Маҳалла қадимулайёмдан тарбия ўчоғи, урф-одат, қадриятлар макони бўлиб келмоқда. Бунда ёш авлодни миллий руҳда тарбиялаб, ота - боболардан авлоддан-авлодга ўтиб келаётган турли удумларни ўзлаштириб, халқимизнинг ўзига хос турмуш тарзини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга сабаб бўлмоқда.
Шу боисдан мустақиллик йилларида маҳаллага давлат томонидан алоҳида аҳамият қаратилди. Маҳалла тизимини янада ривожлантириш мақсадида ҳукуматимиз томонидан кўпгина қарор ва фармонлар чиқарилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида"ги Қонунни матбуот саҳифаларидан ўқиб чиқдим.
Ҳаммамизга маълумки, бугунги фуқаролар йиғини раиси ваколат муддати 2,5 йил қилиб белгиланганди. Тўғриси, бу муддат ичида раис томонидан белгиланган режани етарли даражада амалга ошириб бўлмасди. Хусусан бирон бир бунёдкорлик ишини бошлаган бўлса, жумладан спорт комплексими, маданият мажмуасими уни охирига етказиб бўлмасди.
Эндиликда 3 йилга сайланадиган МФЙ раислари ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтира олиши мумкин бўлади. Бундан ташқари, маслиҳатчиларнинг раис (оқсоқол) билан бир вақтда сайланиши мақсадга мувофиқ эмас, дейилганини ҳам қўллаб-қувватлайман. Чунки МФЙда 8 та комиссиянинг маслаҳатчиларини сайлаш керак бўлади. Муқобиллик принципига кўра ҳар бир ўринга 2 тадан номзод кўрсатилиши лозим. Бу эса пала-партишлик ва қийинчиликка олиб келади.
Янги қонунга кўра аввал фуқаролар йиғини раиси сайлови, кейин бир ой ичида маслаҳатчиларни сайлаш ҳамда комиссияларни шакллантириш нормаси киритилган. Албатта бу мақсадга мувофиқдир.
Илгари ўтказиладиган сайловнинг очиқ овоз бериш йўли билан ўтказилиши кишиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришларига салбий таъсир кўрсатарди. Эндиликда фуқароларнинг таклиф-истаклари инобатга олиниб, маҳалла раиси сайловида яширин овоз бериш йўли билан сайланиши маъқул ҳолатдир.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур янги қонуннинг қабул қилиниши фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органларига сайлов жараёнининг янада очиқлигини таъминлайди. Бу фуқаролар йиғинининг кадрлар салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.
Олимжон ҒАФУРОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.