Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЯНАДА ТАШАББУСКОР ВА ФАОЛЛИК ТАЛАБ ЭТИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан 2017 йил 12 июлдаги видеоселектор йиғилишидаги маърузасининг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, партиямиз фаолиятидаги камчиликларни таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш, ўз электоратимиз олдида партиямизнинг сайловолди дастурларида илгари сурилган ғоя ва мақсадларни кўрсата олишимиз бугунги куннинг талабидир.

Ўйлаб кўрайлик, таърифга арзигулик улкан ишлар амалга оширилаётган бир пайтда , биз халқ ишончига сазовор бўлган депутатлар ва сиёсий партиялар шунга муносиб бўла олаяпмизми?
Бугунги замон кечагисидан тубдан фарқ қилади. Ҳозир тинмасдан ишлаш, изланиш пайти. Халқимизнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти анча юксалган, улар қуруқ ҳисоботларга ишонмайди. Ўзи сайлаган депутат қандай амалий иш қилаётганини кузатиб, билиб турибди. Шунинг учун сайловчиларимиз, электоратимиз орасида юзимиз ёруғ бўлиши учун хотиржамлик кайфиятидан бутунлай воз кечишимиз керак.
Биз фақат тадбирлар ўтказиш билан чекланиб қолмасдан, қуруқ маърузалардан иборат семинарлар билан партия аъзоларининг вақтини бекорга сарфламасдан аксинча, уларнинг ҳаётий таклифларини олишимиз, жойларда биз билмаган камчиликлар, муаммоларни ўрганишимиз лозим. Бунинг учун барчамиз янада ташаббускор ва фаол бўлиб, халқ ичига кириб бориб, одамлар билан кўпроқ мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда фидойи бўлишимизни ва айниқса, бугунги сиёсий жараёнда депутатлар, сиёсий партиялар ўзларининг мустаҳкам позицияларига эга бўлиб, фаолият юритишлари давр талабидир.
Эътироф этиш лозимки, Юртбошимиз айтган таклиф, мулоҳаза, топшириқлар бизни жуда руҳлантириб юборди. Ишимизни қайтадан тиклашга, ЎзМТДП туман кенгаши ва унинг депутатлик гуруҳи туман ҳокимлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 12 июль кунидаги маърузасидан келиб чиқиб, туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича чора-тадбирларимизни туздик. Агар ҳар йили ЎзМТДП туман сессиясига “Автомобилларга газ балонларни қўллашнинг хавфсиз тизимини яратиш тўғрисида”, “Туманда тўй ва бошқа маросимларни тартибга солиш тўғрисида”, “Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини суғурта қилиш тўғрисида” каби мавзуларни олиб чиққан бўлсак, Халқ депутатлари туман кенгашида фаолият юритаётган доимий комиссияларнинг айби билан “Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик кодекси нормаларининг ижроси тўғрисида”, “Интернет ва ёшлар” сингари масалалар туман сессиясига ҳалигача тавсия этилмаган.
Эндиликда сиёсий партиялар ва уларнинг депутатлари авваламбор ҳамкорлигимизни кучайтириб, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига тўсиқ бўлаётган муаммолар бўйича таклифларимизни сессияларга олиб чиқишимиз, мансабдор шахсларнинг масъулиятларини янада ошириш мақсадида уларнинг ҳисоботларини мунтазам эшитиб боришимиз ва аниқ таклифлар асосида муаммолар ечимини излаб топишимиз зарур бўлади.
Бунинг учун ҳамкор ташкилотларимиз билан яқиндан ҳамкорликда ишлаш – давр талабидир.

Раҳимжон НАИМОВ,
ЎзМТДП туман кенгаши раиси


Дата добавления: 04/08/2017 14:57;   Просмотров: 1283
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку