Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЯНГИ БОШҚАРУВ ОРГАНИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари - “Маҳалла” тушунчаси мамлакатимиз Конституциясига киритилиб, унинг жамият бошқарувидаги ўрни ва конституциявий мақоми қатъий белгилаб қўйилди. Шу пайтга қадар маҳаллалар ҳамда улардаги жамоатчилик тузилмалари фаолиятига оид 20 га яқин Низом қабул қилиниб, ижтимоий ҳаётга тадбиқ этилди. Тизимда фаолият кўрсатаётган ходимларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув курслари ҳамда “Маҳалла” маърифий телерадиокалани фаолият кўрсатмоқда.

Маҳалланинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётган бўлиб, биргина 2016 йилда з та фуқаролар йиғинининг хизмат бинолари жорий таъмирланди. 3 таси реконстуркция қилинди ва 2 тасининг бинолари янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маҳаллий аҳамиятга молик масалалари самарали ҳал қилишдаги ролини ошириш, фуқаролар йиғинларининг муштарак манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни белгилаб берди. Хуллас, Фармонда маҳалла институтини янада такомиллаштириш бўйича 5 та устувор йўналишлар белгилаб берилдики, улар:
– фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги ўрни ва ролини янада кучайтириш, уларни жойларда халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш;
– жамиятимизда ўза-ро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришда, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришда маҳаллаларнинг аҳамияти ва нуфузини янада ошириш;
– ёшларни маънавий бой ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ёш авлодни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини, кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;
– жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда, фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини кучайтиришда маҳаллаларнинг бевосита иштирокини кенгайтириш;
– фуқароларнинг ўзи-ни ўзи бошқариш органлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳамда улар фаолиятини мувофиқлаштиришнинг самарали механизмларини жорий этиш, маҳалла тизимида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлашдир.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашига юридик шахс мақомини берган ҳолда уни фуқаролар йиғинларининг уюшмаси шаклида ташкил этиш назарда тутилмоқда. Шунинг учун жойларда кенгашларнинг таркибий тузилмалари ташкил этилмоқда.
Яқинда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувоқлаштириш бўйича туман Кенгашининг ташкилий йиғилиши бўлиб ўтди. Савдо-саноат палатаси Самар-қанд вилоят бошқармаси бошлиғи Жамшид Ўроқов раислигида ўтказилган тадбирда бешта масала, яъни туман кенгашини тузиш, аъзоларни тасдиқлаш, Кенгаш намунавий Низомини муҳокама қилиш, ижро аппаратининг тузилмасини тасдиқлаш, Кенгаш раиси, биринчи ўринбосари, раиснинг ёшлар ишлари бўйича ўринбосари, диний-маърифий масалалар бўйича ўринбосари, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари, Кенгаш котибини тасдиқлаш, Республика Кенгаши таъсис Конференцияси, вилоят Кенгаши ташкилий йиғилишига вакиллар сайлаш масалалари кўриб чиқилди.
Бўлиб ўтган йиғилишда туман Кенгаши раислигига жамоатчилик асосида туман ҳокими Ботир Қодиров, унинг биринчи ўринбосари этиб Зебунисо Шодиева сайланди. Руслан Ғаффоров - ёшлар ишлари бўйича, Сожида Насриева - диний-маърифий масалалар бўйича, Истам Норқулов - кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари, Фируза Муҳиддинова эса кенгаш котиби, ташкилий-услубий гуруҳ бош мутахассиси лавозимига сайландилар.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши таъсис Конференциясига Шўрбойи фуқаролар йиғини раиси Асатилло Каримов делегат этиб сайланди. Бундан ташқари, вилоят Кенгаши ташкилий йиғилишига делегатлар ҳам сайланди.
Йиғилиш кун тартибидаги барча масалалар кўриб чиқилди ва улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Нормамат ОЛИМОВ


Дата добавления: 31/03/2017 14:55;   Просмотров: 2054
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку