Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ХОЖА АҲРОР ВАЛИЙ ҲАЁТИ - ИБРАТ МАКТАБИ

26 нафар ўсмирга шу саволни бердим: Хожа Аҳрор Валий бобомиз ким бўлган? Рости, улардан атиги 3 нафари жавоб беришди. Жавоблар ҳам аниқ ва жўяли бўлмади. Ваҳоланки, буюк ватандошимиз ўз фаолияти билан Мовароуннаҳр ва Хуросон халқларининг XV асрнинг иккинчи ярмидаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий ва маънавий ҳаётида ўчмас из қолдирган. Ўз даврида 25-30 йил мобайнида Марказий Осиёдаги халқларни бирлаштириш, сиёсатчиларнинг бошини қовуштириш орқали ҳар хил тўқнашувларнинг олдини олиш учун бор куч-ғайратини сарфлаган, "Шайхлар шайхи" деб ном олган бу улуғ зотнинг гапини бирор ҳукмдор, ҳоким, шаҳзода икки қилмаган. Чунки, халқ уни бошига кўтарган.

Хожа Аҳрор Валий Самарқандда машҳур уламолардан сабоқ олади. 1434 йилда Тошкентга қайтган Хожа Аҳрори Валий солиҳларни ҳақ йўлга даъват қилиш, шунингдек, зироатчилик ва савдо-сотиқ ишлари билан машҳур бўлади. Бунинг сабаби узоқ-яқиндан Хожа Аҳрор Валий ҳузурига илм истаб келган муридларнинг хаёли тирикчилик ташвиши билан паришон бўлмаслиги, уларнинг озиқ-овқат, кундалик эҳтиёжларни қондиришлари учун касб билан ҳам шуғулланишларини тақозо этганида эди.
Хожа Аҳрор Валий қайси ишга қўл урмасин, бош бўлмасин, Аллоҳнинг марҳамати билан, иш бароридан келиб, ҳосиллар баракали, савдолар фойдали бўлган. Ул зотнинг иш кўзини билиши, уддабуронлиги, тадбиркорлиги, ҳожатбарорлиги Мовароуннаҳр ва Хуросонда таҳсинга сазовор бўлган. Обрў-эътибори кундан-кунга ошиб, валийлик салоҳияти тилларда достон бўлган. Бунинг замирида эса ҳалоллик ва тўғрилик ётган. Хожа Аҳрори Валий 1450 йилда Абу Саъид Мирзонинг таклифи билан оиласини олиб Самарқандга кўчиб келган ва умрининг охиригача шу ерда истиқомат қилган.
Улуғ зотнинг Самарқандда султон маслаҳатчиси сифатида фаолият юритиши мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида жиддий ўзгаришларга олиб келди. Чунки, Хожа Аҳрор Валий нақшбандийлик тариқатининг пешқадами бўлиш билан бирга, фуқаро осойишталиги, ҳунар ва тижоратнинг равнақи учун ҳар қандай баҳсли муаммоларни келишув билан, уруш ва қон тўкишсиз ҳал этган. У ўз бобоси Шайх Хованди Таҳурнинг "Мулло бўлма, шайх бўлма, сўфий бўлма - мусулмон бўл" деган пурмаъно сўзларининг асл моҳияти, яъни оддий, пок, ҳалол, заҳматкаш ва комил инсон бўлишга даъватини яхши англагани учун ҳам инсонларга яхшилик қилиш, эзгу ишлари билан дунёни обод этиш, ғариб ва мискинлар аҳлидан огоҳ бўлишга ҳамиша интилди.
Б.Валихўжаевнинг "Хожа Аҳрор тарихи" китобида таъкидланишича Хожа Аҳрор Валий ихтиёридаги ерлар Тошкент вилоятидан то Амударё соҳилларигача бўлган жуда катта ҳудудни эгаллаган. Бу ҳудуд 58 минг гектар ерни ташкил этиб, унда миллионга яқин чорва, минглаб йилқи, беҳисоб экинзорлар бўлган. Шунингдек, ҳудудда кўплаб ҳунармандчилик устахоналари, савдо дўконлари фаолият кўрсатган. Ургут, Миёнкол, Самарқанд атрофидаги қишлоқларда Хожанинг уйлари ва боғлари бўлган. Аммо шундай беқиёс мол-мулкка эга бўлган Хожа Аҳрор Валий ўз ихтиёридаги ерлардан келадиган даромадни ўзи учун сарфламай, уни юртни ободонлаштириш, халқнинг оғирини енгил қилиш, солиқларини тўлаш, мадраса, масжид, хонақоҳ, шифохона, мусофирхона қуриш ишларига сарфлаган. Шунинг учун ҳам бу зотнинг номи халқ ичида шу кунгача ўз фахру ифтихорини улуғ зотга хос эътирофини сақлаб қолган. Бунинг исботини биз Хожа Аҳрор Валийнинг "бизнинг дунё (мол-мулк) билан шуғулланишимиз саховат ва карам қилиш учун эмас, балки одамларни тама қилишдан қутулиш учундир" деган сўзларида кўришимиз мумкин.
Хожа Аҳрор Валий ҳожатбарорлигининг ёрқин мисоли сифатида Умар шайх Мирзонинг Шош (Тошкент) аҳолисидан 250000 динор ҳажмида солиқ талаб қилган вақтида Хожа Аҳрорнинг бу солиқларни ўзи тўлагани ҳамда фуқароларнинг қишдан эсон-омон чиқиши учун яна қўшимча тарзда 70000 динорни ҳам солиқ йиғувчиларга топширганини айтиш ўринли. Бу ва бошқа мисолларда халқ назарида ул зотнинг нақадар ҳимматли ва покиза шахс сифатида намоён бўлгани яққол кўринади. Бошқача айтганда "Фақирлигим - фахримдир" деган ҳадисни дастуриамал қилган Хожа Аҳрор дунёвий бойлик ва фаровонликдан ўзи учун фойдаланмасликка интилган, ҳисобсиз мол-мулкка эга бўлса ҳам, барча тамаларни рад этиб, фақирона ҳаёт кечирган. Зеро, тасаввуф инсоннинг мол-дунё, бойликка эга бўлишига қарши бўлмаган, сўфийлар ичида бойлари ҳам, камбағаллари ҳам бўлган. Лекин, уларнинг асосий эътибори қалбга қаратилган. Улар умрни арзимас ва ўткинчи нарсалар, ҳою ҳавасларга сарфлашга қарши бўлганлар. Тарихда илм аҳли, шунингдек, сўфийларнинг ҳам савдо сотиқ ишлари билан машғул бўлгани, бундан мақсад эса бойликка кўнгил қўйиш эмас, аксинча мол-дунё ва бойликнинг моҳиятини тўғри тушуниб етиш ва уни эзгу ишларга сарфлаш эканини кўрсатувчи мисоллар талай. Шу маънода, бойликка меҳр кўргазмаган ҳолда, унга эгалик қилиш комилликнинг яна бир нишонаси ҳисобланган.
(Давоми кейинги сонда)

Баҳодир ШАРИПОВ,
Хожа Аҳрор Валий номидаги жомеъ масжиди имом-хатиби


Дата добавления: 08/03/2019 12:28;   Просмотров: 867
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку