Бир одамга катта мерос қолганди. Бироқ "осон келган, осон кетар" деганларидек, тадбир билан сарфламади, қисқа пайтда бутун бошли меросни тугатди. Қўлида нима бўлса, еб битирди. Ҳеч вақоси қолмагач, Аллоҳга юкинди, ҳар оқшом кўз ёш тўкиб дуо қиларди: "Ё Раббим! Менга бойлик бердинг, мулк бердинг. Ҳозир эса улар қўлимдан кетди. Айбимни биламан. Хато қилдим. Менга ёрдам қил, мени қутқар бу қийин аҳволдан. Марҳамат қилиб, ё бир тирикчилик бер ёки жонимни ол!".
Кунлар, ойлар ёлворишлар билан ўтди. Ниҳоят бир кеча туш кўрди. Бир овоз унга: "Сен Мисрга бор, ўша ерда омадинг чопади - у ерда бой бўласан. Мисрда топадиган хазинанг сени кутяпти" - дерди. Одам уйғониб, севинганидан телба бўлаёзди. Дарҳол Мисрга кетишга ҳозирлик кўрди... Неча кун Мисрда оч, сувсиз кезиб юрди. На хазина, на бирорта қўлини тутадигандан дарак бўлмади. Чорасизликдан тиланчилик қилишга қарор қилди, аммо ухлаётганда: "оқшом тушгач, тиланчилик қиламан, қоронғуда ҳеч ким мени танимайди", - деб ўйлади. Қоронғуда маҳаллани кезди. Энди қўл очишга чоғланган эдики, маҳалла миршаби пайдо бўлди. Миршаб уни ўғри деб ўйлаб, ёқасидан тутди. Ҳам судраб, ҳам урарди.
Одам:
- Урма! Тўғрисини айтаман, - деб ёлвора бошлади.
Миршаб:
- Яхши... Бегоналигинг ҳолингдан аниқ. Тушунтир. Йўқса ҳамма ўғриларнинг аламини сендан оламан, - деди.
Одам ҳикояси қандай бўлса, шундай тушунтирди, охирида эса:
- Мана мен на ўғриман, на бир золим. Хазина илинжида Мисрга келган, ғариб бир бағдодликман, - деб сўзларини тугатди. Миршаб ишонди. Кулиб айтди:
- Сенга ишонаман, сен ўғри эмассан, аммо ғирт аҳмоқсан. Мен анча йиллардан бери "Бағдодда фалон маҳалладаги фалон уйда хазина кўмилган"лиги ҳақида туш кўраман. Лекин, ҳатто, ўрнимдан қимирламадим. Сен бир туш кўриб, бу ерларгача келибсан. Сен аҳмоқнинг, тентакнинг бирисан. Қани кет. Бошқа бу ерларда кўринма.
Одам ҳайрон қолганди. Миршабнинг "Бағдодда фалон маҳалла, фалон уй", - деган жойи ўзининг уйи эди. Ўзига ўзи: "Демак мен хазина устида ўтирганим ҳолда фақирликдан нолиб йиғлар эканман", деб Аллоҳга шукр айтди.
Жалолиддин РУМИЙНИНГ
"МАСНАВИЙ" китобидан олинди
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.