Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ХАЛҚ ДАРДИНИ ТИНГЛАБ...

Айни пайтда 250 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилаётган туманимиздаги 74 та маҳаллада эришилган ютуқлар билан бир қаторда муаммолар ҳам бор, албатта. Халқ билан ҳамнафаслик, маҳаллаларга бориб, аҳоли билан яқиндан мулоқот ўрнатиш туман ҳокими ва ҳар бир масъул шахс зиммасидаги энг муҳим ва устувор вазифа ҳисобланади. Улар учун ҳар шанба куни аҳоли билан бевосита ва очиқ мулоқот қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни жойида бартараф этиш анъанага айланган.

Навбатдаги сайёр қабулни туман ҳокими Шуҳрат Жамолов Чоршанба маҳалласида ўтказди.
Секторлар, идора ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ўтказилган сайёр қабулда 26 нафар фуқаронинг мурожаати эшитилди. Қабулга келган фуқароларнинг кўпчилиги йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви таъминоти, газ, уй-жой, тиббий хизмат кўрсатиш сифати, ишга жойлашишга кўмаклашиш, ҳуқуқий масалалар, кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, гувоҳнома олиш ва бошқа масалалар бўйича мурожаат қилдилар. Масалаларнинг аксарияти ўз жойида ижобий ҳал қилинди.
Жумладан, Чоршанбалик Хосият Ҳақмуродованинг кўчани асфальтлаш, Неъмат Ҳотамовнинг марҳум отаси, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ҳамдам Ҳотамовга қўйилган ёдгорлик монументини қайта тиклаш, Кўсаҳо маҳалласидан фуқаро Фаррух Қароевнинг суд ишидаги сусткашлик ва адолатсизлик ҳолатларини тугатиш ҳақидаги талаб-истаклари ижобий ечим топадиган бўлди.
Туман ҳокими Шуҳрат Жамолов сайёр қабулдан сўнг очиқ мулоқот ўтказди.

- Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган "Обод қишлоқ" дастури тўғрисидаги фармон ва уни амалга ошириш бўйича қарор барча юртдошларимиз қатори бизни ҳам ғоят қувонтирди, янги-янги зафарларга эришишга руҳлантирди.- деди Шуҳрат Ўроқович. - Дарҳақиқат, сўнгги йилларда туман ҳудудида ободонлаштириш ва марказий кўчаларнинг меъморий қиёфасини янгилаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. "Обод қишлоқ" дастури доирасида улкан бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. Пулмуғоб, Паррандачи ва Гулобод маҳаллалари замонавий қиёфа касб этаётир. Бугун давлатимиз раҳбари эътиборидаги энг асосий масала - аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, яшаш шароитларини яхшилашдан иборатдир. Туман ҳокимияти ўз ваколати ва имконияти даражасида аҳоли муаммоларини ҳал қилиш учун ҳаракат қилмоқда. Холис ва адолатли хизмат учун миннатдорчилик билдираётган шахслар жуда кўп. Менинг фикримча самимийлик софдилликдир. Бундай инсоний фазилат камдан-кам одамда бор экан. Лекин очиқчасига айтиш лозимки, айрим шахслар манфаатпарастликлари билан кишини ҳайратга солади. Уларга минг марта яхшилик қилсангиз, яна кам туюлади. Таажжублиси, ҳар бир сайёр қабулда уларни кўраман. Одамда виждон ҳам бўлиши лозим. Қонун-қоида, имконият, ваколат, мезон ва қолаверса, инсоний фазилат деган тушунча бор-ку!
Умуман, биз фақат ва фақат ҳаммани ўйласак ва меъёрий ҳужжатлар асосида фаъолият олиб борсак, нур устига аъло нур бўларди.

Нормурод Каримов,
Зоҳир Ҳасанзода


Дата добавления: 27/06/2019 12:45;   Просмотров: 809
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку