Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЯНА ИЖТИМОИЙ МАДАД

Муҳтарам юртбошимиз саъй - ҳаракатлари ва бевосита ғамхўрликлари туфайли аҳоли турмуш даражасини ошириш, яшаш сифатини яхшилаш, моддий жиҳатдан кўмаклашиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ажралмас таркибий қисмидир. Президентимиз фармонига асосан шу йил, биринчи августан иш ҳаққи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини оширилиши фикримизнинг далилидир.

ХУРСАНДЧИЛИК
КЕЛТИРИЛГАН ХУШХАБАР
Мирзо Улуғбек маҳалласида истиқомат қилувчи Сайёра Хусенова оиласи жамулжам бўлиб, "ойнаи жаҳон"дан "Ахборот" дастурини кўришаётган эди, сухандон янгиликларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 1 августдан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 1,1 баробарга оширилгани тўғрисидаги фармонини ўқиб эшиттирди. Халқ таълими фахрийси, собиқ математика фани ўқитувчиси бу янгиликдан хурсанд бўлиб, ўзининг пенсияси ва оиласидаги фарзандлари, келинлари, олийгоҳларда таҳсил олаётган набираларининг стипендиялари қанчага кўпайганини ҳисоблаб, ҳаммага маълум қилди. Эртасига аёллар анъанага кўра тор кўчадаги сўри устига ўтириб ўзаро суҳбатлашарди. Албатта, бу гал асосий мавзу - Туркия сериаллари эмас, Муҳтарам Юртбошимизнинг юқоридаги Фармони ҳақида бўлди.
- Ўрта ҳисобда бизнинг оила аъзоларимиз бир миллион сўмдан кўпроқ моддий манфаат кўради, - қувонч билан деди Сайёра Ҳусейнова, - агар буни бутун республика бўйича ҳисоблаб чиқсак, триллион - триллион сўмни ташкил этади.
- Президентимизнинг "Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади" деган ибратли сўзлари бор, - сўҳбатга қўшилди собиқ 14-ўрта мактаб физика фани ўқитувчиси Хуршеда Акрамова. - Албатта, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай ғамхўрликлардан кўксимиз тоғдек кўтарилди. Булар халқимизнинг янада бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришлари йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатлардир. - Дарҳақиқат Юртбошимизнинг 2019 йил 12 июлдаги фармон асосида тумандаги 27 минг 603 нафар пенсия ва нафақа олувчиларнинг нафақалари 1,1 баробарга оширилди, - дейди бюжетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлими бошлиғи Фирдавс Ғаниев, - туманда истиқомат қилувчи I -гуруҳ нафақаси олувчилар 159 нафар бўлиб, уларнинг нафақаси ўрта ҳисобда 55 минг 750 сўмга оширилади.
– Фирдавс Абдураупович, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 майдаги "Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида" ги фармони мазкур соҳада хос янги қадам бўлди. Сизнинг фикрингиз?
- Мазкур ҳужжат қабул қилингунга қадар иш ҳақи, солиқлар, йиғимлар, жарима ва бошқа тўловлар ҳамда пенсия ва унга устамалар миқдорини аниқлаш учун умумий кўрсаткич сифатида энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан фойдаланилган. Ўз навбатида, энг кам ойлик иш ҳақи ошганида нафақа, пенсия, божлар, жарима ва бошқа тўловларнинг мутлақ миқдори ҳам ошарди. Шу билан бирга, ҳозирда энг кам ойлик иш ҳақини кўплаб тўловлар миқдорини аниқловчи умумий кўрсатгич сифатида қўллаш жамиятни ривожлантиришнинг асосий стратегик йўналишларини таъминловчи иқтисодиётнинг "нозик созлаш" механизмларидан фойдаланиш имконини бермаяпти. Бундан ташқари, меҳнатга ҳақ тўлаш соҳасида мазмунан бир хил, лекин таркиби ва миқдори бўйича турлича бўлган энг кам иш ҳақи ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори тушунчаларини қўллаш, аниқроғи, қонун ҳужжатларида фойдаланишда сезиларли хатоликларга олиб келаётир. Иш берувчи ва ишчилар кўп ҳолларда ушбу тушунчаларнинг қай бири меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича кафолат эканини тушунишмайди.
Энди нима ўзгаради?
