Вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри Давлат корхонаси туман филиали бошлиғи Толибжон Шаропов билан сўҳбат
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 августдаги «2016-2017 йиллар даврида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган кучмас мулк объектларини ялпи хатловдан ўтказиш тўғрисида»ги Қарорига асосан туманимизда ҳам мавжуд объектларни хатловдан ўтказиш якунланди. Афсуски, кўпгина уй-жойларда хатлов ўтказиш вақтида тегишли ҳужжатлар тўлиқ эмаслиги, айрим фуқароларнинг йиллар давомида солиқ тўламай юрганликлари аниқланди, - дейди Толибжон Холматович. – Энди муҳтарам Юртбошимиз ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига асосан жисмоний шахслардан ундириладиган мол-мулк солиғи инвентаризация қийматида эмас, балки мулкнинг кадастр қийматидан келиб чиқиб ҳисобланади.
- Толибжон Холматович, объектларни хатловдан ўтказиш учун қанча сўмдан давлат божи ундирилади?
- Хабарингиз бор, 2017 йил 1 июлдан кадастр хизматлари марказлашган тизимга ўтди. Ўтган йил 1 сентябрдан бошлаб кадастр ҳужжатларини тайёрлашда бино ички ўлчови умумий майдонининг 1 кв метри учун Республикамизда амалда бўлган энг кам ойлик иш ҳаққининг 1,25 фоизидан 1 фоиз миқдорида тўлов ундириладиган бўлди. Ҳисоб-китобларга кўра, бинонинг ҳар 1кв метри учун ҳозирги кунда 2153 сўм миқдорида давлат божи тўланади. Шуни алоҳида таъкидлаш жойизки, ўтган йилгидан фарқли равишда бу йил солиқни ҳисоблашда кадастр қиймати 42 миллион сўмдан кам бўлмаганлиги белгиланди. Лекин мол-мулкнинг кадастр қиймати мавжуд бўлмаса, шаҳарларда 210 миллион сўм ва қишлоқ жойларда 90 миллион сўм миқдорида ҳисобланади ва 2017 йилдагига нисбатан 20 фоиздан кўп бўлмаслиги белгиланди.
- Мол-мулк эгаларининг кадастр ҳужжатлари бўлмаса-чи?
- Солиқ кодексига киритилган ўзгаришларга мувофиқ ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланганлик учун жисмоний ва юридик шахслар икки ҳисса кўпроқ жарима тўлайдиган бўлди.
Шунинг учун мол-мулкнинг кадастр ҳужжатларини тезлик билан тайёрлаш лозим бўлади. Акс ҳолда суд қарори билан ҳам жарима ундириб олинади.
- Айни пайтда туманда қанча турар-жой объектлари мавжуд?
- Шу йил 1 январга қадар маълумотларга кўра туманимизда 35 минг 940 хатловдан ўтказилиши лозим бўлган иншоот рўйхатга олинган. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам эгалик ҳуқуқини олганлари йўқ.
- Айни пайтда кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси ходимлари буюртмаларни қисқа муддатларда бажариш имкониятига эгами?
- Корхонамизда кўпмиллатли ва аҳил жамоа шаклланган бўлиб, улар халқимиз хизматига камарбаста.
Даниэл Михиев, Бахтиёр Ризохонов, Сайёр Рўзиев, Заршед Раҳмонов, Ихтиёр Бахтиёрзода, Зафар Исматов, Ғайрат Ўсаров ва бошқалар вақт билан ҳисоблашмасдан меҳнат қилмоқдалар. Шунинг учун аҳолига мурожаат этамизки, мол-мулкни хатловдан ўтказиш бу замон талабидир.
Филиалимиз ходимлари аҳолига кадастр ҳужжатларини тез тайёрлаб бериш учун ҳамиша хизматда.
Тошпўлат ЮСУПОВ
Зоҳир ҲАСАНЗОДА
Суратларда: корхона фаолиятидан лавҳалар
Суратлар муаллифи Баҳодур ЗОҲИР
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.