Суднинг бундай қарор қабул қилиши ушбу иш тафсилотини билган кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Чунки воқеанинг бошланишидан то ҳукм эълон қилингунга қадар ижтимоий тармоқлар ўз ўқувчилари фикрини роса жунбушга келтирганди.
Хабарларда ёзилишича инсонийлик шаънига доғ бўлиб тушган бу ҳодиса жараёни қўйидагича кечган.
Болалар боғчасининг қўшни гуруҳларда ишловчи икки тарбиячиси тушдан сўнг болалар ухлаган вақт бироз сўҳбат қуришга одатланишган. Улардан бири - Роҳатой дегани ҳамкасбига тарбияланувчиларидан бирининг онасидан аламини қандай олганини айтиб беради. Ўша она Роҳатойнинг туғилган куни учун бошқа оналар пул йиғишиб, узук оламиз дейишганда қарши чиққан экан. Ўзи қўшилмагани майли, бундай иш қилишдан бошқаларни ҳам қайтарган. Натижада, ёмонлиги ўзига қайтибди. Қандай дейсизми? Роҳатой яхши ниятни амалга оширишга ҳаммани айнитган онанинг боласига музлаткичдан сув олиб ичирган ва буни ҳамкасбига адолатли қилинган иш сифатида таърифлаган. Томоғи оғриган бола ўн кундан буён йўқ экан. Мудирага сим қоқишиб, боланинг нафас йўли шамоллаб, касалхонага тушгани маълум қилинганмиш.
Бу гапларни эшитган ҳамкасби Роҳатойга қилган иши нотўғри эканини юзига айтади. Ўзингнинг ҳам боланг бор. Кимдир уни шу куйга солса, қандай ҳолатга тушардинг деб, ҳамкасбини айбдорга чиқарган. Яна нима дегани номаълум, равшанлиги шуки, иккиси ўртасида гап қочади.
Бу воқеадан хабар топган мудира, турган гап, Роҳатойни ҳузурига чорлаган. Ким ҳам айбини бўйин оларди. Аксинча, ҳамкасбини туҳматчига чиқариб, унинг ўзига ҳам пўписа қилган. Қанчалик бу гапи ҳақиқат, албатта маълум эмас - ҳеч ким эшитмаган, лекин Роҳатойнинг аламимни болангдан оламан деган гапини боғча ходимларига етказган ҳамкасби унга сен Роҳат эмас, офат экансан дея ҳақоратлаган ва ишдан бўшаган. Чунки унинг фарзанди ҳам шу боғчада тарбияланувчи бўлган.
Бу воқеалардан хабар топган бетоб боланинг ота-онаси Роҳатойни судга беришади. Тергов жараёни маълум вақт ижтимоий тармоқларнинг асосий мавзусига айланди. Экспертлар бола билан ҳам суҳбатлашишган. У боғча опаси ҳақиқатан совуқ сув ичирганини айтган. Бошқа тарбияланувчиларнинг оналари билан бўлган суҳбатда эса таваллуд кунига узук олдириш таклифи Роҳатойнинг ўзидан чиққани ва таклифни амалга ошириш учун уни тарбияланувчилардан бирининг онаси орқали бошқа оналарга ташвиқот қилгани ҳам маълум бўлган. Лекин суд бу далилларни етарли деб топмади ва айби исботланмагани учун Роҳатой жазога тортилмади. Аксинча уни судга берган ота-она даъвоси асоссиз бўлгани учун ўзлари маъмурий жавобгарликка тортилиб, ноҳақ туҳмат қилгани учун ҳамкасбига ҳам жарима белгиланган.
Ана шунинг учун ҳам суднинг бундай қарор қабул қилишига ушбу иш тафсилоти билан таниш кўпчилик ҳайрон. Нима бўлганда ҳам, Роҳатой ишляпти, ҳамкасби ишдан бўшаган. Шов-шув бўлган бу воқеа вақт ўтиши билан бошқа ҳодисаларга ўхшаб кўпчиликнинг эсидан чиқар. Лекин болаларини боғчага берадиган ота-оналарнинг кўнглида уйғонган хавотир анча муддат улар ёдидан чиқмаслиги аниқ. Савол туғилади, ҳақиқатан, ҳамкасби Роҳатойга тўҳмат қилгандир. Йўқ, дейди кўпчилик. Чунки, ўртада бола бор - муздек сув ичиб, касалхонага тушган бегуноҳ бола.
Хуршид НУРУЛЛАЕВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.