– Юқоридаги фармонга асосан, 2019 йил 1 сентябрдан таъсир этиш соҳаси ва ўрнатилган миқдоридан келиб чиқиб, бир-биридан фарқланадиган учта кўрсаткични амалиётга татбиқ этиш кўзда тутилмоқда. Биринчидан, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори меҳнат муносабатлари ва бандлик соҳасида фойдаланилади ҳамда меҳнат меъёрларини тўлиқ бажарган ишчиларнинг меҳнатига ҳақ тўлашнинг, шунингдек, ишсизлик бўйича нафақаларнинг энг қуйи чегараси ҳисобланади. Иккинчидан, базавий ҳисоблаш миқдори тадбиркорлик субъектлари томонидан иқтисодий фаолиятни олиб бориш учун тўланадиган солиқлар, йиғимлар, жарималар патент нархлари ва бошқа мажбурий тўловлар миқдорини ҳамда оилаларнинг кам таъминланганлик мезонини белгилаш учун фойдаланилади. Учинчидан, пенсия ҳисоблашнинг базавий миқдори пенсия ҳисоблашда қўлланиладиган иш ҳақи миқдорини, меҳнатда майиб бўлганлик билан боғлиқ пенсияга устама ва тўловларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорини ҳисоблашда қўлланилади.
Бундай тартибга ўтиш молия тизимининг ижтимоий-иқтисодий устувор йўналишлари ва имкониятларидан келиб чиқиб, базавий тўловлар миқдорини бир-биридан мустақил, дифференциал тарзда ўзгартириш имконини беради. Жумладан, эндиликда солиқлар, давлат божлари ва маъмурий жарималар миқдорини оширмасдан пенсия тўловларини жадал равишда ошириш мумкин бўлади.
Шу ўринда мисол келтирсак, ҳозиргача умумий овқатланиш корхонасида кўп ҳолларда ишловчи ходимларга ҳисоботларда энг кам иш ҳақи, яъни 202730 сўм иш ҳақи ҳисобланган. Ҳақиқатда "конверт усулида" ундан анча кўп миқдорда иш ҳақи тўланиб келинган. Эндиликда мазкур фармон билан барча хўжалик юритувчи субъект, ташкилот ва муассасаларда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 577170 сўмдан иборат бўлади.
Бунинг афзаллик томонлари шундаки, авваламбор, ходимларнинг пенсияга чиқиш даврида пенсия миқдори ҳисобланишида юқори сумма белгиланишига замин яратилади. Давлат бюджетига иш ҳақидан солиқ тўланиши ошади. Яширин иқтисодиётнинг камайишига ҳисса қўшилади.
Эндиликда пенсионерлар Пенсия жамғармасининг расмий веб-сайтида "Шахсий кабинет"ини очиши мумкин. Бу орқали улар ўзи ҳақидаги барча маълумотлар: тайинланган пенсия ва нафақалар миқдори, ҳисобга олинган даври ва бошқа маълумотларни онлайн тарзда кузатиб бориш имконига эга бўлади. Бундан ташқари, ҳар бир пенсия ва нафақа олувчи шахсга ID-card берилиши режалаштирилган. Бу карта пенсия гувоҳномаси ўрнида фойдаланилади. Шунингдек, метрополитен, авиа ва темир йўл билетларини сотиб олишда имтиёзларга эга бўлишади ва яна бир қанча вазиятларда қўллаш мумкин.
Соҳадаги бундай янгилик ва ўзгаришлар, замонавий компьтер технологияларининг жорий этилиши аҳолига кенг қулайликлар яратилиши ҳамда тизимда турли коррупцион ҳолатларнинг бартараф этилишида қўл келиши шубҳасиз.
Жамоангиз билан таништирсангиз.
- Бизнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлимида 20 нафар ходим бор. ўринбосарим Илҳом Ваҳҳобовни идора пири десак, муболаға бўлмайди. Чунки, у киши энг кекса ва ҳурмат-эҳтиромга сазовор ходим ҳисобланади.
Шунингдек, мижозлар Бахтиёр Қосимов, Матлуба Муртазоева, Дилфуза Қулизода, Жамшед Турсунмуродов, Саноат Раупова, Зафар Боймуҳаммадова ва бошқалардан миннатдор. Зеро улар элга хизматни олий ҳиммат, деб билишади.
Фирдавсжон, сизнинг истакларингиз?
- Аввало туман аҳолисини энг буюк ва энг муқаддас байрам - Ўзбекистон Республикаси истиқлолининг 28 йиллиги билан табриклайман.
Ҳар бир фуқарони Пенсия ёшига етказсин. Уларнинг нафақалари яхши кунларга насиб этсин.

Суҳбатни
Зоҳир ҲАСАНЗОДА ёзиб олди.


Дата добавления: 02/08/2019 15:25;   Просмотров: 808
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку