Бу тўғрисида Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Ички ишлар бошқармасининг Қўшма фармойиши имзоланди.
Бу тўғрисида Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Ички ишлар бошқармасининг Қўшма фармойиши имзоланди.
Ички ишлар органлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда жиноятчиликнинг олдини олиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Шунга қарамай, хотин-қизлар томонидан содир этилаётган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар сони ошиб бораётганлиги, жиноят содир этиш эҳтимоли мавжуд бўлган хотин-қизлар билан амалга оширилаётган профилактик тадбирлар самарасиз олиб борилаётганлиги, хотин-қизлар ўртасида жиноят содир этилишига сабаб бўлаётган муаммолар ўрганилиб ўз вақтида ижобий ҳал этилмасдан қолаётганлиги кузатилмоқда.
Маҳаллаларда оилаларга кирилиб яқин қариндошлар ўртасидаги ўзаро келишмовчиликлар ўрганилмаётганлиги натижасида, хотин-қизлар томонидан спиртли ичимлик таъсирида қотиллик, баданга оғир тан жароҳати етказиш, айниқса оила-турмуш доирасидаги жиноятларга барҳам берилмаётганлиги ташвишли холдир.Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг 8 ойи давомида вилоят ҳудудида хотин-қизлар томонидан 183 та жиноятлар содир этилган бўлиб, ушбу жиноятларда 198 нафар хотин-қизлар иштирок этган.
Шунингдек, ўтган 8 ой давомида 86 нафар хотин-қизлар жиноятдан жабрланганлиги ачинарли ҳолдир.
Бундан ташқари, оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш, тазйиқ ва зўравонлик содир этиш эҳтимоли мавжуд шахслар билан профилактик тадбирлар самарасиз ташкил этилаётганлиги,бу борада олиб борилаётган профилактик ишлар мақсадли ташкил этилмаганлиги сабабли кўплаб хотин-қизлар тазйиқ ва зўравонлик қурбони бўлиши кузатилмоқда.
Жорий йилнинг 8 ойи давомида 254 та ҳолатда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилган бўлиб, ушбу тазйиқ ва зўравонлик 225 та ҳолатда оилада содир этилганлиги, содир этилган ушбу тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг аксарияти олдиндан мавжуд бўлган ўзаро оилавий низолар, фойдали меҳнат билан шуғулланмаслик, шаръий никоҳсиз яшаш, спиртли ичимликка ружу қўйиш ва бошқа салбий ҳолатлар омил бўлган.
Шунингдек, жиноят содир этиш ҳамда жиноят қурбони бўлиши эҳтимоли бўлган хотин-қизларнинг рўйхатлари расмиятчилик учун шакллантирилиб, ушбу тоифадаги шахслар билан индивидуал тарзда ишлар ташкил этилмаганлиги оқибатида ушбу тоифадаги хотин-қизлар томонидан жиноят содир этилиши, жиноят қурбони бўлиб қолиш ҳолатларига йўл қўйилмоқда.
Юқоридагиларни инобатга олиб, келгусида вилоят ҳудудида яшовчи хотин-қизлар томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилиши ва нисбатан содир этилаётган тазйиқ ва зўравонликни олдини олиш, шаръий никоҳ ва эрта турмушларнинг олдини олиш шунингдек, ҳамкорликда олиб борилаётган профилактик тадбирларни самарадорлигини янада кучайтириш мақсадида 2020 йилнинг 20 сентябрь кунидан 20 октябрь кунига қадар вилоят миқёсида “Тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш ойлиги” махсус профилактик тадбирлари ўтказилиши белгиланди.
Ойлик давомида, жиноят содир этиш ва жиноят қурбони бўлиши эҳтимоли юқори бўлган, шунингдек, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг рўйхати секторлар ва маҳаллалар кесимида қайтадан шакллантирилмоқда.
Шакллантирилган рўйхатлар асосида, бу тоифа шахслар билан якка тартибда профилактик тадбирлар амалга оширилиб, аниқланган муаммоларни бартараф этишга маҳалла раиси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси (катта) инспектори масъуллиги белгиланди.
Оғир турмуш тарзида яшаётган хотин-қизларни аниқлаб, уларни қийнаётган муаммолар атрофлича ўрганиб ҳамкорликда ижобий ҳал этиш чоралари кўрилиб, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг оила аъзолари билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, келгусида мазкур хотин-қизларга нисбатан ёки улар томонидан нохуш ҳолатлар содир этилишини олдини олиш мақсадида “Ҳимоя ордери” берилиши таъминланиб, ушбу оилалар билан профилактик ишларни олиб бориш учун мураббийлар бириктирилишига алоҳида эътибор берилади.
Нилуфар Сатторова,
Самарқанд вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси,
Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, лейтенант
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.