Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ХАЛҚ ТАЛАБИ ҚОНУНИЙ ЕЧИМГА БОҒЛИҚ

Янгиобод туманимизнинг шаҳар билан туташ маҳаллаларидан ҳисобланиб, кейинги йилларда унинг қиёфаси, инфратузилмаси тубдан ўзгарди, янгиланиш ва тараққиётга юз тутди. Аҳолиси кўпайиб бораётган ушбу ҳудудда маҳалла раиси У.Пўлодов камчилик ва муаммолар ҳам етарли эканлигини инобатга олиб, навбатдаги сайёр қабулни айнан шу ерда ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлди.

Туман ҳокими Ш.Жамолов маҳалла атрофини пиёда айланиб, ариқ-зовурлар, кўчалар, ҳовли-хонадонлар ҳудудини кўздан кечирди, ахлат ва маиший чиқинди уюмлари туфайли ватан ичра ватаннинг хунук манзараларига лоқайдларча муносабат билан яшаётган фуқароларни поклик, тозалик, отамерос анъаналарга содиқликка чақирди. Маҳалла фаоллари, кўчабошилар, нуроний отахону онахонлар, ёшларнинг масъулияти, раҳнамолиги, юртпарварлиги, бир тан бир жон бўлиб фидойилик кўрсатишларига умид боғлади. Шундан сўнг қабул жараёни бошланди. Унда барча сектор раҳбарлари, Халқ қабулхонаси мудири, давлат ва жамоат ташкилотлари, маъмурий идоралар мутасаддилари қатнашди. Қабул маросимида тумандаги Хўжа Аҳрори Вали, Юқори Чордара, Янгиобод, Ўзбеккенти, Ёшлик, Қайнама, Жавонобод, Мотрид, Ангаролмос, Гулобод, Арабхона, Бўзи сингари маҳаллалардан 34 нафар фуқаро ўзларини ташвишлантираётган 40 дан зиёд муаммоли масалалар билан мурожаат этишди. Масалаларнинг деярли 90 фоизи уй-жой, ер-мулк эгалиги билан боғлиқ эканлиги аниқланди, аксарияти низоли, вақт ва жиддий ўрганиш ҳамда қонуний ечим топишни тақоза этади. Мутасадди ташкилотларга ижро учун аниқ топшириқлар берилди.
Шунингдек, эски симёғоч ва трансформаторларни алмаштириш, ноқонуний қурилишлар, ерларни ҳужжатсиз эгаллаб олиш, ичимлик сув танқислиги, тадбиркорлик учун жой ажратиш, шароити оғир, ночор, касалманд оила аъзоларига моддий, тиббий ёрдам кўрсатиш, болалар учун спорт майдончалари барпо этиш масалалари бўйича ҳам аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, қисқа муддатда ижобий ҳал этиладиган бўлди.
Лекин, илгари айтганимиздек, айрим фуқароларимизнинг ҳали ҳануз чуқур ғафлатда эканликлари, оддий тартиб-қоида, қонун талабларини билмасликлари, маърифат, ҳуқуқий, одоб-муомала, турмуш маданиятидан йироқ ҳаёт кечиришлари қабул пайтида яққол сезилиб турди. Бундай кишиларнинг ҳаётий шиори «Мен сенга тегмайман, сен менга тегма», «Олма пиш оғзимга туш», «Давлат қилиб берсин», «Маҳалла ишига дахлим йўқ» кабилардан иборат, холос. Уларнинг кийимлари ўзгариб турса ҳам, тафаккур, ён - атрофдагиларга муносабати «эски тос, эски ҳаммом» ни эслатади.
Азизлар, дунё, жамият, ҳаёт шиддат билан ўзгармоқда. Ҳар биримиз шу давр, шу юрт фарзанди эканмиз, ҳамнафасликда, ватан, оила, миллат тақдирига, қадриятларга дахлдорлигимизни унутмайлик, келгуси авлодга эзгу фикр, эзгу ном, эзгу амал қолдирайлик!

Н.КАРИМОВ


Последнее редактирование: 13/04/2018 15:26;   Просмотров: 1100
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку