчат билан ёрдам беришни сўраб чиқишди. Талаблар жойида ҳал этилди.
Муайян ўрганиш ва муддат талаб этадиган масалалар ҳам қонуний ечим топишга йўналтирилди.
Ўз мухбиримиз
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.