Бугун ҳар бир соҳада инновация ва изланиш, янги ютуқларга эришиш мустаҳкам рақобатни йўлга қўйишда муҳим омил бўлмоқда.
Хусусан, мамлакатимизда аграр соҳани ислоҳ қилиш, қишлоқ хўжалигида ҳам замонавий усуллардан оқилона фойдаланиш ижобий самаралар беряпти. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 майдаги «Ихтисослаштирилган сўйиш корхоналари фаолиятини тартибга солиш ҳамда истеъмол бозорига гўшт ва гўшт маҳсулотларини етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 386-сонли қарорига мувофиқ деҳқон ва фермер хўжаликлари айниқса, аҳоли қарамоғидаги чорва моллари сони, улардан олинадиган маҳсулот миқдорининг ошиши ҳисобига қўшимча даромад олиш ҳамда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Алоҳида таъкидлаш лозимки, аҳолини қишлоқ хўжалиги ҳайвонларида учрайдиган юқумли касалликлардан муҳофаза қилиш, мол сўйиш, гўшт ва гўшт маҳсулотларини тайёрлаш ва сотишни ташкил этишда ветеринария-санитария қоидаларига қатъий риоя этилиши ва истеъмол учун етказиб берилаётган гўшт ва гўшт маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлигини таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан саналади. Шунинг учун ҳам бу борада инновацион технологиялар асосида ташкил этилаётган янги замонавий кушхоналар ўрни аҳамиятлидир. Тумандаги «Чордара» Агротехсервис-агрофирмаси ҳудудида ҳам «Сам Тери Тайёрлов» МЧЖнинг худди ана шундай кушхонаси ўз фаолиятини бошлади. 30 та ишчи ўринга эга янги корхонада механизациялашган ва автоматлаштирилган асбоб-ускуналар билан жиҳозланган кушхона, ветеринария лабораторияси, мол ва қўй сақлаш биноси ҳамда тери ва жун сақлаш омбори мавжуд бўлиб, ишчилар учун ҳам шарт-шароитлар яратилган. - Бир кунда ўртача 300 бош йирик шохли ва 1000 бош майда шохли молларни сўйиш қувватига эга корхонамизда, сўйишга олиб келинган моллар дастлаб ветеринария кўригидан ўтказилади, – дейди корхона раҳбари Ҳожи Олим Козимов. – Касал деб топилган чорва моллари соғломлаштириш учун қайтарилади. Энг муҳими молларни сўйиш, гўштларни қадоқлаш фақатгина мутахассислар назорати остида амалга оширилади. Яқинда ана шу янги корхонанинг фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда «Ўзчармсаноат» уюшмаси бошқарув раисининг ўринбосари Ш.Сафаров, туман ҳокими Ш.Жамоловлар иштирок этишди.
Тошпўлат ЮСУПОВ,
«Гулобод тонги» газетаси мухбири
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.