Яқинда туман ҳокимлиги катта мажлислар залида вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Шавкат Раҳмоновнинг туманимиз ёшлари билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувни туман ҳокими Н.Мавлонов қисқача кириш сўзи билан очди.
Шундан сўнг Ш.Раҳмонов сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёшларга катта эътибор қаратилаётгани, уларга яратилаётган шарт-шароит, имкониятлар тўғрисида сўз юритар экан, айниқса, бунда Юртбошимизнинг шахсан ўзлари муҳим ташаббусларни илгари сураётганларини алоҳида таъкидлаб ўтди. Вилоятимизда ўтган вақт мобайнида содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар ҳақида маълумот бериб, ёшларни эл-юртга садоқатли, ватанпарвар, комил инсон бўлишга чақирди. Шунингдек, тадбирда ички ишлар органи фахрийси, вилоят ИИБ бошлиғи маслаҳатчиси, полковник Музроб Жабборов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тумандаги Халқ қабулхонаси мудири Илҳом Муродовлар ўзларининг ёшлик хотираларидан иштирокчиларга сўзлаб беришди. Қайд этиш лозимки, учрашувда ёшларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтариш баробарида уларни ўйлантираётган айрим муаммоли масалалар бўйича мурожаатлари ҳам тингланиб, шу жойнинг ўзида қаноатлантирилди. Тадбир сўнгида бир гуруҳ ёш тадбиркор ва фермерлар, профилактика инспектори ёрдамчилари, таълим муассасаларининг ёшлар етакчилари, спортчи ва фаол ёшларга вилоят Ички Ишлар бошқармасининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари топширилди.
Тошпўлат ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.