Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Хотин-Қизларга тазйиҚ ва зЎравонлик эмас, эҲтиром керак

Маълумки, аёлни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш ўзбек халқига хос олижаноб хусусиятлардан бири сифатида қараб келинган.

Миллий қадриятларимизда хотин қизларга нисбатан ҳурмат, уларни еъзозлаш юксак аҳамият касб этиши билан бир вақтнинг ўзида бу қадриятлар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган ҳолда ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамиятга эга бўлиб бораётир.
Шу маънода Ўзбекистонда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш борасида давлат аҳамиятига молик тарихий ишлар амалга оширилаяпти, десак хато бўлмайди.
Зеро, жамиятда сиёсий, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги аёлларга, ёшларга, оилага бўлган муносабат ва эътибор билан боғлиқ.
Ўзбек миллатининг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, оиланинг оилада эса аёлнинг ўрни ва таъсири беқиёсдир.
Чунки инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оила бағрида ва она тарбияси билан шаклланиши ҳеч кимга сир эмас.
Юртимиз хотин-қизларининг жамиятдаги ўрни, уларнинг оилага бўлган муносабатлари, ижтимоий ҳаётдаги роли ғоят муҳим аҳамиятга эгалиги боис уларнинг фуқаролик мавқеи ҳар жиҳатдан юқори баҳоланмоқда.
Ҳуқуқий давлат ва демократик жамият қуриш йўлидан дадил одимлаб бораётган мамлакатимизда хотин-қизларнинг эркаклар билан барча соҳада тенглигини таъминлашга, уларни улуғлаш ва қадрлашга, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган миллий ҳуқуқ тизими яратилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, хотин-қизларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган барча қонун ҳужжатлари халқаро ҳуқуқий меъёрларга асосланади.
Ўтган йилларда мамлакатимизнинг қатор халқаро ташкилотларга аъзо бўлгани инсон ҳуқуқлари, жумладан, аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида муҳим ҳисобланган Аёлларга нисбатан барча турдаги камситишларни тугатиш тўғрисидаги, Аёлларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги, Аёл ва эркакларни бир хил қийматга эга меҳнат учун бир хил рағбатлантириш тўғрисидаги, Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенциялар, Пекин платформаси ва Ҳаракатлар режаси каби халқаро ҳужжатларга қўшилишга асос бўлди. Бундан ташқари, гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларида асосий тамойилларнинг бири сифатида белгиланди.
Миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун ҳамма жойда барча хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш, уларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини, шу жумладан, одам савдоси, жинсий эксплуатация ҳамда эксплуатациянинг бошқа шаклларини, эрта никоҳлар ва зўрлаб никоҳлашни тугатиш каби қатор чора-тадбирлар назарда тутилган.
Аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар ичида Ўзбекистон Республикасининг "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуни алоҳида ўрин эгаллайди. Мазкур қонунда хотин-қизларга нисбатан жамиятда учрайдиган барча турдаги тазйиқ ҳамда жинсий, жисмоний, руҳий ва иқтисодий зўравонликдан ҳимоя қилиш механизмлари аниқ белгилаб қуйилган.
Қонуннинг 7-моддасида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасидаги ваколатлари белгилаб берилганлиги айни муддао бўлди.
Энг мухим янги тартиблардан бири, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ўзига нисбатан содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсация қилиниши тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиш ҳамда жабрланувчи етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этганда давлат божи тўлашдан озод қилиш ҳуқуқи белгиланди.
Бу эса ўз-ўзидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган
хотин-қизларнинг судга мурожаат қилиш борасидаги ҳуқуқи ҳам қонун билан кафолатланиши тургангап.
Қонундаги энг муҳим жиҳатлардан бири бу ҳимоя ордерини бериш билан боғлиқ ҳолат бўлиб, унга кўра эндиликда тазйиққа дуч келган хотин-қизларга ҳимоя ордери берилади.
Яъни, Қонунда ордер бериш тартиби, унинг муддатини узайтириш, ҳимоя ордерида назарда тутиладиган чекловлар акс этган.
Хулоса қилиб айтганда, қонун ҳар бир жабҳада, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда хотин-қизларга бўлган ҳурматни ошириш, тазйиқ ва зўравонлик ҳолларининг олдини олиш механизмларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Нурия НОРМАТОВА,
вилоят хокимлиги
Юридик хизмат раҳбари


Последнее редактирование: 06/01/2020 13:47;   Просмотров: 729
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку