Билим масканида қишлоқ меҳнаткашларининг 711 нафар ўғил-қизи 53 нафар устоз-муаллимлардан сабоқ олишади, фан асосларини ўрганишади. Ҷунки, мактабда ўқитувчиларнинг келажак авлодга билим бериши, дам олиши ва ўқувчиларнинг машғулотлардан ниманидир ўрганишлари учун ҳамма шароитлар муҳайё этилган.
Бундан хурсанд бўлган жамоамиз ўтган ўқув йилини қувончли натижалар билан якунлаб, Янги - 2018 йилга ёруғ юз билан кириб келдилар. Бу борада айниқса, Гулчеҳра Акрамова, Нигора Исаева, Фируза Абдуллаева, Нилуфар Бурхонова, Маъмура Мўминова, Холида Ҳамдамова, Лола Бозорова каби ўқитувчиларнинг қўлга киритган муваффақиятлари мақтаса арзигули бўлди. Улар раҳбар бўлган синф ўқувчилари дарс машғулотларига юз фоиз иштирок этишди, фанларни эса “яхши” ва “аъло” баҳоларга ўзлаштиришди.
Ҳар ким янги йилга қадам қўяр экан янги режалар тузади, ишни эса яхши кайфият билан бошлашни қалбига тугади. Мен ҳам шуларга амал қилган ҳолда ўтган йили амалга ошмай қолган ишларни бу йил бажариш ниятида режамга киритдим. Ўтган йилнинг менда катта таассурот қолдиргани Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси бўлди. Унда Юртбошимиз: “.... Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Бу ўзгаришларнинг дастлабки натижалари аҳолимиз ҳаёти ва кундалик турмушида ўзининг яққол ифодасини топмоқда, эл-юртимизнинг ижтимоий фаоллиги, эртанги кунга ишончи ўсиб бормоқда...”
Ҳақиқатан ҳам халқимиз Юртбошимизни эртани кўра биладиган раҳбар сифатида танийди ва у киши томонидан чиқарилаётган ҳар бир фармон-у қарорларни қўллаб-қувватлайди. Юртбошимизки, халқини ўйлаб иш юритаётган экан, нечун биз ишламайлик. Ишлашимиз, олдимизда турган вазифаларни эса сўзсиз бажаришимиз шарт. Шу ўринда рақамларга мурожаат қиламиз: Бошланғич синфлар 12 та бўлиб, уларда 356 нафар кичкинтой ўқийди. Аллақачон болажонларимизнинг ҳаммаси ўқиш-ёзишни билади, айниқса инглиз тилида сўзлашишни ҳам ўрганиб олишган. Иқтидорли, фан олимпиадалари, беллашувларда фаол қатнашиб, юқори натижалар соҳиби бўлаётганлар сони 400 нафарга яқинлашган. Мактаб кутубхоначиси Рамзия Иноятуллаеванинг саъй-ҳаракати билан барча ўқитувчи ва 600 нафарга яқин болажонларимиз кутубхонага аъзо бўлиб, китоб ўқишда фаол.
Албатта бундай натижалар ҳаммани қувонтиради. Янги йил - Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида ҳам бир қанча ишларни амалга оширишимиз лозим. Биринчи навбатда билим маскани шуҳратини кўтариш, иқтидорли, ҳар қандай вазифани сўзсиз бажарадиган, мамлакат чақириғига “лаббай” дея жавоб берадиган ёшларни тарбиялашимиз шарт. Бунинг учун бизда ҳамма шароитлар муҳайё этилган. Юртбошимиз айтганларидек: “... ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмасак, ўзимиз ўзимизни алдамасак, ҳалол-пок меҳнат қилсак, мен аминман, кўзлаган барча марраларимизга албатта етамиз”.
Н.МУҲИДДИНОВА,
12-умумтаълим мактаби директори
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.