Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ХАВФСИЗЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ-АҲДИМИЗ

Мустақиллик бизга эркин ва озод давлатнинг ўз Қуролли Кучларини ташкил қилиш ҳуқуқини амалга ошириш имконини берди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва амалга оширилган туб ҳарбий ислоҳотлар натижасида тарихан қисқа давр мобайнида мамлакатимиз хавфсизлиги, чегараларимиз дахлсизлиги ва мамлакатимиздаги барқарорликни, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини таъминлашга қодир бўлган янги, ҳаракатчан, юксак жанговар қобилиятга эга. Ана шу муносабат билан биз туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи полковник Неъматилла Ғафуров билан сўҳбатлашдик.

- Ҳурматли Неъматилла Мирзамаҳмудович, аввало Сизни ва жамоангизни қутлуғ сана- Қуролли Кучлар байрами билан табриклашга ижозат берсангиз.
- Раҳмат. Ҳақиқатан ҳам 1991 йил 1 сентябрь - Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинган кун ва иккинчи тарихий сана 1992 йил 14 январь мамлакатимиз Қуролли Кучларига асос солинган кун. Ушбу икки сананинг бир-бирига тарихан яқинлиги катта сиёсий маънога эга ва бу Қуролли Кучларимиз мустақиллик туфайли дунёга келганлиги, мустақиллигимизга хизмат қилиши ва уни ҳар қандай хавф, таҳдид ва тажавузлардан ҳимоя қилишдан далолат беради. Мустақиллик йилларидан бошлаб Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш бўйича ҳар томонлама чуқур ўйланган ва узоқ муддатга мўлжалланган дастур ишлаб чиқилди ва у босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. Ҳарбий ислоҳотлардан, кўзда тутилган асосий мақсад, мамлакатимиз, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини самарали ва ишончли ҳимоя қилишга қадар бўлган ҳаракатчан, тезкор ва ҳар томонлама яхши таъминланган Қуролли кучларни шаклантиришдан иборат эди. Ҳарбий ислоҳотларимиз - бу қўшинларни замонавий қурол-яроғ ва жанговар техника, энг янги ахборот-технологиялари билан таъминлаш, армия хизматчиларига таълим ва тарбия бериш, уларнинг оила аъзолари учун зарур шарт-шароитларни яратиш масалаларини қамраб олувчи давлат ҳарбий тизимини тубдан қайта ташкил этишдир. Хабарингиз бор, 2017 йил 22 декабрь куни Тошкент шаҳридаги симпозиумлар саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз тарихида биринчи марта Олий Мажлисга Мурожаатнома тақдим этди. Мурожаатнома ҳам ҳажман, ҳам мазмунан жуда кенг бўлиб, келгусида мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди. Президентимиз халқимизни қийнаётган, тараққиётимизга ғов бўлаётган кўпдан-кўп муаммолар ҳақида очиқ-ойдин гапирди. Мазкур Мурожаатномада Қуролли кучларимизда ҳам улкан ўзгаришлар бўлиши лозимлиги таъкидланди. “шу ўринда яна бир муҳим масала-мамлакатимиз мудофаа тизимининг ташкилий тузилмаси, унинг ҳарбий-жанговар ҳолати, аскар ва офицерларнинг маънавий ва руҳий тайёргарлик даражаси бугунги тез ўзараётган давр талабларидан ортда қолаётганини қайд этиш лозим, - деди давлатимиз раҳбари, - ўтган қисқа даврда миллий армиямизни ислоҳ қилиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилиниб, Қуролли кучларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш жараёни бошланди”.
Туман мудофаа ишлари бўлими мазкур Мурожаатномага жавобан кенг қамровли фаолият олиб бериш ниятида дастур ишлаб чиқди. Албатта у изчил ҳаётга тадбиқ этилади. Мактаб ва коллежларда ёшлар билан учрашувлар ўтказиб, Қуролли кучларимиз тарихи, унинг сафида хизмат қилиш ҳақиқий мардлик ва жасурлик эканлигини тушунтираяпмиз. Натижада йигитларимиз орасида ҳарбий хизматга ҳаваси ва иштиёқлари тобора ортиб бораётгани диққатга сазовордир. Энг муҳими, йигитлик бурчини ўтаб келган аскарлар мамлакатимиз олий ўқув юртларига ўқишга киришда тест имтиҳонларида тўплаган баллига яна 50 фоиз миқдорида қўшимча балл тақдим этилади. Шунингдек, собиқ ҳарбийлар ички ишлар, миллий хавфсизлик ва бошқа хил нуфузли ташкилотларга ишга ҳам қабул қилинмоқда.
- Бўлимда муддатли ҳарбий хизматга чақирув қандай йўлга қўйилган?-
- Туман ҳокими қарори билан чақирув комиссияси ташкил этилди. Унда барча корхона ва ташкилотлардан вакиллар бор. Лекин таъкидлаш жоизки, муддатли ҳарбий хизматга ҳамма ёш йигитлар ҳам олинавермайди. Зукко, доно, жисмоний тайёргарлик кўрган, спорт билан шуғулланиб келаётган, ўқимишли, интеллектуал салоҳиятга эга бўлган ва тиббий кўрикдан ўтган ўғлонларимиз ҳарбий хизматга таклиф этилади. Ватан ҳимоячиси бўлиш - ҳар бир ёшларимиз учун катта бахт ва улкан шафардир.
- Сизга қанот бўлаётган жамоангиз билан таништирсангиз?
- Бизнинг жамоа байналмиллал, аҳил-тифоқ ва энг муҳими - ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга содиқ ва тажрибали инсонлардир. Ходимларимиз майёр Хусан Жўраев, оддий аскар Сурайё Зармасова, Қуролли кучлар хизматчилари Аҳмаджон Салоҳиддинов, Муйин Раҳимов, Умед Каримов, Жамҳур Мансуров, сафарбарлик чақирув бўлинмаси ҳисобчиси Баҳодур Жўраев ва бошқалар фахримиз-ифтихоримиздир. Улар ўз ишларини “Миллий армиямиз - ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир!” шиори остида олиб бормоқдалар.
- Неъматилла Мирзамаҳмудович, истакларингиз?
- Қутлуғ байрам айёмида Қуролли кучларимиз фахрийларини, ўз тақдирини Ватанимизни ҳимоя қилишдек муқаддас, шарафли ва масъулиятли бурчни адо этишга бағишлаган ҳамкасбларимни чин кўнгилдан табриклайман. Осмонимиз мусаффо, дунёмиз тинч бўлсин. Ҳар бир оилага бахт-саодат, тўкин-сочин дастурхон ва яхши кунлар насиб этсин.

Суҳбатдош Зоҳир ҲАСАНЗОДА
Суратда: бўлим ҳаётидан лавҳа
Сурат муаллифи Баҳодир ЗоҲир


Последнее редактирование: 15/01/2018 15:13;   Просмотров: 1233
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку