Пахтазор. Лўппи-лўппи бўлиб очилган, чаноқларда маржондек осилиб турган оппоқ пахтани кўриб кўз қувнайди. Белига этак тутиб ҳашарга чиққан уй бекалари, маҳалла фаоллари, иш ахтариб юрган қалби қайноқ ёшлар пахта теришда ўрнак кўрсатиб, хирмонга ҳисса қўшиш иштиёқи билан тер тўкмоқда. Уларнинг ғайратини кўриб дилдан шеър қуйилиб келади:
Латиф бир шеър ёзай дейман пахтакорлар сиз учун,
Токи шеърим қалбингиздан бир умрга жой олсин.
Ҳормай-толмай йўлбарс мисол майдон кезарсиз кун-тун,
Чўнг билакли меҳнаткашлар сизга олқишлар бўлсин.
Жавлон уриб майдон кезган оқ кўнгиллар ҳормангиз,
Этаклари дурга тўлган олтин қўллар ҳормангиз.
Ваъдасига вафо қилиб ўрганганлар ҳормангиз,
Ўз номини шуҳратларга ўраганлар ҳормангиз.
Гар термулсам пахтазорга завқим ошиб кетади,
Ораласам эгат аро юрак жўшиб кетади.
Ҳар теримчи шодон шошиб оқ момиқни теради,
Бу пахтамас, олтин эрур, сабри тошиб теради.
Эрта улар тоғ-тоғ олтин яратурлар бегумон,
Шунда яна шеърлар битгум дилда қолмайди армон.
Ҳа, Пастдарғом туманининг “Ғаллакор-пахтакор-чорвадор” фермер хўжалиги далаларида жавлон уриб, Самарқанд туманидан борган ҳашарчиларнинг ғайрати таҳсинга лойиқ бўлмоқда.
-Жорий йилда 33 гектар майдонда пахта парваришладик, -дейди хўжалик раиси Мирзаёр Худойқулов. Давлатга пахта топшириш шарномавий режамиз 83 тонна эди. Биринчи теримдаёқ режани уддаладик. Режадагидан 17 тонна кўп, 100 тонна пахта териб топширдик. Пўлат от суворийси Умид Сабиков терилган пахтани давлат қабул пунктига етказиб берган бўлса, Мухтор Худойқулов, Ҳусан Тошманов каби хўжалигимиз аъзолари ҳашарчиларга яхши дам олиш, овқатланиш шароитларини яратиб бериб, уларни хурсанд қилдилар.
Дарҳақиқат, ушбу ҳудудда белига этак тутиб ҳашарга чиққанлар 65-100 килограммдан пахта териб, вилоят хирмонининг юксалишига ўз ҳиссаларини қўшдилар. Айниқса, дам олиш кунлари туманимиз маҳаллалари, ташкилотларидан борган аҳоли, уюшмаган ёшлар, ҳатто нуроний отахону-онахонлар ҳолба қудрат меҳнат қилдилар.
- Оппоқ очилган пахтани ёмғирли кунда далада қолдириб бўлади-ми?-дейди уй бекаси Сожида Мухторова. - Ахир у миллий бойлигимиз, ғуруримиз. Ундан ёғ олинади, кийим-кечак тайёрланади. Шунинг учун уйда ўтира олмай пахтазорга отландим. Оз бўлсада оқ олтин териб хўжалик миришкорлари таҳсинига сазовор бўлдим.
Суратда: Теримда қатнашган ҳашарчилар акс этган.
Н.ОЛИМОВ Б.ҚОДИРОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.