Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ХАЛҚНИ РОЗИ ҚИЛИШ - МАҲАЛЛА ОҚСОҚОЛИНИНГ АСОСИЙ МАҚСАДИ

Маҳалла маънавият ўчоғи экан, ҳар бир фуқаро ўзига тегишли кўча-хиёбонларнинг ободончилиги, бунёдкорлиги, кундан-кунга чирой очиб кўркам қиёфа кашф этишига ҳам шубҳасиз масъул. Ана шуни тушуниб етган аҳолимиз маҳалланинг кўкаламзорлаштириш, бунёдкорлик ишларига ҳам изчил бел боғлаган.

МФЙ раислари фаолиятларининг якуний палласида ғалвирни сувдан кўтарадиган, 2,5 йил мобайнида қўлга киритган ютуқ-камчиликларини халқ олдида очиб берадиган фурсат етди.
Мен маҳалла фуқаролар йиғинининг раиси бўлиб сайлаганимга қадар маҳаллада кўчабоши бўлиб фаолият кўрсатганим учун илк кунлардан ҳудудимизда қалашиб ётган муаммоларни маслаҳатчи, кўчабоши, ҳомию фаоллар билан ҳамкорликда келишган ҳолда маҳалланинг ободонлаштириш истиқбол режасини тузиб олдик.
Режага мувофиқ энг аввало яроқсиз ҳолда келиб қолган темирли тоза ичимлик суви трубаларини ҳашар йўли билан пласмасса трубаларига олмаштирдик. Натижада 140 нафар оила тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлди.
Маҳалланинг 12 та ички ўнқир - чўнқир кўчалари ноободлигидан бир аҳволда эди. Одатда ёмғир ёғса, экин-тикинларнинг ҳосилига барака деган мақсадда деҳқонларимизнинг кўнгли тоғдек кўтарилади. Бироқ бизда эса айрим хонадонлар ёмғир натижасида кўчаларда ҳосил бўлган "сунъий кўл"лардан халқимиз азият чекарди...
Кўчаларни текислаш, асфальт ётқизиш, ободонлаштириш дастурини амалга ошириш учун комиссия аъзолари эл билан тушунтириш ишларини олиб борди. Буни дилдан англаган халқ қўллаб-қувватлади. Ички имкониятларимиз ва ҳомийларимиз кўмагига кўчалар асфальтланди.
Аҳоли қоронғида қийналмаслиги ва қулайлик яратиш учун симёғочларда чироқлар ўрнатилди. Асосий кўчаларимизнинг кириш қисмида видео камералар ўрнатдик.
Маҳаллада электр энергияси тез-тез ўчарди ва бу халқни саросимага солиб асабийлаштирарди. Юқори ташкилотларга мурожаатимиз зое кетмади. Қўшимча 400 квт.лик трансформатор ўрнатилди. Халқ электр энергияси муаммосидан буткул қутулишди.
Уй-жойга муҳтож 18 нафар фуқароларимизнинг аризалари ўрганиб чиқиб, ҳокимликка юборилди ва 10 нафарининг аризаси қаноатлантирилди.
"Ҳар бир оила тадбиркор" дастури асосида аҳоли тадбиркорликка кенг жалб этилди ва ишбилармонлар кўмагида ишсиз юрган ёшларнинг бандлиги таъминланди. Масалан, Дилфуза Саломова 15 та тикув машинаси сотиб олиб, 24 нафар хотин-қизлар кийим-кечак тикишмоқда. Ўктам Ҳасанов, Ботир Рўзиев, Суҳроб Ахмедов, Жўрақул Ўлмасов, Улуғбек Жўрақуловлар қандолатчилик, Ўктам ва Ўраз Лутфуллоевлар нўхатчилик, Наврўз Муҳаммадиев шўрданакчилик билан шуғулланмоқдалар.
Худди шундай Мадинахон Болтаева маҳалла марказида тикувчилик цехи, Жаббор Қаюмов тандирсозлик билан шуғулланса, тадбиркор Матлуб Салоҳиддинов шахсий ташаббуси билан 2 қаватли спорт мажмуаси қурди. Давлатдан 80 миллион 7 фоизли кредит олиб бинони спорт анжомлари билан жиҳозлади. Бу ерда болалар ва хотин-қизлар спорт гимнастикаси, карате, қўл жанги, шахмат-шашка билан шуғулланмоқдалар.
Маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, бу борада бефарқлик, лоқайдлик ҳолатларига барҳам бериш, тинч-осойишта ҳаётни таъминлаш давр талабидир. "Менинг маҳалламда жиноятчилик бўлмаслиги керак!" туйғусини шакллантириш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Бу борада профилактика нозири ва маҳалла посбонининг хизмати сезиларли бўлиши шарт! Шу сабабдан маҳалламизда 2 йилдан буён жиноятчилик содир этилгани йўқ.
Маҳаллада ажрим қайд этилмади. Нотинч, келишмовчиликлари мавжуд оилалар билан яраштирув комиссияси, "Қайноналар кенгаши", "Ота-оналар университети" халқ билан фаолият юритмоқда. Менталитетимизга хос бўлган ҳамжиҳатлик Нилуфар Узоқова раҳбарлигида ўтказилган давра суҳбатлари тинч-тотувликда ўз натижасини бермоқда.
Маҳалладаги хайрли ишлардан Наврўз байрами куни 10-меҳрибонлик уйида тарбияланаётган 2 нафар боланинг суннат тўйи рисоладагидек ўтказилди. Коммунал тўловларни тўлай олмаётган муҳтож оилаларга ҳомийлик кўмаги, маънавий-маърифий тадбирлар, маҳалла кутубхонасида марказий, вилоят ва маҳаллий газеталар тахлами ташкил этилганки, ундан аҳолимиз бемалол фойдаланмоқдалар. Шу билан бир қаторда, тўйларимиз ихчам, камхарж, ортиқча дабдабасиз ўтказилмоқда.

Олимжон ҒАФУРОВ


Дата добавления: 07/12/2018 15:10;   Просмотров: 853
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку