Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Яна бир ҒамхЎрлик тимсоли

Муҳтарам Юртбошимизнинг 2018 йил 12 декабрда қабул қилинган "Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қуватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони Ўзбекистонда ёши улуғ инсонларни эъзозлаш, уларнинг бой ҳаётий тажрибасидан фойдаланиш, жамият равнақига бўлган юксак эътиборнинг амалий ифодаси бўлди.

Ҳозирги кунда туманимизда 670 нафардан зиёдроқ ишловчи пенсионерлар бўлиб, уларнинг фақат 107 нафари ёки 16 фоизи ўз пенсияларини тўлиқ олишади. Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил декабрь ойидаги қарорларига асосан 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб барча тиббиёт муассасаларида ишловчи шифокор-пенсионерлар ўз пенсияларини тўлиқ олиш имкониятига эга бўлдилар.
Кейинчалик, жорий йилнинг ўтган даврида қабул қилинган қарорлари асосида яна бир қатор тоифадаги ишловчи пенсионерлар - Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши тизимида ишловчи, нодавлат-нотижорат ташкилотларида ишловчи, пенсионерларга ушбу имконият берилди.
Шундай бўлсада, 563 нафардан ортиқ ёки 84 фоиз ишловчи пенсионерлар бундай имкониятдан маҳрум бўлиб, пенсияларининг фақат ярмини, яъни 50 фоизини олиб келишмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармонлари билан 2019 йил 1 январдан бошлаб нафақат ушбу тоифадаги, балки барча тоифадаги ишловчи пенсионерларга пенсияларини тўлиқ миқдорда тўлаш белгиланди.
Бу эса, ўз навбатида, кекса ёшдаги фуқароларга пенсияга чиққандан кейин ҳам мамлакатимизнинг жамоат ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида тенг иштирокини таъминлашга, ёшларга ўзларининг касбий маҳорати, бой ҳаётий ва меҳнат тажрибаларини сингдиришга имконият яратади.
Бундан ташқари, юқори иш ҳаққи ҳисобидан пенсияга чиққан фуқароларимизга муносиб пенсия миқдорини белгилаш орқали ижтимоий адолат принципини қарор топтириш мақсадида ушбу фармонда пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳаққининг максимал миқдорини энг кам ойлик иш ҳаққининг 8 баробаридан 10 баробаригача оширилиши ҳам белгиланди.
Амалдаги тартибга асосан, юқори миқдорда ойлик иш ҳаққи олувчи фуқароларга пенсияни ҳисоблашда фақат энг кам ойлик иш ҳаққининг 8 баробаригача бўлган даромади инобатга олиниб, ундан юқори қисми ҳисобга олинмас эди.
Масалан, ўртача ойлик иш ҳаққи - 2 200 000 сўм ва меҳнат стажи 35 йил бўлган фуқарога амалдаги тартиб бўйича пенсия ҳисоблашда 1621000 сўм (энг кам иш ҳаққининг 8 баравари) инобатга олинган (қолган қисми, яъни 579000 сўм ҳисобга олинмаган), шундан келиб чиқиб ушбу сумманинг 55 фоизи, яъни пенсиянинг таянч миқдори (891 550 сўм) белгиланиб, талаб этиладиган (25 йил) дан ортиқча ишлаган 10 йилнинг ҳар бир йили учун 1 фоиздан қўшимча ҳисобланиб, пенсиянинг умумий миқдори 1 054 000 сўмни ташкил этар эди.
Янги тартиб бўйича эса, ушбу фуқарога ўртача ойлик иш ҳаққи 1 621000 сўм эмас, 2 027000 сўм (ЭКИҲ нинг 10 баравари) миқдорида ҳисобга олинади. Бунда, пенсиянинг таянч миқдори 1 115000 минг сўмни, ортиқча ишлаган йиллар учун қўшимчани ҳисобга олган ҳолда пенсиянинг умумий миқдори 1 317000 сўмни ташкил этади ёки 263000 сўмга ошади.
Шуни таъкидлаш керакки, бу фармон нафақат 2019 йил 1 январдан кейин пенсияга чиқувчиларга, балки шу тоифага кирувчи ҳозирги кунда пенсия олиб турган пенсионерларга ҳам татбиқ этилади ҳамда уларнинг пенсиялари қайта ҳисоблаб чиқилади.
Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, туманда жами 1446 нафардан ортиқроқ пенсионерларнинг пенсия миқдорлари ўртача 65000 сўмдан 265000 сўмгача ошади.
Шу ўринда эслатиб ўтиш керакки, пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш фақат иш ҳаққи тарзидаги ўртача даромади амалдаги энг кам иш ҳаққининг 8 бараваридан ортиқ бўлган фуқаролар учун амалга оширилади. Бунда даромадларни ошиб бориши тартибида пенсиялар ҳам ҳар хил миқдорда оширилиши кузатилади.
Агар фуқароларда мазкур масалалар билан боғлиқ саволлар туғилса, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлимининг 612 - 53 - 51 рақамли телефонларига мурожаат қилиб, жавоб олишлари мумкин.

Фирдавс ҒАНИЕВ,
Бюджетдан ташқари пенсия
жамғармаси туман бўлими
бошлиғи


Дата добавления: 28/12/2018 16:32;   Просмотров: 944
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку