Шўрбойи МФЙ марказида ўтказилган анъанавий сайёр қабул давомида туманнинг турли аҳоли пунктларидан келган 42 нафар фуқаро элликдан зиёд оилавий ва ижтимоий ҳаракатдаги муаммоли масалалар давлат бошқарув органлари раҳбарлари диққат-эътиборига ҳавола этилди. Қувонарлиси шундаки, тўрт нафар тумандошларимиз шу куни кўпчилик олдида тантанали равишда Ўзбекистон Республикаси паспорти соҳиби бўлишди.
Бу сафарги қабул жараёни тафсилотини қоғозга тушириш чоғида негадир улуғ мутафаккир Хўжа Аҳрори Валийнинг «Ҳилм (мулойимлик) меваси-юксаклик, қаноат меваси-роҳат, тавозуъ (камтарлик)нинг меваси-муҳаббатдир» деган умрбоқий ҳикмати хаёлимдан ўтди. Рамазон ойининг нур, иймон, бағрикенглик, андиша-ихлос, сабр-матонатга йўғрилган ҳаётбахш сабоқлари менга шундай иш тутишни ҳидоят этган бўлса, ажаб эмас. Ахир, кундалик ҳаётимизда айрим одамларнинг меҳр-оқибат, сабр-қаноат, хокисорлик, оддийлик, меҳрибонлик, муомала маданиятидан тобора узоқлашиб бораётганини кўравериб навқирон фарзандларимиз маънавияти, ички дунёси, руҳияти издан чиқмаяптими?
«Қуш уясида кўрганини қилади» деб бежиз айтмаган доно халқимиз.
Шайх Саъдий Шерозий байтини олайлик» Мардлик панжа зўршо елка қуввати эмас. Агар нафсингни енга билсанг, чин паҳлавонсан. Бу юҳо нафсга эрк берсак, не куйларча солмайди кишини. Аллоҳнинг буюк неъмати - ақл билан иш тутиш илмини, сир-саноатини қачон ўзлаштирамиз. Қачонгача бировнинг ҳадяси, ҳомийлиги, муруввати, моддий қўллаб-қувватлашларига суяниб умргузаронлик қиламиз?! Бу тарзда ҳаёт кечириш Худога ҳам ёқмайди. Сендан ҳаракат, мендан баракат» дегани шу эмасми? Қўлтиқтаёқ билан юрадиган ёш юртдошларимиз жаҳон спорт майдонида қандай жасорат, фидойилик кўрсатганлигини ким инкор этади? Тўғри, ногиронлиги бор шахслар жамиятимиз эътиборида, ардоғида. Уларнинг ижтимоий ҳимояси биз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Аммо тўрт мучаси бутун одамларга нима бўлди ? Орият, номус қаерга кетди?
Боқимандалик дардига чалинганларга даво борми ўзи?
Қабул куни коляска, (3 та) уй-жой, (7 та), даволаш учун тиббий ёрдам (3 та), тадбиркорликни бошлаш учун ер (6 та) сўраб мурожаат этганлар, маҳаллада кутубхона, сув минораси, новвойлик, ички йўлга асфальт ётқизиш, эски симёғоч ва трансформаторни алмаштириш, оилавий низолар, ноқонуний қурилишлар, стадион, мусиқа тўгараги каби ўнлаб долзарб масалаларнинг ечимини топишни истаганларга амалий ёрдам кўрсатилди, тегишли қонун қоидалар бўйича тушунча-ахборот берилди, назоратга олиниб, ижрочи идораларга йўналтирилди.
Гапнинг индаллоси, ҳар бир мурожаат, ҳар бир масала атрофлича эшитилиб, қонуний ечим топадиган бўлди. Бунинг учун, юқорида айтганимиздек, оқилона ёндашиш, ҳамжиҳатлик, қатъий назорат ва жонкуярлик лозим холос. Эл дардига дармон бўлишнинг тагмаъноси ҳам шунда. Юртбошимиз ибораси билан айтганда, бош мақсадимиз халқ розилигидир.
* * *
Туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Ш.Жамоловнинг режасига мувофиқ Хўжа Аҳрори Вали-2 маҳалласида жойлашган мазкур сектор штабида навбатдаги қабул маросими ўтказилди. Унда ҳудуддаги 16 та маҳалла раислари, фаоллар, мутасадди ташкилотлар, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Қабулга келган 13 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг ариза-мурожаати кўриб чиқилди. Жумладан, Ўрташиқлик Дилшод Каримов (1975 йил туғилган) га коляска, Сулфакабутаклик оилавий шароити оғир Нафиса Расуловага, Оҳаликдан Абдуазиз Маҳмудовнинг хотинига тикув машина, Паррандачилик маҳалласидан Холмурод Бурҳонов (1952 й туғилган) га оёқ протези асосли хулосаларга қараб бериладиган бўлди. Шунингдек, Янгижой, Хўжа Аҳрори Вали-2, Паррандачилик, Сулфакабутак, Ўрташиқ маҳаллаларида газ баллонини вақтида етказиш, ичимлик суви, ички йўл, оилавий низолар, канализация, кўп-қаватли уй-жойлар, трансформатор, стадион билан боғлиқ масалалар ечимига ойдинлик киритилди.
Фуқаро Нажмиддин Ражабовга тегишли уй-жой ҳужжатларини қонунийлаштириш, эгалик ҳуқуқини мустаҳкамлаш борасида амалий ёрдам кўрсатилди.
Нормурод КАРИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.