Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ВАЗИФАЛАР ИЖРОСИ МАСЪУЛИЯТ ЮКЛАМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлда ўтказган "Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқболдаги вазифалари тўғрисида"ги видеоселектор йиғилишида "Миллий тикланиш" демократик партияси томонидан жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш тартибини танқидий кўриб чиқиш ва такомиллаштириш бўйича бир қатор топшириқлар берилган эди.

Булар миллий мерос ва қадриятларни тиклаш, уларни янада бойитиш, туризм соҳасини ривожлантириш борасидаги муаммолар, имкониятлар, яратилган имкониятларни ўрганиш, мавжуд ҳолатни яхшилаш юзасидан амалий чоралар кўриш, бу соҳада кадрлар тайёрлаш, ўқув дастурларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолияти устидан назорат ўрнатиш, тарихий обидаларни тиклаш ва таъмирлаш, буюк аждодларимизнинг қадамжоларини обод этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, миллий тарихимизни тиклаш бўйича таълим муассасаларида олиб борилаётган ишларни тизимли ўрганиш ҳамда ўқув дастурларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлашдан иборат эди.
Маърузада белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, депутатлар аэропорт, вокзал, меҳмонхона ва божхона постларида туристлар учун мавжуд шароитларни яхшилаш, ўқув юртларига бориб туризм бўйича мутахассислар тайёрлаш, ўқув дарсликлари ҳолатини ўрганиш ишлари бошлаб юборилди.
Хусусан, ЎзМТДП ҳудудий ташкилотлари жойлардаги маданий объектлар, муқаддас зиёратгоҳлар, табиат қўриқхоналари, туризм объектларидаги муаммоларни аниқлаш, бартараф этиш, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти қошида сайёҳларга хизмат кўрсатувчи ходимлар тайёрлаш, туризм инфратузилмасини такомиллаштириб, Оҳалик, Миронқул каби қишлоқларда экотуризм, спорт учун мақбул шарт-шароитлар яратиш босқичма-босқич амалга оширилади.
Эътироф этиш лозимки, Юртбошимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида", Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 августда ўтказилган мажлисининг 137-сонли мажлис баёни (08/1-1091-рақам билан рўйхатга олинган) "Моддий маданий мерос объектларини амалдаги ҳолатини комплекс танқидий ўрганиш бўйича инвентаризация комиссияларининг таркибини шакллантириш" ва "Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик кодекси нормаларининг ижроси тўғрисида" мустақиллик йилларида миллий ва маънавий қадриятларимизни ўрганиш ва тарғиб этиш, маданий ёдгорликлар, муқаддас қадамжоларни асраб-авайлаш, уларни асл қиёфасига мос тарзда, белгиланган меъёрий талаблар асосида қайта таъмирлаш борасида кенг кўламли эзгу ишлар олиб борилди.
ЎзМТДП туман Кенгаши ҳам ўзига тегишли масалаларни амалга ошириш мақсадида Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш Бош бошқармасининг Самарқанд ва Жиззах вилоятлари бўйича минтақалараро Давлат инспекцияси (бошлиғи Майсара Набераева)га учрашди. Зеро туманимизда мавжуд бўлган 140 та маданий мерос объектининг туманда ташкил этилган комиссия таркиби томонидан объектларни инвентаризация қилиш жараёнида объектнинг номи, вужудга келиш вақти, тўлиқ манзили, ҳуқуқий ҳужжатлари, эгаси ёхуд фойдаланувчининг кимлиги, объектнинг техник ҳолати, фотосурати, тарихий маълумоти, кадастр ҳужжатлари бирма-бир ҳисобга олинади.
Демак, туманимизда 102 та археология маданий мерос объектлари, 34 та архитектура маданий мерос объектлари, 4 та диққатга сазовор зиёратгоҳлар мавжуд бўлиб, маданий мерос объектларини амалдаги ҳолатини комплекс танқидий ўрганиш, натижаларини умумлаштириш, таҳлил қилиш, аниқланган маданий мерос объектларини лойиҳалаш, консервациялаш, реставрация-тиклаш бўйича манзилли дастурга таклифлар киритиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидандир
Туризм соҳасидаги эзгу ишларни йўлга қўйиш, маданий мерос объектларининг умрбоқийлигини таъминлаш, бу ҳудудларда палапартиш қурилишларга йўл қўймаслик, ёш авлод онгу тафаккурини бойитиш, маънавиятни юксалтириш, улуғ аждодларимиз меросига ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялашда осори атиқаларимизга дунё ҳалқлари ҳам жалб этилмоқда.
Биз ҳар йили Наврўз байрами арафасида Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Марказий Кенгашининг лойиҳаси асосида туманимиз партия бўғини томонидан "Тарихдан садо берувчи обод гўшалар!" шиори остида ёшлар ҳашарини 2009 йилдан буён Хўжа Абду Берун, Хўжа Аҳрор Вали масжидлари қошида ўтказмоқдамиз. Бундай ҳашарларни керак бўлса, эндиликда ҳар бир маданий мерос объекти ҳудудида ташкил этиш давр тақозосидир.

Раҳимжон НАИМОВ,
ЎзМТДП туман Кенгаши раиси


Дата добавления: 24/11/2017 11:36;   Просмотров: 1213
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку