Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ХАЛҚ БИЛАН МУЛОҚОТ муаммолар ечимига йўл очади

Дарҳақиқат, "Сайёр қабул" жойларда ўтказиладиган халқ билан мулоқотнинг қулай ва самарали усулига айланиб улгурди. Негаки, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос ижтимоий-иқтисодий муҳити, инфратузилмаси, имконият ва ечимини кутаётган муаммолари мавжуд, аҳолини-қийнаб келаётган, эътибордан четда қолган мушкул масалаларни ўрганиб бартараф этиш давр талабидир.

Шуларни назарга олиб туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари Конигил маҳалла фуқаролар йиғини марказида йилнинг илк "Сайёр қабул"ини ўтказишди. Конигил, Хўжақишлоқ, Обираҳмат, Тазар, Сиёб аҳоли пунктлари ва 20 та ички кўчалардан иборат ушбу ҳудудда шу йил январь ҳолатига кўра 3980 нафар аҳоли (553 та хонадон, 1180 та оила) истиқомат қилмоқда. Шундан 7 ёшгача 718 нафар, 7-16 ёшгача 620 нафар, 16-18 ёшгача 114 нафар, 18-30 ёшгача 860 нафар, 31-45 ёшгача 650 нафар, 45 ёшдан юқори 158 нафардир. Боқувчисини йўқотган оилалар 8, якка ёлғиз кексалар 2, ногиронлар 53, пенсионерлар 402, тадбиркорлик субъектлари 646, кам таъминланган оилалар 11, ишсизлар 4 нафарни ташкил этади. Қадимий ва машҳур Конигил улуғ шоҳ ва шоир Мирзо Бобур қадами теккан диёрдир. "Конигил мерос" нафис қоғоз ишлаб чиқариш корхонаси мустақиллик меваси бўлиб, дунё сайёҳлари диққатини ўзига тортмоқда. Маҳалла аҳли саъй-ҳаракати билан қатор қулайликларга эга янги марказ биноси ишга туширилган. Фуқаролар йиғини раиси Азамат Раҳимбобоев бошчилигида кейинги йилларда ҳудуд қиёфаси янгиланиб, одамларнинг яшаш тарзи, дунёқараши, атроф-муҳитга муносабати янгича мазмун касб этмоқда. Аммо... Қатор ижобий ишлар билан бирга йиллар давомида йиғилиб, чигаллашиб кетган муаммолар ҳам борлиги қабул чоғида маълум бўлди.
Жумладан, 12 нафар конигиллик фуқароларнинг 20 дан зиёд талаб-истаклари диққат билан эшитилиб, қисқа ва тез муддатда ўз ечимини топадиган бўлди. Айниқса, И.Акобированинг яшаш уйи аҳволи, Г. Абдуллаеванинг 1- автобус қатнови, А.Акобированинг қабристон атрофини ўраш, ногиронлик аравачаси, ички йўллар, Г.Очилованинг патронаж хизмати, Т.Назаров, А.Самадов, М.Юсуповларнинг пенсия таъминоти, алоқа тизими, Р.Ашўрқулованинг мураккаб оилавий муаммолари, Ҳ.Самадованинг кадастр ҳужжатлари, Ҳ.Юсуповнинг электр энергияси таъминоти билан боғлиқ мурожаатларини ижобий ҳал этиш тегишли идоралар раҳбарларига топширилди ва ижроси назоратга олинди. Шунингдек, ногиронлиги бўлган кекса онахон Н.Сиддиқова, фахрий ўқитувчи З.Аҳтамова ҳудудда бунёд этилган янги 36-сон мактабгача таълим муассасаси, маҳалланинг ободлаштирилган марказий йўли учун туман ҳокимлигига самимий миннатдорлик билдиришди.
Яна қабулда туманнинг Қўлбаипоён, Меҳробод, Навобод, Қуйи Қайнама, Янгиариқ, Ҳожа Аҳрор Вали, Шалғамон, Кўйисахо, Миришкор, Юқори Оҳалик, Нуробод, Гулбоғ маҳаллаларидан келган фуқаролар ҳам ўзларининг 20 га яқин муаммоли масалаларини айтиб, тегишли маслаҳат, амалий ёрдам ва ижобий ечим топишга эришдилар.
Туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Асад Шукуров электр энергияси таъминотидаги узулишларни қуйидагича изоҳлади:
- Ҳудуднинг электр таъминоти вилоят мутасадди ташкилоти, аниқроғи Чўпонато станциясидан чиқарувчи тармоқ тизимига боғлиқ, ҳамкорликда аҳволни ўрганиб тегишли чоралар кўрамиз. Айтиш жоизки, қишнинг совуқ кунларида фуқаролар томонидан электр иситиш печларидан фойдаланиш оқибатида трансформаторга ортиқча кучланиш тушиб, электр энергиясида узилиш ҳолатлари ҳам кузатиляпти.
"Сайёр қабул" давомида масъуллар "бажарамиз, ўрганамиз" қабилидаги ваъдаларни беришди. Энди гап ваъдаларнинг пировард натижасида. Туман ҳокими Ш.Жамолов қабул маросимини якунлар экан, жумладан шундай деди:
- Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон халқига Янги йил табригидаги "Халқ билан мулоқотни юқори босқичга олиб чиқамиз" деган сўзларини яна бир бор эслатмоқчиман. Жорий йилда ҳар бир мурожаат юзасидан берилган топшириқ ижросининг сўрови йўлга қўйилади, таҳлил-мониторинги юргизилади. Бугунги "Сайёр қабул" хулосалари шундан далолат берадики, Конигилда ҳам 2019 йилда амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифалар бисёр. Энг аввало ҳар бир оила, хонадон аҳлини бир тан-бир жон бўлиб аҳил-иноқ ҳаёт кечириш, аждодлардан мерос қолган миллий анъана ва қадриятларни тиклаш, ривожлантириш, ишсиз ёшларимизни шарқона ҳамда замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорликка йўналтириш, попопчилик (попурчилик), кулолчилик, темирчилик мастер-класс турларини йўлга қўйишда туман ҳокимлиги ҳамкор ва мададкор бўлишга тайёр.
Конигил халқи ҳам бахтли, фаровон яшашга ҳақли экан, замон билан ҳамнафас бўлиб қадам ташлаши, бошқа ҳудудлардан ибрат олиши, маҳалланинг тарихий шуҳратини амалда исботлаши лозим.

Н.КАРИМОВ


Последнее редактирование: 11/02/2019 11:16;   Просмотров: 870
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку