Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЯГОНА УМУМЮРИСДИКЦИЯ СУДЛАРИНИНГ ТАШКИЛ ЭТИЛИШИ ХАЛҚАРО ТАЖРИБАГА ҲАМОҲАНГ

2020 йил 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони суд амалиётидаги камчиликларнинг барҳам этилишида муҳим аҳамият касб этади. 
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар бирлаштирилиб, ягона умумюрисдикция судларининг ташкил этилиши суд амалиётидаги айрим муаммоларни бартараф қилади. Ва бу амалиёт бугунги кунда бир қатор Европа ҳамда Осиё давлатларида жорий этилган.
Маълумки, сўнгги йиллардаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижасида Маъмурий судлар вужудга келди. Бу судлар асосан, оммавий-ҳуқуқий низоларни кўришга ихтисослаштирилди. Ташкил этилганидан кейинги даврдаги амалиёт маъмурий судларни ҳам такомиллаштириш заруриятини вужудга келтирди. Шунинг учун фармонда, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш;
маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши ҳамда самарали маъмурий одил судлов тизимини яратиш вазифаси белгиланди.
Шу билан биргаликда, фармонда фуқаролик ишлари бўйича Ургут туман судининг ташкил этилиши жуда ўринли эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Сабаби, Самарқанд вилояти туманлари орасида тадбиркорликнинг ривожланиши, аҳолисининг кўплиги ва бошқа жиҳатлари билан алоҳида ажралиб турадиган бу туманда фуқаролик ишлари бўйича суд ташкил этиш зарурияти бор эди.
“Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонида белгиланган вазифалар суд амалиёти атрофлича ўрганилиб, таҳлил қилинган ҳолда ишлаб чиқилган. Шунинг учун ҳам мазкур фармон суд органлари фаолиятини бугунги замон талабларига мувофиқлаштиришга тўла асос бўлади.
Толиб БАЙЗАКОВ,
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани суди раиси

Последнее редактирование: 12/08/2020 22:38;   Просмотров: 760
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку