Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ХАЛҚ ИШОНЧИ СЎНМАСИН

Таниқли шоиримиз Сирожиддин Саййиднинг
Эзгу ишлар билан ёнсин жон ва тан,
Ўзгаришлар билан Ватандир Ватан.

деган мисралари шубҳасиз бугунги шиддатли давр, жўшқин ҳаётимиз акс-садосидир.
Ахир, қаерда бўлмайлик, қаерга кўз ташламайлик, улкан ва беқиёс ўзгаришлар, кўнгил хотиржамлигини кўрамиз, ҳис этамиз. Бозордами, маҳалла – кўйдами, автобус ёки тўй-маъракалардами юртдошларимизнинг бугундан мамнунлиги, келажакка ишончи устуворлигини англаш қийин эмас. Аксарият ватандошларимиз давлатимиз раҳбари илгари сураётган одилона ва оқилона сиёсатни қўллаб - қувватламоқда, миннатдорлик билдирмоқда.
Янги йил байрами арафасида туман ҳокими Ш.Жамолов бошчилигида ички ишлар бўлими назоратидаги 4-сектор ҳудудини кўриб чиқдик. Қайнама маҳалласида жойлашган 26-болалар мусиқа ва санъат мактаби олдида ўрнатилган сержило, ям-яшил арча атрофида шўх-шодон, куй-қўшиқлар янграётган, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси харидорлар билан гавжум. Ҳудуд болалари, ота-оналар байрам кайфиятини ошираётганига гувоҳ бўлдик. Шу ердан туманнинг энг чекка қишлоқлари ҳисобланган Чаққа, Миришкор, Навбоғ, Заҳлик маҳаллалари томон йўл олдик. Йўл- йўлакай одамларнинг турмуш тарзи, яшаш шароитлари, кайфияти, коммунал хизмат сифати, транспорт қатнови, профилактика инспекторлари учун барпо этилган янги уй- жойлар аҳволи билан қизиқдик. 79-автобус хизматидан аҳоли мамнун. Ичимлик сув, табиий газ меъёрида. Савдо нуқталари ишламоқда. Фуқаро Мансур Азизов ва турмуш ўртоғи Юлдуз Турсунова (Чаққадан) ҳамда Аслиддин Сайфиддинов билан Дилфуза Ҳотамова (навбоғлик) оилаларига байрам совға-саломлари топшириб, эзгу тиликлар билдирилди. Ногиронлиги бўлган бу инсонлар юртимиз, давлатимиз, Президентимиз халқпарварлигидан рози ва сарбаланд эканликларини таъкидлашди.
Навбоғ МФЙ ҳудудида профилактика инспектори Фирўз Бобокалонов учун замонавий кўркам хизмат уйи барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Имтиёзли кредит асосида «Матиз» русумли автомобилга ҳам эга бўлди. Фирўзнинг ота-онаси фарзандларининг эл ишига камарбасталигидан шод, юртимиз тинч-осойишталигига шукроналар билдиришди. Таъкидлаш лозимки, ўрганиш жараёнида кўзга ташланган айрим камчиликларни тезда бартараф этиш борасида соҳа мутасаддиларига тезкор топшириқ ва тавсиялар берилди.
-Мазкур сектор раҳбар ва ишчи гурўҳ аъзолари Янги йилда янгича ёндашув, садоқат ва масъулият билан халқ манфаати ҳимояси йўлида жонбозлик кўрсатадилар, деган ишонч билан қайтдик.

Н.КАРИМОВ
Суратлар муаллифи Б.ҚОДИРОВ


Последнее редактирование: 15/01/2018 13:40;   Просмотров: 1186
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку