Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ВИЖДОН НАЗОРАТИ

Кейинги икки йилдан буён юртимизда юз бераётган улкан ўзгаришлар, мисли кўрилмаган ислоҳотлар самарадорлигини кўриб, англаб, ҳис этиб яшаётган халқимизда узоқ келажакда эмас, айнан бугун яхши яшашга интилиш кучаймоқда, юртбошимиз сиёсатини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий фаоллик, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси жўш урмоқда. Аммо ҳали ҳамон "Сен менга тегма, мен сенга тегмайман", "Давлат борку, қилсинда" деган кайфиятдан халос бўлмаган ишёқмас одамлар ҳам ўзича айшини суриб юргани рост гап. Боқимандалик, лоқайдлик, ўзибўларчилик, ваъдабозликни касб қилиб олганлар ҳам ён-атрофимизда кун кечиряпти. Таниқли шоир ва журналист Фармон Тошев "Виждон тарозиси" мақоласида ёзилганидек:

"Виждон қонуний ҳуқуққа эга эмас, бироқ атрофдаги аксарият муаммолар у ёки бу масалага дахлдор кишиларнинг виждонсизлиги туфайли содир бўляпти".
Бундай очиқ ва аччиқ фикрлар деярли ҳар кун оммавий ахборот воситаларида, турли катта-кичик йиғилишларда такрор-такрор билдирилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Ҳатто оддий фуқаро узоқ қишлоғидан туриб нафақат мамлакатимизда, балки бошқа қитъаларда рўй бераётган яхши-ёмон воқеа-ҳодисаларни кузатиб, эшитиб турибди. Ўзбекистон телевидениесининг "Оталар сўзи - ақлнинг кўзи" кўрсатувида намойиш этилган бир хонадоннинг нотинч ҳаёти Ҳамида ролини ўйнаган келиннинг жирканч хулқ-атвори, ҳаёсизлиги, ноинсофлиги, давлат, халқ, қўни-қўшни, эри ва қайнсингилисига бўлган ҳурматсизлигига бориб тақалади. Коммунал хизматдан қарзларни йиллар давомида тўламай, яна давлат органларини ёлғон-яшиқ шикоятлари, арз-додлари билан овораю сарсон қилиб юриши, охир-оқибат маҳалла фуқаролар йиғинида муҳокама қилиниб, шармандаю муттаҳам бўлганига нима дейсиз? Бундай мисолларни ҳар бир маҳаллада топишимиз мумкин.
Халқ ва давлат, фуқаро ва жамият ўртасидаги азалий мустаҳкам, умрбоқий ҳаётбахш ришталар, сиёсий, иқтисодий ва маънавий-ҳуқуқий муносабатлар илдизига болта уришга уринаётган бундай нопок кимсалар эл нафратию лаънатига гирифтор бўлиши муқаррар. Ахир Аллоҳ ҳам "Сендан ҳаракат, мендан баракат" деб уқтиради.
"Борига барака", "Берилганига шукр", "Камига қаноат", "Меҳнатнинг таги роҳат" деган тушунчаларни менсимай қолганлар вақт-соати келиб панд ейиши, пушаймон бўлиши аниқ. Табиий эҳтиёж ўрнини ўринсиз, гоҳида қонунга хилоф талаблар эгаллаётгани виждони бор одамни қийнайди, қийнаяпти. Ахир бугун образли қилиб айтганда бир пиёла сув билан эҳтиёжини қондириши мумкин бўлган киши бир пақир сув талаб этмоқда. Бошқалар эҳтиёжини оёқ ости қилмоқда. 4-сектор ҳудудига (раҳбари Ш.Аслиев) қарашли Рустам маҳалла фуқаролар йиғинида (29-умумтаълим мактаб биносида) ўтказилган навбатдаги сайёр қабул анъанага кўра туман ҳокими Ш.Жамоловнинг кириш сўзи билан бошланди.
- Маҳалла ҳудуди, айниқса, ижтимоий соҳа объектлари, яъни мактаб, боғча, йўл, БЎСМ, маҳалла марказини кўриб, очиғи афсусландим, бу ердаги раҳбар ходимлар, фаоллар, ҳожиота, ҳожионалар, қатор уй-жой, хонадон эгаларидан норозиман, - деди ҳоким.
Гап шундаки, суюкли болаларимиз умрининг муайян қисми шу табаррук даргоҳда ўтади, аммо теварак-атрофига қараб бўлмайди: турли ахлат, чиқиндилар босиб кетган. Мактаб ҳовлиси бир неча оилалар учун йўлакка айланган, ўзбошимчалик билан девордан эшик очиб, бемалол кириб-чиқмоқдалар. Спорт мактабининг 2 қавати ёрилиб, эшиклари синиб хароб кўриниш юзага келган. Ҳудудда табиий газ, электр қуввати, сув таъминоти яхши бўлса-да, қарздорлик қарийб 1 млрд сўмни ташкил этмоқда (электр қувватидан 728 млн, газдан 76,4, солиқдан 100 млн сўм) Бу аянчли ҳолатга туман мутасадди идоралар раҳбарлари қандай чидаб келмоқда?
Кўпи билан бир ҳафта ичида тезкор чора-тадбирлар белгилаб, айтилган хато-камчиликларни бартараф этиш, боғчани реконструкция қилиш бўйича янги лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш вазифаси соҳа раҳбарларига топширилди.
Дарҳақиқат, қўлимиздаги маълумотларга қараганда Рустам МФЙ ҳудудида бугунги кунда 5814 нафар аҳоли (767 та хонадон, 1530 та оила) яшамоқда. Шундан 30 ёшгача бўлганлар 2714 кишидир. Пенсионерлар 407, ногиронлиги бўлган шахслар 66, тадбиркорлик билан шуғулланаётганлар эса 72 нафар. Бошқа рақамларни ҳам келтиришимиз мумкин эди. Ҳар бир рақам ортида инсон, унинг тақдири ётади, албатта. Ҳар бирига эътибор, ғамхўрлик, меҳр-мурувват кўрсатиш - бу давлатимиз сиёсати, давримиз талаби эмасми?
Қабул куни шу маҳалланинг ўзидан 4 киши ҳокимга ўз муаммоси билан мурожаат этди. Бибиражаб Ахмедова қизининг олий ўқув юртида ўқиши учун контракт тўловидан қийналаётганини айтгач, масала жойида ижобий ҳал этилди. Саида Нурмуҳаммедова, Замира Маърупова, Рустам Баҳроновларнинг ногиронлик аравачаси, пенсия, моддий ёрдам кўрсатиш, светофор ўрнатиш, 101 - маршрутдаги автобус ҳаракати, хусусий боғча қуриш билан боғлиқ талаб - истаклари қондирилди. Шунингдек, Паст Оҳалик, Кўсаҳо, Қуйи Туркман, Мотирид, Андижоний, Наврўз, Шўрбои, ҚУйи Чордара, Оқбўрё, Обод, Сулфакабутак, Заҳлик, Ражабамин, Конигил, Жўйисой маҳаллаларидан келган фуқароларнинг муаммолари эшитилиб тезда қонуний ечим топишга йўналтирилди, айрим талаблар эса қонунга зид эканлиги тушунтириб берилди.
Сайёр қабул жараёнида Халқ қабулхонаси, суд-ҳуқуқ идоралари, 4 та сектор раҳбарлари, солиқ, коммунал хизмат, "Маҳалла", "Нуроний" жамғармалари туман бўлимлари, Халқ таълими ва тиббиёт тизими, маданият, ДСЭНМ, ЭТК, тумангаз, сув таъминоти, МИБ, ИИБ ва бошқа ташкилотлар вакиллари қатнашдилар. Шу кун рўйхат ва назоратга олинган мурожаатлар ижросига киришдилар.

Н.КАРИМОВ


Последнее редактирование: 14/12/2018 15:10;   Просмотров: 943
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку