Унда янги паспорт олинг
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони билан юртимизда фуқароларнинг хорижга чиқиш учун янги паспорт жорий этиш белгиланган эди.
Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизда жорий йил 7 январдан бошлаб вилоят ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасида фуқаролар қабул қилиниб, хорижга чиқиш паспорти учун талабномалари шакллантирилмоқда. Вилоят ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Олим Норқулов сўзларига кўра, ҳафтанинг якшанба кунидан ташқари қолган барча кунларда соат 7:00 дан 20:00 гача фуқаролар мурожаатлари қабул қилинмоқда. Улар 2 нусха ариза анкетаси, 2 дона фотосуратлари ва паспортлари билан келиб, анкета тўлдирадилар. Тўлов кейинчалик амалга оширилиб, яъни энг кам ойлик иш ҳақининг 120 фоизи (бугунги кунда 243.276 сўм) миқдорида квитанция олади ва ҳужжатлари тақдим қилинади. Айни пайтда боиметрик ва биографик маълумотларни қабул қилиш аппарати 2 дона бўлиб, улар билан бир кунда 150-200 кишини суратга тушириш мумкин. Яқин кунларда яна икки дона аппарат олиб келиниши кутиляпти. Бу фуқароларнинг кутиб қолиш ҳолатларига чек қўяди. Келгусида барча туман ва шаҳар миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига ҳам биттадан аппарат ажратиш белгиланган бўлиб, фуқаролар ўзлари истиқомат қиладиган ҳудуддаги бўлимга бориб паспорт олишлари мумкин. Бундан ташқари, чет элларда ишлаётган, ўқиётган фуқаролар учун ҳам мамлакатимизнинг хориждаги элчихона ва ваколатхоналарида ушбу аппарат ўрнатиш назарда тутилган.
Айни кунда кекса ёшдаги фуқароларимиз, имконияти чекланган фуқаролар, ёш болали фуқаролар келган кунидан навбатсиз қабул қилиняпти. Кейинчалик бу фуқаролар учун мобиль қурилмалар ажратилиши кўзда тутилган. Ушбу қурилма ёрдамида фуқароларнинг яшаш хонадони ёки шифохоналарга бориб, ўша жойнинг ўзида фуқароликни расмийлаштириб бериш режалаштирилган.
Ҳозирча фуқароларнинг ортиқча овворагарчилик ва навбат кутишии олдини олиш мақсадида қабул куни белгиланган жетонлар жорий этилиб, ҳар куни 350-360 га яқин жетонлар тарқатилмоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари 16 ёшга тўлгандан кейин миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларидан амалдаги биометрик паспортларини олиши шарт. Кейинчалик хорижга чиқиш истагини билдирса, амалдаги паспорт асосида ҳужжат тўплаб хорижга чиқиш паспортини олишлари мумкин. Амалдаги паспортнинг икки йил муддатли чет давлатларга чиқиш рухсатномаси бўлган фуқаролар унинг муддати тугагунга қадар исталган давлатга чиқиш имкониятига эга. Агарда ушбу муддат тугаган бўлса, янги хорижга чиқиш паспортини олиш учун ҳужжат топшириши керак.
Айни пайтда иккита паспорт ҳам фуқаронинг шахсини тасдиқлашда бир хил кучга эга ва биометрик паспорт билан ҳам виза белгиланмаган давлатларга 2021 йилгача фуқароларимиз хорижга чиқиб келишлари мумкин.
Даволаниш мақсадида хорижга чиқаётган фуқаролар учун соғлиқни сақлаш бошқармасидан хулосалар тақдим қилинади ва бу фуқароларнинг мурожаати ҳам тез муддатда ҳал қилиб берилади.
Т.ЮСУПОВ тайёрлади
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.