Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЯНГИ ТАШКИЛОТНИНГ ВАЗИФАСИ НИМА?

Хабарингиз бор, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тасарруфида вилоятларда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари ҳамда унинг туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилган эди. Хўш, янги ташкилотнинг асосий вазифаси нималардан иборат? Туман бўлими бошлиғи Зариф Ҳамроев бу ҳақда мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди:

–Бугунги кунда соҳада ечимини кутаётган масалалар кўпайиб қолди, бири иккинчисига боғлиқ. Уларни бартараф этиш, соҳа тараққиётига ҳисса қўшиш кун талабига айланди. Муҳтарам Президентимизнинг “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори коммунал соҳада улкан янгилик бўлди. Айтиш лозимки, аҳолининг барча қатламлари турмуш даражаси ва жамиятимиздаги ижтимоий муҳит уй-жой коммунал соҳасининг самарали фаолият кўрсатишга боғлиқ. Шундай экан, соҳада мавжуд муаммоларнинг барчаси ҳам кечиктириб бўлмайдиган масалалар ҳисобланади.
Ҳозирги кунда туманда кўпхонадонли уйлар 54 тани ташкил этиб, уларнинг 18 таси “Гулобод” қўрғонида, 5 таси “Газчилар” маҳалласида, 15 таси “Паррандачилик” маҳалласида, 4 таси “Ёшлик” маҳалласида, 7 таси Хожа Аҳрор маҳалласида, 2 таси “Қуйи Қайнама” маҳалласида ва 1 тадан “Меҳробод” ва “Найзатеппа” маҳаллаларида жойлашган. Афсуски, ушбу кўпхонадонли уйлардаги ҳолат бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермайди. Мавжуд 2 та уй-жой мулкдорлар ширкати деярли фаолият кўрсатмаяпти.
Янги ташкилотимиз ушбу муаммоларни жойида ўрганиб, амалга ошириладиган ишларни режалаштиради. Шунингдек, уй-жой коммунал хизмат кўрсатишда ягона давлат сиёсатини юритган ҳолда тармоқлараро мувофиқлаштириш, уй-жой фонди, ичимлик ва оқова сув, иссиқ сув ва иссиқлик энергияси тизимларини тубдан реконструкция қилиш ва модернизациялаш, уй-жой фонди ҳамда коммунал соҳа объектларини қуз-қиш мавсумига тайёрлаш, аҳолини электр энергияси ва табиий газ билан узлуксиз таъминлашда юқорида айтганимиздек, тармоқлараро мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни амалга ошириш асосий вазифамиз қилиб белгиланган. Бир сўз билан айтганда, аҳолига юқори сифатли коммунал хизмати кўрсатиш, уларнинг турмуш маданиятини янада юксалтиришга ҳисса қўшиш бош мақсадимиздир.

Суҳбатни Т.ЮСУПОВ ёзиб олди


Дата добавления: 18/08/2017 18:33;   Просмотров: 1372
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку