Аҳоли билан яқин мулоқот қилиш, уларнинг дардини тинглашнинг энг маъқул усули сайёр қабул саналади, албатта. Жойларда йиғилиб қолган турли ижтимоий, маиший, оилавий муаммолар одамларни бефарқ қолдирмаяпти, аксинча туман ҳокимлиги, Халқ қабулхонаси, барча ижро идораларининг асосий фаолияти мурожаатчиларнинг талаб-истакларини тинглаш, ўрганиш, қонуний ҳал этишга қаратилганлиги давлатимиз сиёсатининг устувор тамойили бўлиб қолди.
Бу галги сайёр қабул тумандаги кўркам ва муҳташам муассаса-Академик Маҳмуд Мирзаев номли боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий - тадқиқот институти Самарқанд илмий тажриба станцияси биносида ўтказилди. Туман ҳокими Н.Мавлонов бошчилигида барча сектор раҳбарлари, Халқ қабулхонаси, бошқарув идоралари раҳбарлари иштирок этган қабул жараёни қарийб тўрт соат давом этди. Қабулга келган 38 нафар мурожаатчининг асосий қисми мазкур муассаса ҳудудида истиқомат қилишади. Уларни қийнаётган муаммолар асосан ички йўл, эски симёғоч ва трансформатор, уй-жой ва ер, ичимлик сув, моддий ёрдам кўрсатиш каби масалалар эканлиги аниқланди. Шу билан бирга, ўз ҳалол меҳнати ва эзгу нияти эвазига қўлга киритган ютуқлари, хайрли қадамларини ҳокимга изоҳлаб, менга амалий ёрдам берсангиз, дея фуқаро Бурҳон Орипов мақсадини қўйидагича билдирди: Ўғлим Охунжон Саидов раислик қилаётган "Шредер МЧЖ" кўчатчилик билан машғул. Мен оддий ишчиман. Юртбошимизнинг камбағалчиликни камайтириш борасидаги фикрларидан руҳланиб шароити оғир, кам таъминланган оилалар учун ўзим пайванд қилган 500 туп шпанка, 500 туп биҳи кўчатларини бепул тарқатишга қарор қилдик.
Бу ташаббус том маънода инсонпарварлик намунаси бўлди. Шу куни туман давлат хизматлари маркази томонидан кўчма "Мобил давлат хизматлари" автобуси жалб этилиб, 10 дан зиёд фуқароларга тезкор ва қонуний ёрдам кўрсатилди. Айниқса, болани боғчага навбатга қўйиш, хабарнома очиш, солиқдан ИНН олиш, натариус, ФХДЁ хизматлари амалга оширилди. Давлат хизматлари марказининг катта мутахассиси Ж.Аҳадов таъкидлаганидек, мурожаатлар электрон тарза қабул қилиниб, энг кўпи 8 иш кунида ўз ечимини топади. Одамларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилишдан хурсандмиз, деди у. Хаймари боло маҳалласидан Усмон Субҳоновнинг сув иншоотини (башня) янгилаш ҳақидаги сўрови ҳам шу йил 2-чоракда ўз ечимини топадиган бўлди. Иккита мурожаат қонунга хилоф бўлганлиги учун рад этилди ва ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Ҳоким сайёр қабулни якунлар экан, кўпчилик мутасадди раҳбарларнинг мурожаатлар ижросини таъминлашдаги сусткашлигини танқид қилди, такрорий мурожаатлар ижро интизоми қай аҳволда эканлигидан далолат, таъкидлади у. Ҳар бир мурожаат ортида инсон дарди, тақдири, орзу-умидлари мужассам экан, халқ ишончини оқлаш зиммамизда эмасми? Ҳар сешанба куни ижрога қаратилган мурожаатлар таҳлил қилиниб, масъуллар ахбороти эшитилиши таъкидлаб ўтилди.
Н.КАРИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.