Халқаро терроризм - бир давлат худуди доирасидан ташқарига чиқадиган терроризм, одамларнинг беҳуда ҳалок бўлишига олиб келувчи, давлатлар ва улар расмий вакилларининг нормал дипломатик фаолиятини бузувчи, ҳамда халқаро алоқалар ва учрашувларни, шунингдек, давлатлар ўртасида транспорт ва бошқа алоқаларни амалга оширишни қийинлаштирувчи халқаро миқёсдаги ижтимоий хавфли ҳаракат ва қилмишлар йиғиндиси. Халқаро терроризм 20-асрнинг 60-70-йилларига келиб ўзини яққол намоён қилди: дастлаб турли давлатлардаги жиноятчилар, ўз давлатига нисбатан экстремистик руҳдаги гуруҳлар бирлашиб, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан орқада қолаётган ва кам ривожланган мамлакатларда ҳаракат кўрсата бошлади.
Халқаро террорчилар айрим давлатларнинг раҳбарларига, халқаро миқёсда обрўга эга бўлган сиёсатчиларга четдан туриб суиқасд уюштириш, давлат, транспорт, алоқа ва миллий хавфсизлик тизимини ишдан чиқарувчи портлашлар ва ҳаракат содир этиш, транспорт воситалари, жумладан, самалётларни олиб қочиш билан шуғуллана бошладилар. 80-йилларга келиб Халқаро терроризм янада жиддий тус олди. Бегуноҳ, тинч аҳоли ўртасида кўп қурбонлар бўлиши, халқаро террорчиларнинг бошқа ёвузликлари жаҳон жамоатчилигини каттиқ ташвишлантириб қўйди. 1978 йил кучли "еттилик" давлатлари Бонн (ГФР) шаҳридаги учрашувида Халқаро терроризмга қарши кураш тўғрисидаги баёнот қабул қилинди. Халқаро терроризмнинг ошиб бораётган хавфи ва унга қарши кураш масалалари олий даражадаги кейинги барча учрашувларнинг асосий мавзуи бўлиб қолди. Чунки халқаро террорчилар бу тизимга бирлашиб, байналмилаллашди. Улар сафида турли давлат, миллат вакиллари, диний экстремистик руҳдаги шахслар, наркобизнес ва қурол-яроғ савдосидан фойда кўрувчи жиноий тўдалар, ёлланиб хизмат қилувчилар пайдо бўлди. Халқаро терроризм ва экстремизм марказларида разил жиноятчиларни тайёрлайдиган махсус лагерлар очилди. Халқаро террорчилар аҳолини, хусусан, диндорлар ва ёшларни давлатга, давлат ташкилотларига қарши қўйишга ҳамда ҳокимиятга қарши мухолифатни шакллантиришга ҳаракат қилади.
Ўзбекистон Республкаси ўз мустақиллигининг дастлабки йилларидан бошлаб терроризм ва экстремизмнинг ҳар қандай кўринишига қарши қатъият билан курашиб келмоқда. 2004 йил 1 январдан Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси фаолият кўрсата бошлади.
А.САМАТОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.