Сарлавҳадан ажабланманг, бу туяқушдир. Ҳозир бутун дунёда қизиқиш тобора ортиб бораётган мазкур соҳанинг битмас-туганмас хазина манбаи эканлиги маълум бўлмоқда.
Мамлакатимиз фермеру тадбиркорларида ҳам ушбу соҳага эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор. Чунки, парвариши қорамолларга қараганда анча осон ва қулай бўлганлиги боис кам харажат қилиб, мўл даромад олиш мумкин. Туяқуш касалликларга ўта чидамли, иммунитети жуда юқори бўлиб, жониворлар орасида тўйганини биладиган ягона жонзот ҳисобланади. Унинг келбати байҳайбат бўлгани билан кунлик озуқаси атиги икки килога тенг. Улар асосан кўк ўтлар билан озиқланади. Фақат тухумга кираётган вақтда жўхори, буғдой каби маҳсулотлардан ем берилади. Бизнинг иқлимга жуда ҳам мос, минус 20 даражадан плюс 70 даражагача бўлган шароитда бемалол ўсиб-улғаяди. Устидан ёмғир, қор ўтмаса бўлгани, совуққа ҳам, иссиққа ҳам чидайди. Мутахассисларнинг фикрига кўра тухуми ва гўштининг фойдали жиҳатлари жуда кўп. Тухумида холестерин умуман йўқ, қанд касали ва қон босими бор беморлар ҳам ундан бемалол истеъмол қилишлари мумкин. Туяқуш тухумининг биттаси 35-40 тагача товуқ тухумига тўғри келади. Қандолатчиликда ҳам товуқ тухумидан кўра, унинг тухумига талаб катта. Гўшти ҳам фойдали, териси дунё бўйича тимсоҳнинг терисидан кейин иккинчи ўринда туради. Туяқуш терисидан асосан оёқ кийим ва аёллар сумкаси тайёрланади. Унинг энг афзаллик томони ҳеч бир аъзоси чиқитга чиқмайди. Ҳаттоки, тухумининг пўстлоғи табиий кальций ҳисобланса, тирноқлари эса олмосга ишлов беришда ишлатилади. Туяқуш оиласи битта хўроз (нар) ва иккита товуқ (мода) дан иборат бўлиб, уларнинг иккита оиласини боқиш учун 10 сотих ер майдони кифоя. Ҳар бир товуғи бир мавсумда 50-60 тагача тухум қўяди ва инкубатор орқали жўжа очтирилади. Сабаби табиий ҳолатда ўзи очиб чиқадиган бўлса, 10 тадан ортиқ тухум қўйгач, тухумини босишга киришади ва натижада товуқлари тухумдан чиқиб кетади.
Тошпўлат ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.