Туман ҳокими Шуҳрат Жамолов томонидан 2-сектор ҳудудидаги Қўшкўприк МФЙ марказида ўтказилган оммавий сайёр қабулда 15 нафар фуқаро томонидан бандлик, уй-жой, хусусий бизнесни йўлга қўйиш, тадбиркорликни ривожлантириш, пенсия таъминоти, коммунал хўжалик, йўлларни таъмирлаш, саломатликни тиклаш учун кўмаклашиш, маҳалла ёшлари учун спорт майдонини ташкил этиш каби 25 га яқин муаммолар юзасидан мурожаат бўлди.
Сайёр қабулда қилинган мурожаатларнинг асосий қисми ҳал этилди. Қолганларини ўрганиб чиқиш ва ечим топиш учун тегишли соҳа мутасаддиларига топшириқлар берилди. Масалан, туман ҳокимлигидан олинган расмий маълумотга кўра Янгиравот маҳалласидан фуқаро Г.Умарованинг уй - жойга эгалик ҳуқуқийни тиклаш, Қўшқўприк маҳалласидан Д.Мавлоновнинг маҳалла ҳудудида болалар спорт майдончаси ташкил этиш ҳақидаги мурожаатларини мутассади ташкилот раҳбарлари, мутахассислар 5-7 кун муддатда чуқур ўрганиб ижобий ечим топишга масъул бўлишдир.
Эътиборлиси, ҳар бир мурожаат ижроси назоратга олинади. Бу сайёр қабуллар самарадорлигига эришиш, такрорий мурожаатларга ҳожат қолдирмасликнинг ўзига хос механизмига айланмоқда.
Қабулдан сўнг, Ёшлар кунига бағишланган байрам тантаналари ҳам кенг нишонланди. Хўжа Аҳрор Валий маҳалласида "Сабр таги сариқ олтин" номли оилавий корхонада маросим бўлди. Корхона раҳбари ёш тадбиркор Фаридун Азимов "Ёшлар-келажагимиз" давлат дастури доирасида тегишли жамғарма ҳисобидадан 74 млн сўм имтиёзли кредит олиб, гўзаллик салони, тикувчилик цехи, мини футбол майдони, таеквандо тўгараги фаолиятини йўлга қўйди. У янги замонавий кутубхона барпо этишни ҳам ният қилган. Мўҳтарам юртбошимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббусга жавоб берадиган ушбу чиройли маскан ёшларни ўз бағрига олди. Байрам иштирокчиларини "Нуроний" жамғармаси туман бўлими раиси О.Алиев, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси М.Баратова, туман ҳокими ўринбосарлари З.Рофиева, А.Ҳалимов ва бошқалар табриклаб, фаолларга эсдалик совғаларини топширдилар. Ёшлар фестивалининг "Ҳоким ва ёшлар" лойиҳа дастури 16-мактабда ўзгача шукуҳ билан амалга оширилди.
- Ёшлик айёми олтин давр, унинг ҳар лаҳзасидан унумли фойдаланиш, энг аввало чуқур билим ва касб-ҳунарга эга бўлиш лозим, - деди туман ҳокими. Сизлар давлатимиз раҳбари ишончини оқлашга, ота-она, ватанга муносиб авлод бўлиб улғайишга масъулсизлар.
Шундан сўнг ҳоким билан қизғин савол-жавоб бўлди. Ўндан зиёд ўқувчи ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Суҳбатнинг асосий қисми китоб, мутолаа, олий маълумот олиш, кўрик-танлов ва имтиёзлар билан боғлиқ масалаларни қамраб олди. Ҳатто 37- умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Шоҳруҳ Ҳусенов келажакда ҳоким бўлиш орзуси билан яшаётганини яширмади.
Шуниндек, 23, 20, 16, 17, 33, 39, 35, 24 ва бошқа мактаблар талабалари ўзларининг спорт, тасвирий санъат, миллий ҳунармандчилик, куй-қўшиқ ва рақс, шеърият, китобхонлик соҳасидаги иқтидор ҳамда ютуқларини намойиш этдилар. Бир қатор мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг кўргазмалари ҳамда "Ватанпарвар" жамиятининг тарғибот ишлари ҳам барчага манзур бўлди.
Ғолиб ва фаол ёшлар туман ҳокими томонидан тақдирланди.
Тадбирда Халқ қабулхонаси мудири И.Муродов иштирок этди.
Н.КАРИМОВ
Суратлар муаллифи Б.ҚОДИРОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.